Португалиянинг собиқ бош вазири БМТ Бош котиблигига тасдиқланди
БМТ Бош ассамблеяси пайшанба куни Португалиянинг собиқ бош вазири Антониу Гутерришни халқаро ташкилот бош котиблигига тасдиқлади.
Йиғилишда португалиялик сиёсатчининг 2017 йил 1 январидан БМТ раҳбари этиб тайинланиши ҳақидаги резолюция кўриб чиқилди. Гутерриш ушбу лавозимда 2021 йилнинг 31 декабрига қадар фаолият олиб боради.
“Мен Антониу Гутерришни БМТ Бош котиби сифатида 2017 йил 1 январидан 2021 йилнинг 31 декбрига қадар тайинланганини эълон қиламан”, – дея эълон қилди БМТ Бош ассамблеяси раиси Питем Томсон.
Гутерриш пайшанба кунги чиқишида дунёдаги можароларни ҳал этишни ўзининг бош мақсадларидан бири эканлигини таъкидлаган.
У ёшлигида лицейда ўқиб юрган вақтларида тарихга жуда қизиққанини айтиб ўтар экан, “Мен ўшанда аввалги урушларда ғолиблар бўлганлигини билдим. Бугун бундай эмас, биз фақат ютқазганларни кўряпмиз, урушнинг ўзи эса тугамас экан. Бизнинг жамоавий вазифамиз – бундай ҳолатга якун ясаш”, – деди Антониу Гутерриш.