Саккиз юздан ортиқ америкалик Саудия Арабистони устидан даъво аризасини берди

0
522

Саккиз юздан ортиқ америкалик Саудия Арабистони устидан даъво аризасини берди

“Sputnik” сайтининг хабарига кўра, 2001 йил 11 сентябр терактларида қурбон бўлган бир гуруҳ инсонларнинг қариндошлари Саудия Арабистонига қарши даъво аризасини бердилар. Улар саудиячиларни “Ал-Қоида” террорчилик гуруҳини молиялаштиришда ва қўллаб-қувватлашда айбламоқда.

800 киши номидан берилган 135 бетлик аризада терактлар натижасида қурбон бўлган ва жабрланган инсонларнинг ва уларнинг қариндошларининг исм-шарифлари санаб ўтилган. Даъво аризаси душанба куни Манхэттендаги федерал судига берилган. Даъвогарлар қироллик ҳукуматидан етказилган зарар учун молиявий компенсация талаб қилишмоқда. Моддий товон миқдори ҳозирча маълум қилинмаяпти.

“Саудия Арабистони икки юзламачилик қилди. АҚШ олдида ва Ғарбнинг бошқа давлатлари қаршисида у “Ал-Қоида” ва террорчиликка қарши курашаётган давлатдек кўрсатди ўзини. Аммо шу билан бирга, ушбу ҳужжатда келтирилганидек, Саудия Арабистони ҳукумати номидан иш олиб борувчи шахслар “Ал-Қоида”га каттагина ёрдам бериб келишган”,- дейилади даъво аризаси матнида. Шунингдек, Саудия Арабистони кўмагисиз, террорчилар 11 сентябрда юз берган терактларни амалга ошираолмаган бўлишлари қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, президент Барак Обаманинг таъқиқига қарамай АҚШ Конгресси 2001 йил 11 сентябр терактларида қурбон бўлганларнинг оилаларига Саудия Арабистони устидан даво қилиш ҳуқуқини берувчи қонунни қабул қилгач, АҚШ пойтахтида яшовчи Стефани Росс Десимон томонидан ёзилган даъво энг биринчиси бўлди. Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлигининг фикрича, АҚШ томонидан қабул қилинган қонун юз йиллар давомида халқаро муносабатларнинг асосини ташкил қилган суверен давлат тамойилларига жиддий путур етказмоқда.

NO COMMENTS