Аввал хабар қилганимиздек, Чехия парламентининг депутатлар палатаси раиси Ян Гамачек икки кунлик расмий сафар билан Қирғизистонга келди. 16 март куни Бишкекка етиб келган Ян Гамачек президент Алмазбек Атамбаев ва бош вазир Темир Сариевлар қабулида бўлди.
Қирғизистон бош вазири Темир Сариев Ян Гамачек бошчилигидаги делегация билан бўлган учрашув чоғида, Чехиянинг икки компанияси билан кичик ГЭСлар қуриш бўйича келишув имзоланишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 190 миллион долларни ташкил этади.
Бундан ташқари Сариев Прага-Бишкек-Сеул авиақатновини очиш, сайёҳлик соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масаласини кўтарди.
Чехиянинг Қирғизистондаги мухтор элиси Элишка Жигова Чехия Қирғизистон билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор бўлиб, савдо-иқтисодий, маданий ва сайёҳлик тармоқлари бўйича лойиҳаларни муҳокама қилишга тайёр эканлигини билдирди.