Каъба имоми жума хутбасида Трампнинг ташрифи ҳақида маъруза қилди
АҚШ президенти Доналд Трамп биринчи хорижий расмий сафарини Саудия Арабистонидан бошлади. Ундан сўнгра Исроил ва Фаластинга бориб, Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу ва Фаластин президенти Маҳмуд Аббос билан учрашади. Трамп ўзининг твиттер саҳифасида қайд этишича, у фақат Америка халқининг манфаатларини ҳимоя қилиш учунгина сафарга чиққан.
Трампнинг хотини Мелание Трамп, қизи Иванка Трамп ва куёви Жаред Кушнер сафарда АҚШ президентига ҳамроҳлик қилмоқда. АҚШ матбуотининг хабарига кўра, Ортодокс яҳудийларидан бўлган Трампнинг куёви Кушнер ва қизи Иванка сафарга чиқишдан олдин бир раввиндан (яҳудийлар руҳонийсидан) рухсат сўраган. Номи ошкор қилинишини истамаган Оқ Уй расмийси Трампнинг қизи ва куёви сафардан аввал яҳудий раввиндан изн сўраганлигини тасдиқлади.
Саудия Арабистонида эса, машҳур воизлардан бири Каъбанинг Имоми Шайх Солиҳ ибн Ҳамди Жума намози хутбасида Трампнинг ташрифи ҳақида маъруза қилди. Бу ҳақида “Осиё овози” интернет сайти хабар тарқатди. Хабарга кўра, Шайх Солиҳ ибн Ҳамди маърузасида пойтахт Ар-Риёдда ташкил қилинадиган олий даражадаги “муборак” саммитда Мусулмонлар раҳбарлари ва АҚШ Президенти Доналд Трамп иштирок этишини эълон қилган.
Ислом ўлкаларидан келган 50 нафар чамаси раҳбарлар иштирок этадиган Саудия Арабистонидаги саммитда Президент Трампнинг Ислом дини ҳақида нутқ сўзлаши кутилмоқда. Собиқ президент Барак Обама ўзиниг Мисрга қилган сафарида Ислом Дини ҳақида сўз юритиб, терроризмни лаънатлаган эди.