Аҳмад Шаҳид: Ўзбекистонда дин ва эътиқод, виждон эркинлиги ҳаддан ортиқ тартибга солинади

845
1

Аҳмад Шаҳид: Ўзбекистонда дин ва эътиқод, виждон эркинлиги ҳаддан ортиқ тартибга солинади

 БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид Ўзбекистон ҳукумати таклифига биноан мамлакатга ташриф буюрди. У республикада дин ва эътиқод эркинлиги билан боғлиқ ҳолатни ўрганди.

 Унинг маълум қилишича, 2018 йил мартида ўз ўрганишларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистондаги дин ва эътиқод эркинлиги билан боғлиқ вазиятга доир маъруза ва таклифларидан иборат ҳисоботини эълон қилади.

 Аҳмад Шаҳид ташрифи якунланиши муносабати билан International Hotel Tashkent меҳмонхонасида матбуот анжумани ўтказди.

 Махсус маърузачининг алоҳида уқдиришича, “Ўзбекистон гарчи дунёвий давлат эканини таъкидласа-да, мамлакатда виждон, фикр, эътиқод ва дин эркинлиги ҳаддан ортиқ тартибга солинади. Диний ташкилотлар давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритса, ноқонуний ҳисобланади. Ҳукумат ҳар қандай диний ҳаракатларга нисбатан ҳушёр туришга мойилдир”.

 Унинг сўзларига кўра, мамлакат Конституциясида дин ва эътиқод, виждон эркинлиги кафолатланган бўлса ҳам, амалда бирмунча чекловларга дуч келинмоқда. “Фуқаролар дин ҳақида фикрларини изҳор қилишда ёки эътиқодидан келиб чиқувчи диний амалларини эркин бажаришда айрим чекловларга учрамоқда. Баъзан бу борада ўзини-ўзи цензура қилиш ҳолатлари кўзга ташланади”, – деди Аҳмад Шаҳид матбуот анжуманида.

 БМТ махсус маърузасичи Ўзбекистонда диний саводхонликни ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар, президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” ташаббусини юқори баҳолади. У сўнгги бир неча ойда 16 минг атрофидаги диний айбловлар асосида айбланган фуқаролар махсус рўйхатдан ўчирилганини олқишлади.

 Ташрифи давомида Тошкент, Фарғона, Бухоро вилоятларига борган Аҳмад Шаҳид Қорақалпоғистон Республикасида ҳам бўлиб, у ерда “Жаслиқ” қамоқхонасини бориб кўрди. Бундан ташқари, Ўзбекистондаги этник ва диний жамоалар вакиллари, фуқаролик жамияти ташкилотлари, ННТ вакиллари билан ҳам учрашиб, мулоқотлар ўтказган.

1 COMMENT

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here