Истанбулда ўзбек ва чечен оилалар қамоққа олинди
Истанбулнинг Башакшаҳар ва Каяшаҳар туманларида ўзбек ва чечен оилалари учун бир қатор ҳибсга олиш амаиётлари амалга оширилди. Ижтимоий ахборот воситаларининг ҳисоботларига кўра, бироз аввал ўтказилган амалиёт пайтида 35 ўзбек ва 40 чечен оиласи ҳибсга олинган.
Ижтимоий тармоқларда тарқаган энг сўнгги хабарда эса, Шарқий Туркистонлик бир оиланинг бошига келган воқеалар ҳақида маълум қилинди. Вақтинчалик яшаш ҳуқуқини олиш учун Фатиҳ туманида жойлашган иммиграция идорасига мурожаат қилган Шарқий Туркистонлик оиланинг бошлиғи ҳибсга олинган. Аёли эса қучоғидаги боласи билан кўчада қолиб кетган. Уларга ёрдам берган Муҳаммад Кара исмли ҳуқуқ ҳимоячиси муҳожирларни ҳеч ким ҳимоя қилмаётганлигини, ҳатто адвокат ҳам берилмаётганлигини билдирди.
Муҳаммад Каранинг маълум қилишича, яқинда асосан ўзбек ва чечен оилалардан иборат 70-80 нафар оилаларга нисбатан ҳам шундай муомала қилинган. Баъзи оилалар вақтинчалик яшаш ҳуқуқига эга бўлишига қарамай, депортация марказига олиб кетилмоқда. Ҳатто баъзи муҳожирларнинг болалари ўз ота-оналаридан ажратилиб етимхоналарга берилмоқда. Истанбулда муҳожир оилалар бошларига келиши мумкин бўлган ҳодисалардан хавотирда. Бошпана излаб келган мамлакатдан депорт қилингандан сўнг ўзларининг ва ватанларидаги қариндошларининг бошларига келадиган мусибатлар уларни ташвишга солмоқда.