Чавушоғлу: АҚШ Остона йиғилишида албатта иштирок этиши керак
Сўнгги пайтларда Туркия билан АҚШ ўртасида Сурия ва Ироқ масаласи устида айрим сиёсий зиддиятлар юзага келганлиги оммавий ахборот воситалари орқали намойиш этила бошлади. АҚШнинг “YPG” ва “PYD”ни қўллаб, қурол-яроқ бериши, ИШИДга қарши курашда коалиция кучлари ва АҚШнинг Туркияга етарлича дастак бермаётганлиги, шунинг учун Инжирлик ҳаво базасининг ёпилиши ҳақидаги айрим масалалар куннинг далзарб мавзуларига айланди. Бу борада Туркия ташқи ишлар вазири Бинали Йилдирим АҚШни очиқ танқид қилди.
“Бутун дунё ИШИД дардида. Улар (АҚШ) эса ёлғондан курашмоқда. Гапдан бошқа нарсани билишмайди. Қарши курашаётган эса фақат Туркия. АҚШнинг қилган иши шуки, Туркияда кўпроқ террор амалга оширилсин деб, “YPG”, “PYD”га ошкоро қурол бермоқда. Бу иш дўсликка тўғри келмайди. Бунда АҚШнинг янги ҳукуматини айбламаймиз. Чунки булар Обама маъмуриятининг ишидир. Янги ҳукуматдан эса бу ҳолатга чек қўйишини умид қиламиз”, деди Йилдирим.
Бошқа бир томондан, АҚШ ва Россия ўртасида сиёсий тангликни авж олдирган ҳодисалар ҳам юз бермоқда. Обама маъмуриятининг 35 нафар Россия дипломатини АҚШдан депортация қилиши бу кескинликнинг бир ифодасидир. Мазкур зиддиятлар Туркиянинг Россия билан жуда ҳам яқинлашуви ва АҚШнинг Сурия жараёнидан узоқлашгани билан изоҳланмоқда. Гўёки, Россия, Туркия ва Эрон томонидан ташкил қилинган уч томонлама музокара столи АҚШ учун ёпиқ ва у Сурия жараёнидан узоқлашгандек кўрсатилмоқда. Шунингдек Россиянинг Сурия масаласини Женевада эмас, Остонада муҳокама қилинишини талаб қилиши ва бу ҳақида қарор қабул қилиниши бу тасаввурни яна-да кучайтирди.
Бироқ расмий сафар билан Нью-Йоркка борган Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Чавушўғлининг баёноти жамоатчилик орасида тарқатилаётган юқоридаги тушунчаларга тамоман зид келди. Чавушоғлу ўзининг баёнотида Сурия музокаралари бўйича Остонада ўтказиладиган йиғилишда Россия билан бирга Америка Қўшма Штатлари ҳам албатта иштирок этиш кераклигини билдирди.
“АҚШнинг Остона музокараларига иштирок этиши масаласи ҳақида Россия билан гаплашиб олдик. Биз шу фикрни қўллаб-қувватлаймиз, яъни АҚШ ҳам Остонада албатта Россия билан бир сафда иштирок этиши зарур. Бу ерда АҚШнинг ролини ҳеч ким инкор этмаслиги керак”, деди Чавушоғлу журналистларга берган баёнотида.
Россия томонидан ҳам қўллаб-қувватланган бу баёнот аслида сўнги пайтларда Туркия-АҚШ ўртасида ҳамда Россия-АҚШ ўртасида вужудга келаётган сиёсий зиддиятларнинг Сурия масаласига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини кўрсатмоқда. Остона учрашувида АҚШнинг албатта иштирок этиши кераклиги Сурия масаласининг назорати тўлиқ АҚШнинг қўлида эканлигини кўрсатади. Россия, Эрон ва Туркия эса бу жараённинг ижрочилари бўлиб қолмоқда.