Араб парламентининг миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат комиссияси Суриянинг Ҳалаб шаҳрида юз берган ўзгаришларни муҳокама қилиш мақсадида навбатдан ташқари йиғилиш ташкил қилди. Йиғилиш Араб давлатлари Лигасининг Миср пойтахти Қоҳирадаги марказий қароргоҳида бўлиб ўтди. Йиғилишда Араб парламенти Сурияга Араб тинчликпарвар кучларини юбориш таклифини ўртага қўйганлиги айтилмоқда. Уларга таъбирича, Араб тинчликпарвар кучлари Сурияда келишилган ўт очишни тўхтатиш битими давом этишини ва шаҳарлардаги қамалларни олиб ташлаб, инсонпарварлик ёрдами етказиб берилишини таъминлайди.
Йиғилишдан сўнг матбуот вакилларига баёнот берган Араб парламентининг президенти Аҳмад бин Муҳаммад ал-Жарван “сулҳнинг давом этиши ва шаҳарлардаги қамалларни олиб ташлаб, инсонпарварлик ёрдами етказиб берилиши учун барча Араб давлатларини Сурияга тинчликпарвар кучлар юборишга чақирамиз”, деди.
Ал-Жарван мазкур кучнинг қандай тарзда юборилиши ҳақида берилган саволга “Араб парламенти қонунчилик ва назорат органи эмас. Унинг қуролли кучи ёки молиявий имконияти ҳам йўқ, лекин таъсири бор. Биз хоржий кучларнинг Сурия масаласига аралашишига қаршимиз”, дея жавоб берди.
Сурияда 27 феврал куни кучга кирган ва вақтинчалик сулҳ деб номланган оташкесим битими режим кучлари томонидан бир неча марта бузилиб келмоқда. Ўтган ойда АҚШ ва Россия мазкур шартнома Лазкия ва Дамашқ шаҳарларини ҳам ўз ичига олиши борасида келишиб олган эди.