БМТ: Зўравонликлар тахмин қилингандан кўра анча даҳшатлироқдир
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси Янгҳе Ли Мянмада араканлик мусулмонларга нисбатан қўлланган зўравонликлар тахмин этилганидан кўра анча ортиқча бўлганлигини тан олди.
Маърузачи Ли Бангладеш пойтахти Дакка шаҳрида жойлашган лагерда амалга оширган 4 кунлик ташрифидан кейин ёзма баёнот чиқарди. У ўз баёнотида 2016 йил 9 октябрдан сўнг Мянма полицияси ҳужумидан Бангладешга қочиб ўтишга мажбур бўлган араканлик оилалар билан учрашишга имконият топганлигини маълум қилди.
Янгҳе Ли Араканлик мусулмонларнинг бўғизланганлиги, пала-партиш ўққа тутилганлиги, ўт қўйилган уйларда инсонларни боғлаб ёқиб юборилганлиги, ёш болаларнинг ёнаётган оловга ташланганлиги ҳамда жинсий тажовуз каби зўравонликларни ўз ичига олган даъволарни ҳисоботга киритганлигини билдирар экан, “Бу оилалар гувоҳ бўлган ваҳшийликлар ва улар бошидан кечирган зўравонликларнинг ҳажми тахмин қилингандан кўра анча даҳшатлироқ экан”, деди.
Маърузачи Аракан муаммосига ечим сифатида Мянма ҳукуматини юқорида айтиб ўтилган даъволарни текшириб чиқиш учун кенг қамровли, холис ва мустақил тергов ўтказишга ҳамда янада жиддий инсон ҳуқуқлари бузилиши олдини олиш учун чора-тадбирлар кўришга чақирди.
Туркистон:
БМТ вакили Аракан муаммосини ўрганиб чиқиб, даҳшатдан ёқа ушлаяпти. Аммо ечимга келганда Мянма ҳукуматини бунга қарши чора кўришга ва “адолатли” тергов ўтказишга чақириш билан кифояланяпти. Хавфсизлик кенгашига эга бўлган БМТнинг мусулмонларга нисбатан топган ечими мана шу. Аслида БМТдан бундан бошқа ечимни кутишнинг ўзи ахмоқликдир. Ваҳолангки, шу пайтгача амалга оширилган қирғинлар айнан мана шу Мянма ҳукуматининг назорати остида амалга оширилганлигини бутун дунё кўриб турибди. Аввалида қирғинларни бутпараст халқлар амалга ошириб, армия ва полиция бундан кўз юмиб турган бўлса, эндиликда қирғинларни полиция ва ҳарбийларнинг ўзлари амалга оширмоқда.
9 октябр куни чегара участкасига ҳужум уюштирилганлиги даъвоси билан Мянма армияси “минтақада хавфсизликни таъминлаш” амалиётини бошлади. Шу баҳонада армия Аракан қишлоқларига бостириб кириб, минглаган мусулмонларни даҳшатли суратда қатл қилди. Сон-саноқсиз муслималарнинг номусига тажовуз қилди. Уйлар яшовчилари билан қўшиб ёқиб юборилди. БМТ маърузачисининг ҳисоботи ушбу ҳарбийларнинг тажовузи, яъни яқин тўрт ой ичида бўлиб ўтган ваҳшийликлар устида бўляпти холос. Бир неча йиллардан буён амалга оширилиб келинаётган бутпарастларнинг ваҳшийликлари эса унутилди-кетди.
Айни пайтда Масжидул Ақсо имомлари ва уламолари Араб давлатлари ҳокимларига мурожаат йўллаб, уларни оммавий қатлиом қилинаётган араканлик мусулмонларни ёрдамсиз ташлаб қўймасликка чақирмоқда. Масжидул Ақсо имомлари Араб ҳокимларини қўзғалишга чақирар экан, уларнинг “тирик-мурда” эканлигини ҳисобга олмаяпти. Ахир бу малай ҳокимларда бироз ҳамият бўлганда эди, – узоққа боришни қўя туринг – ёнгинасида жойлашган ва бир неча ўн йиллардан буён яҳудийлар зулми остида эзилиб ётган Фаластин мусулмонларини ёрдамсиз ташлаб қўярмиди?!