Жеймс Жеффри: Эрдоғаннинг ўзи ҳар куни бунга изн беради
АҚШ ҳукумати ИШИДга қарши кураш баҳонасида “Сурия демократик кучлари”га шу кунгача 4900та юк машинасида қурол-аслаҳа ва бир қанча ҳарбий самолётлар етказиб берганлиги айтилмоқда. Туркия ҳукумати АҚШнинг бу ҳаракатига расман қаршилигини эълон қилиб келади. Айниқса АҚШнинг “Сурия демократик кучлари” билан ҳамкорликда “чегаралар хавфсизлиги кучлари”ни тузиш ҳақидаги сўнгги ҳаракати Турк расмийларининг кескин баёнотлар билан чиқишига сабаб бўлди.
Бироқ АҚШнинг Туркия бўйича собиқ элчиси Жеймс Жеффри “Сурия демократик кучлари”ни қўллаб-қувватлаётган АҚШнинг самолётлари Туркиядаги ҳарбий базалардан учишига Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг ўзи изн бераётганлигини маълум қилди. Собиқ элчи бу ҳақида АҚШдаги тушунча ташкилотининг ташқи алоқалар бўйича кенгаш марказида Туркия-Америка муносабатлари ҳамда Туркиядаги ички ўзгаришлар билан боғлиқ ҳозирги муаммоларга бағишланган йиғилишда айтиб ўтди.
“Америка ИШИДга қарши курашда ПККга (террорчи курд ишчилар партиясига) боғлиқ гуруҳни қўллаб-қувватламоқда. Туркия ҳар куни бунга қаршилигини билдиряпти. Лекин бу гуруҳни қўллаб-қувватлаб келаётган самолётлар Туркиядаги ҳарбий базалардан учаяпти, Эрдоғаннинг ўзи ҳар куни бунга рухсат бермоқда”, деди собиқ элчи.
Шунингдек, Жеймс Жеффри Туркияда демократия соҳасида юзага келган муаммоларга қарамай, ҳозирги қийин даврда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро иттифоқ буюк аҳамият касб этишини таъкидлади. Жеффрига кўра, Туркиянинг географик жойлашуви ва ҳарбий салоҳиятини эътибордан четда қолдириш мумкин эмас.
“Дунё тушиб қолган бундай ҳолатда иттифоқчиларга ўта муҳтожмиз. Украинадан Жанубий Хитой денгизигача, Шимолий Кореядан Суриягача, дунёнинг аҳволига бир қаранг; унинг жуда ночор геостратегик вазиятга тушиб қолганини кўрасиз. Бу ҳолдан қутилиш учун Туркия кўп жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга”. “Мамлакатда кўплаб муаммоларга қарамасдан, бошқа давлатларга нисбатан Туркия барқарор ўлкадир. Туркиянинг географик жойлашуви ва ҳарбий салоҳиятига қараганимизда, Яқин Шарқ ва Қора денгизда ундан айри ҳолда фаолият юритиш асло мумкин эмас”, деди Жеффри.