Муслима аёл муфаккира аёл ҳамдир

841
0

بسم الله الرحمن الرحيم

МОДА ОРТИДАН ҚУВИШ ДЕМОКРАТИЯНИНГ БАЛОСИ (8)

Муслима аёл муфаккира аёл ҳамдир

Муслима аёл ҳаётдаги ғоясини Аллоҳ Таолонинг розилигига эришиш деб тушунади. Муслима аёл Ғарбнинг гўзалликка берган меъёрлари билан алданмайди. Ғарб жамиятлари гўзал аёлга берган ғайривоқеий таърифларга ҳамқадам бўлишга уриниб, вақти, меҳнати ва маблағини совурмайди. У киноактрисаларни, манекенчиларни, хонанда ва санъаткор аёлларни ўзига намуна қилиб олмайди, балки Яратувчининг розилигини истаб, ўз ишларида жаннатни талаб қилади. У юксак исломий шахсия билан безаниб, заковат, саховат, тавозе, вафодорлик, шижоат ва фидокорлик сифатлари билан сифатланади. У ихлосли аёл ва фидокор онадир. Исломий жамият жуда кўп муфаккира, муаллима, мужоҳида, шоира, буюк сиёсатчи ва даъват олиб чиқувчи аёллар билан ҳам танилган.

Расулуллоҳ (с.а.в)нинг биринчи аёллари Хадича (р.а)га ўхшаш аёллар Исломга даъват қилишда ва биринчи исломий давлатга асос солинишида эрларига суянчиқ бўлиб, у зот билан бирга барча қийинчилигу мусибатларга бардош бериб, улар қаршисида шижоат ва сабр билан туриб, бебош халқ ичида Расулуллоҳ (с.а.в) билан озор ва ҳаёт қийинчиликларини бўлишиб турдилар. Расулуллоҳ (с.а.в) у кишининг вафот этганликларидан кўп хафа бўлиб, у кишини кўп мақтаб тилга олардилар. Оиша (р.а): «Аллоҳ Азза ва Жалла сизга у кишининг ўрнига яхшироғини берган-ку!» — деганларида, ул киши уларни тийиб қўйиб, шундай дедилар: «Аллоҳ Азза ва Жалла менга унинг ўрнига яхшироғини бергани йўқ. Одамлар менга кофир бўлиб турганда, у менга иймон келтирган эди, одамлар мени ёлғончига чиқариб турганда, у мени тасдиқлаган эди, одамлар мени маҳрум қилганда, у мени моли билан юпатган эди» (Аҳмад ривояти). У зот (с.а.в) яна деганларки: «Олам аёлларидан Марям бинти Имрон, Хадича бинти Хувайлид, Фотима бинти Муҳаммад ва Осиё (Фиръавн аёли) кифоя қилади» (Термизий ривояти). Бу аёлларни Аллоҳга бўлган иймонлари, даъватни олиб чиққанликлари ва Унинг йўлида озорларга бардош берганликлари жамлаб турибди.

Расул (с.а.в)нинг қизлари Фотима каби аёлларнинг саховати машъаладек кўриниб турар эди. Расулуллоҳ (с.а.в) асҳобларидан бири Салмон Форсий (р.а) анчадан буён овқат емаган бир оч мусулмонга таом топиб келишга уриниб, бир қанча уйларни тақиллатдилар ва бир неча мусулмонларни излаб бориб, ҳеч кимни тополмасдан, Фотиманинг эшигини тақиллатдилар. Шунда Фотима (р.а) уч кундан буён ейиш учун ўзларида ҳам ҳеч нарса йўқлигини у кишига билдирдилар-да, шундай бўлишига қарамасдан, ўзларининг бир бўлак матоларини Салмонга бериб, ундан матони яҳудий Шамъунга олиб бориб сотишни ва унинг пулига ўша оч мусулмон учун озроқ ғалла сотиб олишни ўтиндилар. Бу нарса ўша яҳудийнинг мусулмон бўлишига сабаб бўлди. Салмон ғаллани Фотима (р.а)га келтириб бергач, уни янчиб, бир неча кулча пишириб, яҳудийга юбордилар, ўзлари ва оилалари учун ундан озгина олиб қолишни рад этдилар, чунки ўша матонинг ҳаммасини Аллоҳ Таолонинг розилигини истаб садақа қилган эдилар.

Расул (с.а.в)нинг аёллари Оиша (р.а) ҳам шу каби аёлларданлар. Оиша онамиз соғлом ақл ва мислсиз хотирага эга бўлиб, икки мингдан кўпроқ ҳадисни ривоят қилганлар. У зот ҳадис, фиқҳ ва шариат тафсирини чуқур тушуниш билан алоҳида эҳтиром қозонганлар.

Мумтоз шоира бўлган Хансо каби аёллар ҳам борки, улар ўз шеърларидан ўғилларини жиҳодга тарғиб қилишда фойдаланишган, уларнинг шаҳид бўлганини эшитган пайтда, уларни шаҳидлик билан мушарраф қилган Аллоҳга ҳамд айтиб, ўзларини ҳам жаннатда улар билан жамлашни У зотдан сўрашган.

Моҳир жангчи бўлган Умму Аммора каби аёллар ҳам машҳур — у аёл Уҳудда жанг қилиб, Расулуллоҳ (с.а.в)ни ўз танаси билан ҳимоя қилган эди. Набий (с.а.в) юзларини қайси тарафга бурсалар, у зотни ҳимоя қилиш учун ўша аёл жанг қилаётганини кўрардилар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в) у аёлнинг ҳаққига уни ва аҳлини жаннатда ўз йўлдошларидан қилишни сўраб дуо қилдилар.

Исломда биринчи шаҳида бўлган Ёсирнинг аёли Сумайя (Умму Аммор) каби аёллар ҳам бор. У аёл ақидада собит туриб, озорларни кўтаришда матонат кўрсатиб, Абу Жаҳлнинг қўлида ҳаётдан кўз юмди. Расулуллоҳ (с.а.в) унга жаннатни ваъда қилиб: «Сабр қилинглар, эй Ёсир хонадони, сизлар билан учрашадиган жой жаннатдир», — дедилар.

Расулуллоҳ (с.а.в) ва Абу Бакр (р.а) Мадинага кетаётиб ғорда турганларида, уларга ёрдам бераман деб машаққатлар чеккан Абу Бакрнинг қизи Асмо (р.а) каби аёллар ҳам бор. У аёл Расулуллоҳ (с.а.в)нинг жойларини кўрсатишга мажбурлаш учун юзига тарсаки тортган Абу Жаҳлнинг озорини кўтарди, сабот билан туриб, бардош берди.

Шунингдек, акаси Умар ибн Хаттоб билан мунозара қилган Хаттоб қизи Фотима каби аёллар ҳам борки, акаси уни Исломга иймон келтиргани сабабли урар эди. Сўнгра унинг ўз динига бўлган саботи ва матонати акасини лол қолдирди. Шу пайт акаси Расулуллоҳ (с.а.в)га ошиқиб, иймон келтирганини эълон қилди.

Муслима аёллар муфаккира бўлиб, Ғарб аёлларига кўр-кўрона тақлид қилишмайди, диний таълимотлари бўйича юришади, гарчи у мавжуд жамоат тарзига зид бўлса ҳам. Улар ўзларига бўлган ишончларини иймонларидан олишади, ишончларини кўринишларига боғлиқ қилишмайди. Шахсияларининг ҳисобидан ташқи кўринишлари билан машғул бўлиб қолишмайди. Улар илгариги мусулмонлар аёллари каби динни барпо қилиш ва исломий ҳаётни қайта қуришдаги ўз роллари ҳақида фикрлашади. Бу эса Расулуллоҳ (с.а.в)нинг:«Аёллар эркакларнинг туғишган опа-сингилларидир» деган ҳадисларининг маъносидир. Аллоҳ аёлларга алоҳида ёки эркакларга алоҳида белгилаган ишлардан ўзгасида улар ҳам таклифотларда ва маъсулиятни кўтаришда эркаклар кабидирлар.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here