Кўрфаз давлатлари ўртасида дипломатик инқироз юзага келди

629
0

Кўрфаз давлатлари ўртасида дипломатик инқироз юзага келди

Саудия Арабистони, Баҳрайн, Миср ва Бирлашган Араб Амирликлари давлат хавфсизлигини таъминлаш сабабига кўра Қатар билан барча дипломатик алоқаларни узганлигини эълон қилди. Бу тўрт давлат Қатар учун ҳаво, денгиз ва қуруқлик соҳаларини ёпиб қўйди ва Қатар дипломатларидан 48 соат ичида мамлакатни тарк этишларини талаб қилишди. Қатарликлар фақат Ҳаж ва Умра ибодатлари учун Саудия Арабистонига сафар қилишлари мумкин. Бу ҳам учинчи мамлакатлар орқали амалга оширилади. Бир оз вақтдан сўнг бу тўрт давлатнинг сафига Яман ҳам қўшилди. Қатар Яманда Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Хусийларга қарши тузилган халқаро коалициядан ҳам чиқариб ташланди.

Мазкур тўрт давлат Қатарни террорчи гуруҳларни қўллаб-қувватлашда айбламоқда. Улардан бири Саудия Арабистони ўзининг баёнотида бу ҳаракат қиролликни терроризм ва экстремизмдан ҳимоя қилиш учун зарур қадам бўлганлигини қайд этди. “Биз барча биродар ўлкаларни шундай қилишга чақирамиз”, дейилади Саудиядан берилган баёнотда.

Баҳрайн ташқи ишлар вазирлиги ҳам мамлакат хавфсизлиги учун Қатар билан барча дипломатик алоқаларни узиб қўйганлигини эълон қилди. Баҳрайнда истиқомат қилаётган ёки саёҳат мақсадида келган Қатар фуқароларидан 14 кун ичида мамлакатни тарк қилишларини талаб қилинди.

Қатар Ташқи ишлар вазирлиги тарафидан берилган ёзма баёнотда юқорида айтиб ўтилган давлатларнинг Қатар билан дипломатик муносабатларни узганлиги афсус билан қарши олинганлиги билдирилди. Баёнотга кўра, бу қарорлар асоссиз, ҳақиқатга зид даъволарга таянилган ҳолда қабул қилинган. Ал Жазира телевиденияга интервью берган Қатар Ташқи ишлар вазири “Биз бу адолатсиз қарордан ғамгин бўлдик”, деди.

Шунингдек баёнотда Қатар давлати Кўрфаз ҳамкорлик кенгашининг фаол аъзоси бўлиб келганлиги, Кўрфаз ҳамкорлик кенгаши тарафидан қабул қилинган қарорлар ва битимларга риоя қилганлиги, бошқа мамлакатларнинг суверенитетини ҳурмат қилганлиги, бошқа мамлакатларнинг ички ишларига аралашмаганлиги, ўзининг миссияси сифатида терроризм ва экстремизмга қарши курашиб келганлиги таъкидланди.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here