Ўзбекистон ва Қирғизистон барча соҳаларда ҳамкорликни ривожлантирмоқчи

481
0

Ўзбекистон ва Қирғизистон барча соҳаларда ҳамкорликни ривожлантирмоқчи

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, 13-14 март кунлари Тошкентда Ўзбекистон-Қирғизистон вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги раунди бўлиб ўтди.

Қирғизистон делегациясига давлат ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Динара Камолова бошчилик қилди.

Учрашувда икки томон учун ҳам долзарб бўлган сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникацион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги долзарб масалалар ҳамда халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Қайд этилганидек, 24 декабр куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги учрашув, сўнгра Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош вилоятлари раҳбарлари ва жамоатчилик вакиллари иштирокидаги икки томон ҳукумат делегацияларининг ўзаро ташрифлари, манфаатдор бизнес доиралар ўртасидаги алоқалар, давлатлараро чегараларни ҳуқуқий расмийлаштириш борасида давом этаётган музокаралар серқирра Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларининг янги динамикасини намоён этади.

Ўзаро манфаатли бўлган барча соҳаларда алоқаларни ривожлантириш, жумладан Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтиришдан томонлар манфаатдор эканлиги эътироф этилди.

Маслаҳатлашувлар доирасида консуллик масалалари ва ахборот соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича гуруҳларнинг учрашувлари ҳам ўтказилди.

Туркистон:

Бу комиссия 2016 йилнинг иккинчи яримида ҳам иш олиб борган эди. Ўшанда ҳам чегарани очиб юбориш масаласи энг аввалги ўринга қўйилган эди. Лекин йилнинг охирига бориб, ҳамкорликда ишлаб чиқилган деярли барча лоиҳалар тўхтаб қолди.

Ўзбекистон бу лоиҳани амалга оширишда ҳал қилувчи ва етакчи ўринни эгаллайди. Ўтган йилги ҳамкорлик шартномаларини ҳам Ўзбек томони бир томонлама номаълум муддатга ортга суриб юборди. Ҳатто, Қирғизистонга келаётган Ўзбек тадбиркорлари чегарадан ортга қайтариб юборилиб, уларнинг ўринига комиссия сифатида санъаткорлар олиб кирилди. Ўзини ҳурмат қилган давлат бу ҳақорат ва менсимаслик учун тегишли жавоб қайтарган бўлар эди. Лекин Қирғиз ҳукумати буни англай олмади. Ўзбек санаткорларининг қўшиқларига ўйинга тушиб беришди.

Ўзбекистон режимининг етакчи гуруҳи ўртасида ички уйғунлик йўқолди. Яъни, Каримов томонидан ҳаддан ташқари кенг имкониятлар берилган хавфсизлик тизими билан, ҳозирги президент командаси ўртасида жарлик пайдо бўлиб, тоборо кенгайиб боряпти. Президент Шавкат Мирзияев гуруҳи иқтисодий реформа ясаш ташаббуси орқали тадбиркорларни эски режим таъсири остидан чиқариб, янгича ишлаш принципи асосида ўз назорати остига олмоқчи бўляпти. Лекин Каримовнинг  режими узоқ йиллар мобайнида мамлакатни хавфсизлик тизими воситасида бошқариб келди. Бу эса, хавфсизлик тизимини, мамлакатни сиёсий босим остида ушлаб туриш машинасига айлантириб қўйди. Каримов ўлди, лекин хавфсизлик ҳарбий машинаси ҳамон ишлаб турибди. Мирзияев эса, бу машинани рўлига ўтира олмаслигини англаб етиб, машина механизмини ўзгартирмоқчи ва ўзига итоат қиладиган янги механизм пайдо қилмоқчи бўляпти. Бу бўлиниш режимни инқирозга олиб боради, инша Аллоҳ.

Қирғизистон вазиятга тўғри сиёсий баҳо бера олмайди. Ҳар сафар Ўзбекистон билан ҳамкорлик масаласи кўтарилганда, уларнинг барча шартларини бажаришга киришяпти. Ўзбек тарафи эса, аввал хавфсизлик тизимини олиб кириб келади ва Қирғизистонга айнан диний муҳитга қарши курашиш талабини кучайтиради. Қирғиз ҳукумати эса, ўз мамлакати манфаатларига зид бўлишини эътиборга олмай, уларнинг барча шартларини бажаришга кириша бошлайди. Ўзбек хавфсизлик хизмати ходимларининг айғоқчилари учун мамлакат дарвозасини ланг очиб беради.

Сиёсий вазият Мирзияев билан Инаятов ўртасидаги келишмовчилик бир ёқли бўлмагунига қадар ечилиши мумкин эмас. Қирғизистон умид қилаётган иқтисодий ҳамкорлик реформалари амалга оширилиши учун, аввал Ўзбекистон президенти олиб бораётган ички реформасида енгиб чиқиши керак. Бу эса ҳозир амалга оширилиши амримаҳол бўлиб турибди.

 Шунинг учун Қирғиз ҳукуматига шошилмасликни маслаҳат берган бўлар эдик. Қирғиз – Ўзбек ҳамкорлигида Қирғизистоннинг таъсир қуввати жуда заиф. Иқтисодий ҳамкорлик лоиҳаларини амалда ижро этилиши, деярли Ўзбек тарафининг раъйига боғлиқ. Шундай экан, уларнинг ифлос шартларига рози бўлишдан аввал, Ўзбек режимининг ички келишмовчиликлари бартараф этилишига эътибор бериб туриш мақсадга мувофиқдир.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here