3 октябр куни тожик парламенти вакиллари қасамёд қиладилар

554
0

 3 октябр куни тожик  парламенти вакиллари қасамёд қиладилар

Тожикистон парламенти қуйи палатаси Мажлисининг 63 вакили жорий йилнинг 3 октябрида  мамлакат тарихида биринчи маротаба халқ олдида, яъни сайловчилар олдида қасамёд қиладилар. Бу ҳақида озодлик радиоси тожик хизмати хабар тарқатди.

 25 сентябр куни Тожикистон парламенти вакили  Қиёмиддин Миралиённинг маълум қилишича, бугунга қадар  миллат вакиллари виждон амри билан халқга хизмат қилишар эди, эндиликда ушбу хизматларини  қасам билан қувватламоқ истгида ушбу қонунга  бир овоздан розилик билдиришди. Яъни ушбу қасамёд  натижасида  улар янада улкан масъулият ҳис этишади.

 “ Биз мусулмонлармиз ва қасам қадрини яхши идрок этамиз. Қасамёд қилиш баробарида ўз бўйнимизга  энг улкан масъулиятларни олганликларимизни  жон-дилдан сезишимиз аниқ. Яъни бизнингча,  қасам ичган инсон ваъдага вафо қилишлиги шарт ҳисобланади”. деди Қиёмиддин Миралиён.

Мажлис  аъзоларининг  яна бири  Акрамшо Фелалиев ҳам, журналистларнинг саволига жавоб бериб, “Қасамёд халқ вакиллари учун энг аҳамиятга молик ишлардан саналади. Агар вакил қасам ичса, унинг виждони ўйғонади ва халқ фойдасига қонун чикариш бобида ҳушёрроқ бўлиб,  фуқароларнинг турмуш тарзининг юқори даражага кўтариш борасида  янада  кўпроқ заҳмат чекади”, деди

Айни пайтда Ҳисор воҳаси турғуни   Абдураҳмон парламент аъзоларининг бу қарорига оид ўз фикр- андишаларини  изҳор этиб, бундай деди : – “ Шахсан мен  ҳукумат намояндаларининг қасамларига заррача ишонмайман. Зеро улар сайлов тугангунга қадар  кўп овоз йиғиш мақсадида   турли ваъдалар бериб халқ этагини пуч ёнғоқ билан тўлдиришади. Аммо “эшаклари лойдан ўтгач ” ваъдаларини бутунлай унутишиб, халқнинг яшаш тарзи билан қизиқишмайди. Биз ҳам уларни деярли тамомила ёддан чиқарамиз.  Агар мабодо бирор муаммо билан мурожаат қилган тақдиримизда ҳам  ноумидликка учраймиз. Зеро халқ вакиллари ўзларини гўё бизни умуман танимагандай тутишади”.

Парламент  вакилларининг халқ ва президентга  номига қасам бажо келтиришлиги Тожикистон бош конституцияси 41 бандининг бир жузъи ҳисобланиб, бу қонун жорий йилнинг 22 май куни умумихалқ  референдум орқали қабул қилинди. Мазкур референдумга кўра, Тожикистон ҳукумати аъзолари  мамлакат президенти  номи билан қасамёд қиладилар. Бу қарор юрт тарихида илк маротаба қабул қилинди ва  яқин келажакда халқ вакилларининг президент ва  халқга берган  қасамёдига  расман қонун  туси берилади. Ўтмишда, аниқроғи 2006 йилдан бошлаб Тожикистон қуролли кучлари ўз садоқатларини  жумҳурият президенти номига қасам билан билдиришлари қонунан қабул қилинган эди.

Қасам ичиш ёки бирор кишига қасам билан ваъда бериш Тожикистон муҳитида бир одатий ва эътимодга лойиқ амаллардан саналади. Одамлар фақат  сўзлаётган шахс ўз фикрини қасам билан қувватласагина унинг гапига ишонишади.

Тожикистон Маориф вазирлиги  ҳам қасам ичишликни  юртнинг энг “фаъол”  оғзаки анъаналари дея эътироф этди. Бундан бир неча муддат илгари Маориф вазирлиги томонидан “Тожикистоннинг ғайримоддий миллий мероси рўйхати”  номи билан китоб нашр қилинган эди. Китоб муаллифларининг фикрига кўра, тожик халқи орасида қасам ичиш бир оддий анъанага айланган бўлиб, сўзловчи инсон айтган гапининг тўғрилигини айнан қасам қалимасини тилга олиш билан қувватлайди. Ёки қасам билан ўзининг  у ё бу ишда гуноҳсиз эканлигини  исботлайди.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here