Қирғизистон президенти ким бўлишини Москва ҳам, Вашингтон ҳам ҳал қилмайди
Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Euronews телеканалига берган интервьюсида Россия президенти Владимир Путин ўз ташрифи давомида Кремль учун мақбул бўлган президентликка номзод кўрсатиши ҳақидаги маълумотни “беманилик” деб атади.
“Бу ҳақда баъзи бир сиёсатчилар гапирмоқда, айнан улар мамлакатни шундай бемани ҳолатга келтириб қўйишди. Қирғизистон ўз қўшниларига қарам эди, улар газ, электр энергиясини етказиб беришни тўхтатиб қўйишлари ҳамда чегараларни ёпиб қўйишлари мумкин эди. Биз бугун умуман бошқа давлатмиз. Владимир Путин бунинг учун ташриф буюрмаяпти. Бизда муҳокама қиладиган масалалар етарлича. Ким президент бўлишини эса Москва ҳам, Вашингтон ҳам ҳал қилмайди. Менга ишонишингиз мумкин. Бу эндиликда бошқа мамлакат, бошқа халқ. Биз ўз масалаларимизни ўзимиз ҳал қиламиз”, – дея қўшимча қилиб ўтди Алмазбек Атамбаев.
Хабарларга кўра, Россия президенти Владимир Путин Қирғизистонга феврал ойи охирида ташриф буюриши кутилмоқда.
Туркистон:
Сиёсий баёнотлардан кўзланган мақсад баъзида, сиёсий матнларнинг аксини ифода этади. Атамбаевнинг Брюсселга бориши ва у ерда бир қанча оламий сиёсий арбоблар билан учрашувлар ўтказиб, улардан мамлакат учун молиявий ёрдам сўрашининг ўзи Қирғизистоннинг сиёсати халқаро сиёсатга тобе эканини кўрсатиб турибди. Ҳатто йилнинг охирида кутилаётган сайловга кетадиган харажатларни ҳам улардан сўради. Шундан кейин ҳам “биз мутлоқ эркин мамлакат бўлдик” дейиш ўта мантиқсиз эмасми?!
Қирғизистондаги етакчи гуруҳнинг халқаро сиёсатга қарамлиги кундан кунга ортиб боряпти. Ҳокимият эгалари мухолифатдан қутилиш учун, яъни Ғарб мамлакатлари ёки Россия уларни қўллаб юборишидан қўрқиб, улар таклиф қилган барча ҳужжатларни имзолаб беряпти. Натижада давлатнинг стротегик тармоқлари ҳамда мамлакат ва халқ бойликлари ўша етакчи куфр мамлакатларининг ихтиёрига ёки тасарруфига ўтиб кетяпти. Қумторг тилло кони ва Қирғизгаз тармоғини бекорга Россияга ҳадя қилиб юборилиши ва ҳоказо, бунга мисол бўла олади. Мана шу битимларнинг ҳаммаси фақат ҳокимиятдаги креслоларини асраб қолиш учунгина имзоланди.
Халқаро сиёсат Қирғизистон сингари мустамлака мамлакатларни оламий бошқарув системасининг муайян услублари орқали атайин иқтисодий кризис ҳолатига солиб қўяди. Сўнг, у мамлакатларда иқтисодий муаммолар натижасида сиёсий қарама-қаршиликлар келтириб чиқариб, ўзларига тобе бўлган мухолиф кучлар пайдо қилишади. Кейин эса, бу мухолифат вакилларининг сиёсий чиқишларини ва бошқа барча норозилик акцияларини молиялаб туриш билан, амалдаги ҳокимиятга босим ўтказа бошлашади. Атамбаевнинг етакчи тўпи ҳам худди шу йўл билан ҳокимиятга келган.
Шунинг учун Атамбаев ночор аҳволга тушиб қолди. Ғарбни рози қилай, деса, Россиянинг босим қилиши кутиляпти. Россия томонга бира тўла ўтиб олай, деса, Ғарб капиталистлари мухолифатни молиявий қўллаб юбориши мумкин.
Атамбаевнинг баёноти аслида шу реал воқеликни ифодалаши керак эди. У дунё системасининг шу ифлос ўйини ҳақида айтиб, “бошимизга тушиб бораётган барча бўҳронлар, офат ва қийинчиликларга оламий халқаро сиёсат айбдор. Ҳа, биз халқаро қувватларга тобемиз! Акс ҳолда мен сизлардан садақа сўраб, шу аҳволга тушган бўлмас эдим”, деб баёнот бериши керак эди! Атамбаевнинг Европада берган сиёсий баёнотидаги маъно реал воқеъликнинг аксини ифода этди.