Назарбоев: Мирзиёев барча тўсиқларни олиб ташлади
“Би-би-си” ўзбек хизматининг хабарига кўра, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти савдо соҳасидаги барча имкониятларни очгани ва тўсиқларни олиб ташлаганини айтган.
Қозоғистон раҳбари бу ҳақда Шавкат Мирзиёев билан Остонада ўтган музокаралар ортидан гапирган.
“Тengrinews” агентлигининг иқтибос келтиришича, сўнгги ойларда икки давлат муносабатлари буткул ўзгарган.
“Охирги вақтларда муносабатларимиз бутунлай бошқача ривожланиш йўлига ўтди. Фақатгина охирги беш ойнинг ўзида ёки ўтган йилнинг сўнгги чорагида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ошди. Тўртта янги савдо уйлари очилди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан дон 30, Ўзбекистондан мева-сабзавот 25 фоизга ошди. Бу Ўзбекистон савдонинг барча имкониятларини очгани ва тўсиқларни олиб ташлаганининг натижаси”,- деб айтган Қозоғистон раҳбари.
У икки давлат ўртасида ҳозирда биронта ҳам ечилмаган муаммо йўқлигини таъкидлаган.
Назарбоев Мирзиёевни “интиқиб кутганликлари”ни ва икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда шахсан унинг ўзига суянишларини айтган.
“Келажак, иқтисодий тараққиёт, маданий-инсонпарварлик соҳаларида биз Ўзбекистоннинг ҳамкорлигига умид қиламиз, бу борада шахсан сизга суянамиз”, – деб айтган Қозоғистон раҳбари.
Назарбоев сув заҳиралари минтақа халқларининг умумий мулки экани ва қўшниларнинг хавотирларини тушунишларини айтган.
Унга кўра, Қозоғистон ва Ўзбекистон дарёларнинг қуйи оқимидаги қўшнилар манфаатлари инобатга олинган ечим йўлида ҳамкорликка тайёр.
Президент Мирзиёев ҳам музокаралар чоғида янги гидроиншоот лойиҳалари муҳокама қилингани ва сув масаласи конструктив ёндашув ва муроса йўлида ечилиши кералигини таъкидлаган.
Ўзбекистон раҳбари БМТнинг Амударё ва Сирдарё заҳираларидан оқилона фойдаланиш борасида халқаро конвенция имзолаш ташаббусини қўллаб-қувватлаган.
Назарбоев ва Мирзиёев икки томонлама алоқалар ва минтақавий ҳамкорликка доир қатор битимларни имзолашган.
Президент Мирзиёев Остонага 300га яқин ҳукумат мулозимлари билан сафар қилган.
У ўзнинг Қозоғистонга илк ташрифини “тарихий” деб атаган.
“Биз ҳар доим Қозоғистонни энг яқин, ишончли қўшни сифатида кўрамиз. Бу бизнинг энг биринчи ташрифларимиздан бири экани, бугун Остонада эканлигимиз кўп нарсадан далолат беради”, – деб айтган Ўзбекистон раҳбари.