Россия Суриядаги кимёвий ҳужумларни текширишга яна вето қўйди
Россиянинг қўйган ветоси натижасида кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилотининг экспертлари жума кундан бошлаб Суриядаги кимёвий қуроллардан фойдаланиш билан боғлиқ ҳодисаларни ўрганиш масаласида фаолиятларини тўхтатишади.
Россия экспертларнинг яқинда эълон қилган хулосаларига ўз эътирозини билдирган эди. Хулосада шу йилнинг 4 апрел куни мамлакат шимолидаги Хон-Шейхун қишлоғи атрофида зарин асаб-толиқтирувчи газини ишлатишда Сурия армиясига айб қўйилган эди. Ҳужум оқибатида 90дан ортиқ тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган. Комиссия хулоса чиқаришда гувоҳларнинг сўзларига, фото ва видеоматерилларга, тупроқ намунлари таҳлилларига таянди. Хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳодиса жойида текширув ишлари олиб борилмади, айни шу холат Москванинг танқидларига сабаб бўлди.
Москванинг бу ҳатти-ҳаракатлари Вашингтон ва унинг иттифоқчилари томонидан норозилик билан кутиб олинди. АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Хейлининг айтишича, Россия амалда Сурияда заҳарли маҳсулотларнинг ишлатилишига оқ йўл тиламоқда, бу ўз навбатида ҳарбий жиноят ҳисобланади.
“Навбатдаги кимёвий қуролларнинг ишлатилиши билан боғлиқ ҳодиса юз берса бу сизнинг виждонингизга ҳавола”,- дея баёнот берди Хейли Россия делегациясига қилган мурожаатида.
Россия ўнинчи бор Хавфсизлик Кенгашининг Суриядаги инқирозга бағишланган резолюциясига вето қўймоқда.