Туркиядаги муваффақиятсизликка учраган ҳарбий тўнтаришнинг умумий баёни

542
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم

Саволга жавоб

Туркиядаги муваффақиятсизликка учраган ҳарбий тўнтаришнинг умумий баёни

Савол:

Деярли бир кун ҳам ўтмаган бўлса-да, бироқ мен Туркияда содир бўлган тўнтариш уринишига – ҳеч бўлмаса умумий тарзда бўлса ҳам – ойдинлик киритиб беришингизни умид қиламан: унинг ортида ким турибди? Ҳақиқатдан ҳам Гулан жамоасими? Ёки армиядаги англияпараст зобитларми? Бу ҳодисадан кейин нима бўлиши мумкин? Аллоҳ Сизни яхшилик ила мукофотласин!

Жавоб:

2016 йилнинг 15-16 июл кунлари мобайнида Туркияда содир бўлган воқеа-ҳодисаларни кузатиб, тадаббур қилиш натижасида, биз давлат тўнтаришига уринганлар авантюрачи, хавф остида қолган англияпараст ҳарбий зобитлар эканининг эҳтимоли кўпроқ, деб биламиз. Буни қуйидаги фактлар кўрсатиб турибди:

  • Уларнинг хавф остида қолгани шундаки, одатда ҳар йили шу ой, яъни июлнинг охирларида ёки август ойининг бошларида турк Ҳарбий Маслаҳат Кенгаши йиғини бўлиб ўтади. Бу кенгашнинг армиядаги салоҳияти кучли ва аҳамиятлидир. У бош вазир раислигида Анқарадаги бош штаб қароргоҳида ўтказилади. Унда мудофаа вазири, армия бош штаб бошлиғи, пиёда кучлар қўмондони, ҳаво кучлари қўмондони, жандарм кучлари қўмондони, бош штаб бошлиғининг иккинчи ўринбосари… иштирок этади. Бундан ташқари, шўро-маслаҳат кенгаши аъзолари катта ҳарбий қўмондонлардан иборат. Маслаҳат кенгашининг навбатдаги йиғинида қуйидагилар муҳокама қилинади: юқори рутбали ҳарбийларнинг унвонини ошириш, баъзи қўмондонлар фаолияти муддатини узайтириш, нафақага чиқаришга оид масалалар, ҳарбийларни интизомни ёки ахлоқий нормани бузгани сабабли ҳарбий хизматдан четлатиш ва булардан бошқа турк қуролли кучлари билан боғлиқ мавзулар. Йиғин бир неча кун давом этади ва қабул қилинган қарорлар республика президентига ҳавола қилингандан кейин эълон қилинади. Одатда бу йиғинда армия қўмондонлари ва бошқа баланд рутбали бир неча ҳарбийларнинг хизмат вазифаларига якун ясалади. 2015 йил 2 августда ўтказилган мана шундай йиғинда хизматдан бўшатилган ҳарбийлардан бири ўша пайтдаги ҳаво кучлари қўмондони Оқин Ўзтурк бўлган. Хабарларга кўра, айни тўнтаришга уриниш устида шу Оқин Ўзтурк ва бошқа қўмондонлар бўлишди.

Афтидан, давлат тўнтаришига уриниш амалиётини қилган зобитлар, Ҳарбий Маслаҳат Кенгаши йиғинида қабул қилинадиган қарорлар уларнинг армия тепасида хизматларини давом эттиришларини хавф остига қўяди, деб билишган, ёки уларга шундай хабар «сизиб чиққан», натижада улар йиғин ўтказилишидан олдин эҳтиёт чораси сифатида (шошма-шошарлик билан) шундай амалиётни қилишган, кўринади.

  • Энди уларнинг авантюрачи англияпараст зобитлар эканларига келсак, маълумки, инглизларга содиқ кишилар армиянинг ядроси бўлган. АҚШ Ўзал давридан бери шу ядро ичига ёриб киришга уриниб келди, лекин буни уддалай олмади. Уддалай олмагач, полиция кучлари ва ички хавфсизлик кучларига таянди. Кейин Эрдоган даврида асосий этъиборини армия ичига ёриб киришга қаратди ва маълум даражада буни уддалади ҳам… Бироқ инглиз кучлари мавжуд бўлиб қолаверди. Эрдоган уларнинг қанотларини қирққан бўлса-да, аммо ҳаммасини йўқ қилолмади. Ўшалардан айрим зобитлар бугунги тўнтаришга уринишни амалга оширишди.

Уларнинг авантюрачи эканларига далил, айни уриниш режасини ишлаб чиққанлар инглизлар экани эҳтимолдан узоқ. Кўпроқ эҳтимол, унинг режасини шу зобитларнинг ўзлари тузган, инглизлар эса қўйиб берган… Чунки режани обдан ўрганилса, унда инглизларнинг нопок ишлари ва тулкилиги кўринмайди. Мисол учун, бу инқилобчилар баёнотларида илмонийликка диққатни қаратишди, бу эса уларнинг аҳмоқлигидир. Чунки ҳозир аксар туркларда исломий туйғулар кенг ёйилган, шу боис илмонийликнинг гапирилиши уларни қўрқитиб-провокация қилиб юборади, уларга Мустафо Камол ва унинг тарафдорлари бошқарувини эслатади, камолчиларнинг Ислом ва мусулмонларга нисбатан қандай даҳшатли, нафратланувчи ҳолатда бўлишганини, Ислом ва унинг аҳлига қандай макрлар қилишганини эсларига солади. Демакки, бу инқилобчиларнинг илмонийликни гапиришлари аҳмоқлик бўлди, одамларни ушбу Мустафо Камол тарафдорларидан нафратланган ҳолда кўчаларга чиқишга ундади, уларнинг камолчилардан нафратланишлари Эрдоганни яхши кўришларидан ҳам юксак бўлди. Бошқа бир муҳим иш ҳам бор: Улар инқилобни эълон қилишдан олдин илк дақиқалардаёқ сиёсатчилар ва ҳокимларни, яъни президент ва ҳукуматдагиларни қамоққа олиш учун пухта режа ишлаб чиқишмади, аксинча инқилоб ҳокимлар ўз ўринларида қолаверган ҳолатда эълон қилинди! Айтиш мумкинки, уларнинг қилган ишлари шовқин-сурон ва ғазабга яқин бўлди, халқ базасидан, ҳаттоки ташкиллаштирилган тўнтаришдан эса йироқ бўлди!

Буларнинг барчаси шундай тахминни кучайтирадики, ушбу тўнтаришга уринишни англияпараст зобитлар – Ҳарбий Маслаҳат Кенгаши қарорларига нисбатан эҳтиёт чораси сифатида (шошма-шошарлик билан) – қилишди, бу кенгаш уларнинг армия хизматида қолишларини хавф остига қўяди, деб ўйлашди. Айни масала мана шундай маълум тахминлардан ортиқча нарса эмас ҳамда буни билиш унчалик қийин ҳам эмас.

  • Айбни Гуланга йўналтириш ҳам тўғри эмас дейишимиз мумкин. Чунки Гулан жамоаси ижтимоий-маданий, адлия ишларига яқин бўлиб, мустамлакачи давлатлар ёрдамисиз, бирор тўнтариш амалга оширишга қодир эмас, бунинг учун уларда ҳарбий қудрат етишмайди. Бу биринчидан. Иккинчидан, бу жамоа Америка буйруғига қарайди, унинг рухсатисиз бир қадам ҳам ташламайди. Америка Эрдоганни, айниқса ҳозирги пайтда, АҚШ манфаатларига хизмат қилишда энг қодир шахс деб билмоқда. Туркия эса унинг Сурия ечими мавзусида сўнгги ўқи бўлиб турибди. Чунки Туркия бош вазири «Туркия Сурия билан алоқаларини қайта тиклаши»ни билдирди.

Гулан АҚШ учун керак бўлган пайтда фойдаланадиган эҳтиёт чизиғидир. Масалан, Гулан 2002 йилдан бери Адолат ва Тараққиёт партиясини сайловларда уч марта қўллаб-қувватлаб берди. Ҳатто 2013 йилда айни партия билан улар ўртасида келишмовчилик бўлиб, Эрдоган тарафдорларида коррупция муаммоси кўтарилган пайтда ҳам, Гулан жамоасининг «Даршан» тармоғи ёпиб қўйилган пайтда ҳам Адолат ва Тараққиёт партиясини қўллаб-қувватлади. Шу жиҳатдан, бу жамоа эҳтиёт чизиғи ҳисобланади. Мустамлакачи давлат учун биттадан кўпроқ малай бўлса ҳам зарар қилмайди, шунингдек, бу малайларнинг бир-бири билан низолашишининг ҳам, рақобатлашишининг ҳам зарари йўқ, қайсиниси ғолиб келса, мустамлакачи давлат ўшанисини қўллаб-қувватлайверади. Бунга Садат билан Али Сабрий жамоаси ўртасидаги низони мисол қилиш мумкин. Ваҳоланки, иккаласи ҳам Америкага тобе эди. Шунга қарамай, Садат Али Сабрий жамоасини тарқатишга ва ҳибсга олишга муваффақ бўлган.

Хуллас, юқорида айтганимиздек, Гулан жамоасининг тўнтариш уринишини амалга оширган бўлиши эҳтимолдан узоқ. Бироқ Гулан жамоасидаги айрим шахсларнинг, хусусан, курд судьяларининг ҳам Эрдогандан кўрган тазйиқларга жавобан айни уринишда шахс сифатида иштирок этган бўлишлари мумкин.

  • Шубҳасиз, Эрдоган армияда инглизларнинг кучи – озайган бўлса ҳам – борлигини, тўнтаришга уриниш ортида англияпараст ҳарбийлар турганини тушуняпти. Тушунса-да, Гуланни айблаяпти. Гап шундаки, англияпараст ҳарбийларни очиқ-ошкор айтиш шу ҳарбийларнинг обрўсини оширади, очиқ-ошкор айтмай йўқ қилиш уларни обрўсизлантиради. Аммо Гулан жамоаси эса уларчалик катта обрўга эга эмас… Эрдоган англияпарастларни шовқинсиз, ими-жимида йўқ қилишни истайди. Шунда улар кўзга кўринмай, атрофларида ҳеч ким уюшмайди. Бунинг муқобили ўлароқ, ўз рақиби Гулан жамоасини эса шов-шув билан заифлаштиришни истайди. Чунки улар англияпарастларчалик кучга эга эмас.

Булар айни ҳодисага нисбатан кўпроқ эҳтимол бўлган фикримиздир. Нима бўлганда ҳам, бу тўнтаришга уриниш пухта бўлмаган, обдан ўрганилмаган иш бўлди. Аксинча, уни асабийлик билан, ўйланмаган ҳолда, палапартиш қилинган авантюра, дейиш мумкин. Тўхталиш керак бўлган муҳим нарса ҳодисанинг ўзи эмас, балки унинг ортидан кутилаётган нарсалардир.

  • Бунинг ортидан нималар кутилаётганига келсак, давлат тўнтаришга уриниш натижасида юзага келган шовқин-сурон икки томонга ҳам таъсир қилмай қолмайди:

Америка ва Эрдоган бўлиб ўтган ҳодисадан фойдаланиб, армиядаги англияпараст кучларни йўқ қилиш ёки ҳеч бўлмаганда, таъсирларини энг паст даражага тушириш учун бор кучи билан ҳаракат қилади. Улар англияпараст кучларни кенг кўламда қаттиқ репрессия қилишга бир баҳона бўлиши учун ушбу ҳодиса кўламини бўрттириб кўрсатишмоқда. Табиийки, Эрдоган рақиби Гуланни заифлаштириш учун ҳодисадан имкони борича, яъни Америка чизган чизиқдан чиқмаган ҳолда фойдаланишга ҳаракат қилади. Минглаб кишиларнинг ҳибсга олиниши бунга яққол далилдир.

Британия эса, ҳатто тўнтариш уринишини режалаштирмаган, услуб ва воситалар белгиламаган, балки ўз одамларига қўйиб берган бўлса-да, ҳодисани обдан ҳисоб-китоб қилиб турибди. Шунинг учун вазиятни яқиндан кузатиб бориши, ўз малайларига маълум даражада бўлса ҳам қайта ҳайбат бериш учун жавоб юриши қилиши кутилмоқда. Буни Америка билан Эрдоган ҳам кутишяпти. Шунинг учун ҳам Обама Туркияда содир бўлган ҳодисани муҳокама қилиш учун миллий хавфсизлик йиғинини ўтказди, гўё ҳодиса АҚШ миллий хавфсизлиги доирасида бўлгандек. Билдирилиши мумкин бўлган халқаро реакцияларни ҳисобга олди. Эрдоган ҳам англияпараст кимсаларнинг ҳар қандай реакциясини йўқ қилиш учун одамларни майдонларда туришга, аэропорт ва масжидларни тарк этмасликка буюрди.

  • Сўзимиз ниҳоясида шуни айтмоқчиманки, ҳодиса ғоят аламли бўлди… Чунки оққан қонлар бизнинг қонлар, инглизлар ёки америкаликлар қони эмас… Вайрон бўлган бинолар, аэропортлар ва майдонлар бизники, АҚШ ёки Британияники эмас… Шунингдек, ҳодиса содир бўлган соатлар бизнинг юртда, бизнинг орамизда бири-биридан зулматли-қоронғу соатлар бўлди… Бу бизни қайғуга соладиган, аламли ишдир. Бироқ бу зулматда бир оз бўлса ҳам нур бор… Бу инсонларнинг кўчаларга такбиру таҳлиллар, Аллоҳу Акбар садолари билан чиқишларидир. Чунки инқилобчилар ўз илмонийликларини очиқ эълон қилиб, Туркиядаги мусулмонлар туйғуларини жунбушга келтириб юборди, шу нарса уларни кўчаларга чиқиб, ўз динларига ёрдам бериш учун танкларга қарши туришга ундади. Уларнинг ушбу ҳарбий тўнтариш уринишига қарши туриб берганлиги сабаби Эрдоган ва унинг режимини яхши кўрганлиги учун эмас, балки бундай бўлишдан ҳам кўпроқ, илмонийлик ва унинг малайларидан нафратланганларидир. Гарчи илмонийлик ҳукуматда ҳам, инқилобчиларда ҳам мавжуд бўлса-да, Туркия мусулмонлари бу илмонийликка ҳис-туйғуларидан келиб чиқиб қарши ҳаракат қилдилар. Зеро, илмонийлик қаерда бўлмасин албатта ёвузлик келтиради… Улар тўнтаришнинг илмонийликка асосланганини кўриб, исломий туйғулари жунбушга келди. Чунки бу тўнтаришга уриниш Мустафо Камол, унинг тарафдор ва гумашталари изидан кетаётган эди, одамлар уларнинг Ислом ва мусулмонларга нисбатан нафрат ва макрларини ўз тажрибаларидан синаган эди… Аммо режимнинг илмонийлигига бироз исломий «тўн» кийдирилиши эса одамларнинг ҳис-туйғуларига ором бермоқда… Шундай экан, мусулмонларнинг ҳақ ва одил давлати бўлса қандай бўларкин, Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифалик бўлиб, уларни адолат ва инсоф билан бошқарса, шунингдек уларнинг орасида Аллоҳ аҳкомлари барпо бўлиб, Аллоҳ йўлида жиҳод қилинса, одамлар бу дунёда шу аҳкомлар билан азиз бўлсалар ва охиратда ютуққа эришсалар қандай бўларкин?! Унда қандай бўларкин?! Унда одамлар ушбу Халифаликни молу жонлари билан, туйғулари билан, очиққўлликларию фидоийликлари билан, барча нарсалари билан ҳимоя қиладилар… Чунки мусулмонлар инсонлар учун чиқарилган умматларнинг энг яхшиси бўлган ягона Умматдир.

«Сизлар одамлар учун чиқарилган умматларнинг энг яхшиси бўлдингиз: маъруфга буюрасиз, мункардан қайтарасиз ва Аллоҳга имон келтирасиз»  [Оли Имрон 110]

Инсонлар Аллоҳ нозил қилган аҳкомлар билан бошқарадиган, мусулмонлар бошлари узра Росулуллоҳ Aнинг байроқлари билан соя соладиган рошид Халифаликни – инша Аллоҳ – бағирларини очиб қабул қиладилар. Бу Аллоҳга асло мушкул эмас.

12 шаввол 1437ҳ

17 июл 2016м

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here