Туркистонлик муҳожирларни ким ҳибсга олмоқда?

647
0

Ҳизб ут-Таҳрир – Туркия вилояти матбуот бўлимининг раҳбари Маҳмут Қор ўзининг “Facebook” ижтимоий тармоғи орқали расмий саҳифасида қуйидаги баёнотни тақдим қилди.

 Туркистонлик муҳожирларни ким ҳибсга олмоқда?

Россия ва Марказий Осиёдаги шафқатсиз диктаторларнинг зулмидан қочиб, Туркиядан бошпана топган Туркистонлик (ўзбек, қозоқ, тожик, қирғиз ва чечен) муҳожир ака-ука ва опа-сингилларимизга қарши Истанбул ва бошқа бир канча шаҳарларда хавфсизлик кучлари томонидан қамоққа олиш амалиётлари олиб борилмоқда. Аксарияти ўзбеклардан иборат тақрибан 50та оиланинг барча аъзолари қамоққа олинганлиги ҳақида маълумот олдик. Афсуски, бирорта ахборот агентлиги бу ҳақида хабар тарқатганлигини кўрмадим. Бу масала бўйича норасмий йўллар билан жамоатчиликка етиб келган хабарларга кўра, Муҳожир биродарларимизни хавфсизлик бўлимидаги “Фето”чилар яъни Гулен жамоатининг аъзоларидан иборат полициячилар ҳибсга олишган эмиш.

15 июл куни Мусулмонларнинг эътиқоди, ҳис-туйғулари ва садоқати ёрдамида Ислом душманларининг хавф-хатарлари бартараф этилди. Расмий манбалар томонидан давлат тўнтаришига уринганлар Гуленчилар эканлиги эълон қилинди. Бунинг ортидан Туркия қуролли кучлари, миллий хавфсизлик ва суд тизимида ишлаб келган минглаб Гуленчилар ҳибсга олинди ёки ишдан бўшатилди.

Шунча ишдан сўнг ҳам Муҳожир биродарларимизни қамоққа олиш амалиёти Гуленчи полициячилар тарафидан амалга оширилди, деган гапни қандай изоҳлаш мумкин?! Қуроллар, танклар ва ҳарбий самолётга эга бўлган ваҳший хунтачиларни бартараф қила олган Туркия, бир неча полициячининг 50та муҳожир оилани қамоққа олишига тўсқинлик қила олмайдими?! Бирор мартабага эга бўлмаган бир неча полициячининг бир вақтнинг ўзида 50та оилага нисбатан қатор амалиётлар ўтказиши мумкинми?! Бу гапга мусулмонларни қандай ишонтира оласиз?!

Маълумки, Президент Эрдоған расмий сафар билан Россияга борди. Эрдоғаннинг Россияга сафаридан аввал Марказий Осиёлик муҳожир биродарларимизга нисбатан ҳибсга олиш амалиёти ўтказилиши янгилик эмас. Ўтмишда ҳам Россияни рози қилиш учун худди шундай ишлар қилинганлигидан хабаримиз бор. Рус агентлари Туркиядаги чечен ва ўзбек муҳожирларига суйиқад уюштирганлигини ҳам биламиз. Шунингдек, Россиянинг Суриядаги мусулмонларни қандай ваҳшиёна қатл этаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Шунинг учун мен Туркия расмийлари ва барча жамоатчилик шуни билиб қўйишини истардим: Сиз Россия ва унинг хизматкори бўлган Марказий Осиёдаги диктатор раҳбарларни бу амалиётлар билан асло рози қила олмайсиз. Чунки улар Ислом ва мусулмонларга душманлик қилишда чегара билишмайди. Уларнинг мусулмондарга нисбатан нафрат ва ғазабини ҳеч қачон енгиллата олмайсиз. Улар мусулмонларга зулм қилганлиги учун мусулмон биродарларимиз муҳожир сифатида биз тарафларга келишди. Бундан кейин ҳам уларни Туркияда тинч қўйишмайди. Туркия давлати Россиянинг босимига бўйин эгиб, Муҳожир ака-ука ва опа-сингилларимизни золимларга топшириб юборадими? Бу билан балки Россия розилигини қўлга киритиши мумкин. Лекин амалдорлар Аллоҳнинг ғазаби ҳақида ҳеч ўйлаб кўришмасмикин?

Давлат расмийларига шундай мурожаат қилмоқчиман: Бундай хатодан Аллоҳдан паноҳ сўранг, бундай зулмдан узоқ туринг! Аллоҳ учун мусулмон биродарларимизнинг ёнини олинг. Уларга зулм қилманг ва золимларга топширманг. Зеро улар Туркияга ҳижрат қилиб келишди, уларга Ансорлик қилинг.

Росулуллоҳ с.а.в. шундай марҳамат қиладилар:

«اَلْمُسْلِمُ أَخُو الْمُسْلِمِ لا يَظْلِمُهُ وَلا يَخْذُلُهُ وَلا يَحْقِرُهُ»

«Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди, уни ёрдамсиз ташлаб қўймайди ва камситмайди». (Бухорий ва Муслим ривояти).

Маҳмут Қор. Ҳизб ут-Таҳрир – Туркия вилояти матбуот бўлимининг раҳбари

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here