Саудия: Бу тарихий бурилиш нуқтасидир
Саудия Арабистонининг иккинчи валиаҳди Муҳаммад ибн Салмон Вашингтонда АҚШ президенти Доналд Трамп билан учрашди. Ал-арабийя ахборот агентлигининг хабарига кўра, учрашув чоғида Саудияда иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш, нефтнинг нархлари ва Яқин Шарқ инқирози каби муҳим масалалар муҳокама қилинган.
Bloomberg ахборот агентлигига интервью берган Валиаҳд шахзоданинг маслаҳатчиси бу учрашувни икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар жиҳатидан “тарихий бурилиш нуқтаси” дея баҳолади. Валиаҳд маслаҳатчисига кўра, икки раҳбар ўртасидаги музокаралар ғоятда муваффақиятли ўтган.
“Биз бугунги учрашувда масалаларни янгидан йўлга қўйдик. Сиёсий, ҳарбий, хавфсизлик ва иқтисодий соҳаларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда катта ўзгариш ясадик”, деди маслаҳатчи.
Маслаҳатчининг қайд этишича, шаҳзода Муҳаммад аксар аҳолиси мусулмонлардан иборат олти мамлакат фуқароларини АҚШга киришини тақиқлаш масаласини ҳам муҳокама қилган. Шаҳзода бу қарорни мусулмон давлатларга ёки Исломга қарши ташланган қадам сифатида кўрмаслигини, балки террористларни мамлакатга киришдан тўсиш учун қабул қилинган қарор сифатида баҳолашини билдирган.
Маслаҳатчисига кўра, шаҳзода Муҳаммад бин Салмон АҚШ президенти билан учрашанидан сўнг Трампнинг Исломга нисбатан оммавий ахборот воситалари тасвирлаганидек эмаслигига ишонч ҳосил қилган. Шахзода унинг Исломга нисбатан ижобий баёнотлари ва илиқ муносабатидан мамнун бўлган.
Шунингдек Ибн Салмоннинг маслаҳатчиси ҳар икки тараф Эроннинг минтақада хавф туғдираётганлиги борасида бир хил фикрда эканлигини маълум қилди. Маслаҳатчининг таъкидлашича, Саудия шахзодаси учрашувда ядровий битим жуда хавфли эканлигига тўхталган. Обама маъмурияти Саудия Арабистонининг минтақадаги рақиби ҳисобланган Эрон билан ядровий шартнома тузганлиги боис Саудия АҚШдан бироз аразлаб қолгандек бўлган эди. Эндиликда Риёз ҳукумати Эронга қарши чиқишлари билан кўзга ташланаётган Трамга умид кўзи билан боқмоқда.