Бундай қонун лойиҳасини 9 март куни Жогорку Кенеш биринчи ўқишда кўриб чиқди. Транспорт ва алоқа вазири ўринбосари Улан Уезбоев экстремистик материалларни ўз ичига олган сайтларга прокурор кўрсатмаси билан 3-5 кун оралиғида тақиқ қўйилишини айтиб ўтди.
“Экстремистик материалларни ўз ичига олган сайтлар прокурорнинг кўрсатмаси билан судга қадар вазирлик томонидан ўчирилади. Агарда суд экспертиза тўғри чиқарилмаганини айтса, сайт қайта ишга туширилади”,- деди Уезбоев.
Депутатларнинг аксари “экстремистик ҳаракатларга қаршилик кўрсатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини бугунги кунда зарур эканлигини айтиб, иккинчи ўқишга янада тўлдириш керак деган фикрларни билдиришган.
Туркистон:
Қирғизистон парламенти ҳам, ҳукумати ҳам мамлакатда бошқа муаммо қолмаганидек асосий эътиборини “терроризм” ва “экстремизм”га қарши курашга қаратиб келмоқда. Мамлакатни гўёки “экстремистик” ва “террористик” таҳдид қоплаб олганини кўрсатиш орқали хорижий давлатлардан ёрдам ва садақа пулларини олиш илинжида мавжуд бўлмаган хавфни ўзлари пайдо қилаётганлари эса кундек равшан.
Эндиликда мазкур қонун лойиҳаси тасдиқдан ўтадиган бўлса ҳукумат ўзи учун исталмаган сайтларни, улар хоҳ диний бўлсин, хоҳ дунёвий ҳеч бир тўсиқсиз тақиқлаб қўйиш имконига эга бўлишади. Аслида Қирғизистон парламенти ҳам, ҳукумати ҳам бирор қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда бош қотириб ҳам ўтиришмайди, балки Россия давлат Думаси ва ҳукумати қандай қонун қабул қилса, булар ҳам ўйлаб ўтирмай шунга тақлидан қонун ишлаб чиқиш пайига тушиб қолишади. Бу қонун лойиҳаси ҳам айнан Россия талаби билан ишлаб чиқилмоқда.
Бундай дейишимзга сабаб аввалроқ, Евроосиё киберхавфсизлик ташкилоти (Москва) ўз веб-сайтида Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ва МДҲ давлатларининг бошқа раҳбарлари номига йўлланган мурожаатида: “Евроосиё давлатлари билан виртуал чегараларни ёпиш, ғарбнинг Google ва Facebook каби йирик қидирув тизими ва ижтимоий тармоқлар фаолиятини чеклашни” таклиф қилган, Viber, WhatsUp ва Telegram интернет-телефон хизматларини эса ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик қилаётган Skype изидан боришга чақирган эди.