Эрон парламенти аксилҳукумат намойишларни ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилди
Эрон парламенти 7 январь куни ёпиқ эшиклар ортида махсус сессия ўтказиб, аксилҳукумат намойишларини муҳокама қилди. Ислоҳотчилар фракцияси томонидан чақирилган ёпиқ мажлисда тартибсизликларнинг сабаблари кўриб чиқилди.
ISNA ахборот агентлигининг маълум қилишича, сессияда ички ишлар вазири, Эрон разведка бошқармаси раҳбари ва Хавфсизлик кенгаши бошлиғи иштирок этиши шарт эди.
Кун тартибига, ислоҳатчи депутатларнинг илтимосига кўра, намойишларни бостириш натижасида қамоққа ташланган шахсларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масаласи ҳам киритилди.
Расмийлар беш кундан бери ҳукуматпарастларнинг митингини ўтказмоқда, бу намойишлар 2018 йилнинг 7 январ куни давлатга тегишли ОАВ томонидан кенг ёритилди.
Давлат ОАВ аксилҳукумат намойишларини ёритишни тўхтатган, Ислом Инқилоби қўриқчилари корпуси эса руҳонийлар режимига қарши намойишлар тугагани борасида баёнот беришига қарамай, 6 январ куни Эроннинг камида 9 та шаҳрида, жумладан Теҳронда норозилик намойишлари бўлиб ўтгани ҳақида маълумотлар тарқатилди. Ижтимоий тармоқларда полиция ходимлари иштирок этган бўлишига қарамай ўтказилган йиғилишлар намойиш этилди.
“Радио Фарда” Эрондаги ўз манбаларидан Такестан, Арак, Масжиди Сулаймон, Машҳад, Казвин, Рашт, Лахижан ва Эрон Ислом Республикасининг асосчиси бўлмиш аятолло Рухолло Ҳомейнининг юрти бўлмиш Ҳомейнда руҳонийлар ҳукуматига қарши тунги намойишлар ўтгани ҳақида ишончли манбалар хабар берганини маълум қилди.
Эронда юз берган бир ҳафталик норозилик намойишлари вақтида 22 киши ҳалок бўлди ва 1700 дан ортиқ киши ҳибсга олинди.