Атамбаев: Бу алаҳлаш ва Қозоғистон раҳбарияти хархашаси
Қирғизистон Республикасини барқарор ривожлантириш бўйича Миллий кенгаш мажлисида президент Алмазбек Атамбаев ЕОИИдаги аҳволни ҳамда қирғиз-қозоқ чегарасидаги ҳолатни кескин танқид қилди. Бу ҳақида “Sputnik” нашри хабар қилди.
Атамбаевнинг сўзларига кўра, бизнесни ривожлантириш учун йирик бозор керак ва Қирғизистон ЕОИИга “катта умидлар” билан қадам қўйган. Атамбаев бу қарор тўғрилигини таъкидлаган ҳолда, мамлакат ушбу уюшма таркибида қолиши керак, деди.
“Мен ҳар куни Россия ва Қозоғистон ОАВларини ўқиб бораман, уларнинг ёзишича, Атамбаев ЕОИИни қулатиш ниятида эмиш. Бу ғирт сафсата. Қирғизистоннинг иттифоқдан чиқиш нияти бўлмаган ва чиқмайди ҳам”,- деди Атамбаев.
Қирғизистон раҳбари, аслида республика мана бир ойдан зиёд вақт бўлибдики, Евроосиё иқтисодий иттифоқидан ажралиб қолганини маълум қилди.
“Буларнинг ҳаммаси Қозоғистон раҳбарияти хархашалари туфайли. Хўш, қайси биримиз иттифоққа барҳам бермоқчи эканмиз? Буни фақат ўта кетган аҳмоқлар кўрмайди, ва кўришни истамаётганлар буюртма мақолаларни ёзиш билан банд. Қонунни ҳурмат қилиш ва ички ишларга аралашмаслик талабини қўйгани учун Қирғизистонни қамалда қолдиришди. Агар ҳаммаси келишувларга эмас, айрим президентларнинг хархашасига боғлиқ экан, ЕОИИ юқори маданиятли иқтисодий блокка айлана олармикин? Иттифоққа аъзо мамлакатлар раҳбарларининг буткул бефарқлиги мени ҳайратга солмоқда. Евроосиё иқтисодий комиссияси раҳбари Тигран Саргсян ҳозир бу муаммо ҳақида бонг уриши керак эмасмиди? Улар ҳаммасига тупурган”,- деб таъкидлади Атамбаев.
Атамбаевнинг фикрича, Қозоғистон раҳбариятининг ҳаракатлари ва Евроосиё иқтисодий иттифоқининг ҳаракатсизлиги иттифоқ шаънига катта доғ туширмоқда.
“Қоғозларда бори амал қилмайдиган, ҳаммаси аллақандай подшоҳчанинг хархашаларига боғлиқ жойга ким ҳам аъзо бўлишни истарди?”, – деб савол берган Атамбаев.
Атамбаев шунингдек, 2014 йил “бошқа бир президентнинг хархашаси туфайли бизни газдан маҳрум қилишганди”,- дея эслатиб ўтди.
“Ўшанда кўпчилик қариб қолган диктаторга таъзимга боришни таклиф этган эди… Ўз вақтида эса Аскар Акаевнинг боши Ельцин учун энг яхши барабан вазифасини ўтаган”,- деди президент.
“Агар ўзимизни ҳурмат қилмасак, ким бизни ҳурмат қилади? Ҳозир ҳам кечирим сўраш кераклиги, етти букилиб таъзим қилиш лозимлиги ҳақида қичқиришмоқда… Бу гаплар мамлакатимизни қадрламайдиган “сиёсий ахлат”нинг оғзидан чиқяпти. Мен нима учун кечирим сўрашим керак? Қирғизистоннинг қонунларини ҳурмат қилишни, унинг ички ишларига аралашмасликни талаб қилганим учунми? Кечиримни Атамбаев эмас, балки сурбетларча бошқа мамлакатнинг ишларига аралашиб, ўзининг “гумаштасини” бизга тиқиштирмоқчи бўлган сўрасин. Унинг гумаштаси ўтиради, лекин президентлик курсисига эмас, қамоққа ўтиради”,- деди Атамбаев.
Туркистон:
Атамбаев президентликдан кетиши билан катта сиёсатда қолмоқчи. Унинг орзусига кўра, етакчи гуруҳни ўз таъсири остида ушлаб қолиш билан хокимиятни аввал зимдан, кейинроқ бош вазир лавозимини эгаллаш орқали бевосита бошқармоқчи. Қозоғистон президентининг Қирғизистонга қарши олиб бораётган сиёсати, айнан ўша Атамбаевнинг орзуларини пучга чиқаришга қаратилган.