Туркиядаги портлашлар Туркиянинг Сурияга босқин қилишига замин яратмоқдами?!

837
0

Туркиядаги портлашлар Туркиянинг Сурияга босқин қилишига замин яратмоқдами?!

‏Сурия ишларини Америка айёрлик билан бошқариб келаётгани сабабли Туркия бу ишларда боши берк кўчага кириб қолди. Аслида у эс-ҳушини йиғиб, Сурия аҳлига режимни ағдаришларида ёрдам бериши керак эди. У бундай қилиш ўрнига, Америкага қулоқ солиб, ҳамма истакларини бажариб турди ва охир бориб, шу аҳволга тушиб қолди. Яъни Туркия бугун Сурияда Америка фойдасига хизмат қилиб, ажралиб чиқишни талаб қилаётган курдлар учун янги бир ҳаракат базасининг пайдо бўлиш хатарига юз тутмоқда. Туркия президенти Эрдоган 2016 йил 17 февралда «Биз янги бир Қандил пайдо бўлишига ҳеч қачон рози бўлмаймиз», дея баёнот берди. Бу билан у Ироқдаги Курдистон Ишчилар партияси Туркияга қарши ҳаракатга келаётган Қандил тоғларига ишора қилди. Турк президенти ўзининг бу баёнотини Анқарадаги портлашлар ортидан ўша куннинг ўзида берди. Бош вазир Довудўғли портлашларда Курдларнинг Халқ Мудофааси отрядлари (YPG)ни айблади. Довудўғлига кўра, Курдларнинг Халқ Мудофааси отрядлари Сурия фуқароси бўлган бир шахс орқали Курдистон Ишчилар партияси томонидан қўллаб-қувватланган.

Демократик Иттифоқ партияси Туркиянинг бу айбловини рад этди. У Туркия раҳбарларини «Сурияга босқин қилишни оқлаш мақсадида портлашлар ортида туришибди», дея айблади. Курд отрядларидан айни айбловни узоқлаштириш мақсадида Курдистон Озодлиги Лочинлари ташкилоти портлаш масъулиятини ўз зиммасига олди ва портлашни амалга оширган бир турк фуқароси номини айтди. Бу Довудўғли айтган шахснинг исми ва мансублигига ҳам зид ном эди. Маълумки, Америка Курдистон Озодлиги Лочинлари ташкилотини 2008 йил террористик ташкилотлар рўйхатига киритган. Бу ишлар шуни англатадики, Туркия Сурияда Америка фойдасига хизмат қилаётган Курд отрядларини баҳона қилиб, Сурияга босқин қилишдан узоқлаштирилмоқда. Америка айни вақтда Туркиянинг Сурияга бевосита босқин қилишини истамаяпти.

Америка Туркиянинг – портлашларни шу отрядлар қилди, деган айбловига рози бўлмади, аксинча, уларни қўллаб-қувватлашини, отрядларни ҳам, Иттифоқ партиясини ҳам террористик ташкилот деб ҳисобламаслигини билдирди. Саудия Америка кўрсатмаларига итоат қилиб, Туркиянинг бу позицияси олдида сукутни лозим кўрди ва уни қўллаб-қувватламади, бу отрядларни террористик ташкилот деб ҳисобламади. Зотан, Саудия Америкага тобе бўлиб, ўз манфаатларидан воз кечиб бўлса ҳам, Америка истакларидан ташқари қадам ташламайди. Бироқ Туркия ўз манфаатларини ўйлайди ва Америка таъсири остида юради. Бу эса Туркия хатти-ҳаракатларидан Американинг норози эканини кўрсатмоқда.

АҚШ давлат департаменти вакили Кирби «Портлашни амалга оширган одамнинг шахси номаълум қолмоқда», деди ва Туркиядан бу отрядларга ҳужум қилишдан тийилишни талаб қилди. Ҳатто Кирби «Биз Туркиядан ИШИДга зарба бериш учун тузилган халқаро коалициядан чиқиб кетишини талаб қилмаймиз. Аммо сўнгги қарор Анқара қўлида қолмоқда», деди. Гўё Америка Эрдоганнинг «Америка ё бизни танлаши керак ёки террорчи курд ташкилотларини», деган сўзига жавобан, «Биз бу отрядлардан воз кечмасликка қарор қилдик», деяётганга ўхшайди. Бу эса Қўшма Штатларнинг Туркиянинг босқинидан кўра, ўзига малай курд ташкилотларидан фойдаланишни афзал кўраётганига далолат қилади. Америка мана шу ташкилотлар орқали Сурияга кириб олди ва ўша ерда жосуслик базасини ўрнатди. Чунки бу ташкилотлар бошдан оёқ америкапараст ташкилотлардир. Америка Туркиянинг ушбу ташкилотларга зарба бериш учун Сурияга босқин қилишини хоҳламаётгани учун ҳам юқоридаги баёнотларни бериб, мана шундай позицияда турибди.

2016 йил 19 феврал куни Эрдоган қаттиқ ғазабланди ва Кирбига раддия сифатида бундай деди: «Мен Кирбига мурожаат қилмайман, айни мавзуни бевосита Обама билан муҳокама қиламан. Мен унга бир неча ой аввал Қўшма Штатлар жўнатган ҳарбий техниканинг ярми Курдларнинг Халқ Мудофааси отрядларига етиб борганини айтгандим. Менда 28 нафар шахснинг ўлимига сабаб бўлган машина портлаши ортида Демократик Иттифоқ партиясининг қуролли қаноти бўлмиш Халқ Мудофааси отрядлари турганига асло шубҳа йўқ». У яна «Келгусидаги президент Обама билан бўлган учрашувда уни Американинг Суриядаги курд жангариларига етказиб бераётган ёрдамларидан огоҳлантиришини» айтди. У яна бундай деди: «Демократик Иттифоқ партияси билан Халқ отрядларининг террорчи ташкилот эканлигига етарли далиллар бўлишига қарамай, Ғарбнинг уларни террорчи ташкилот дея эълон қилмаётгани ачинарлидир». У Россияни, Башар режимини ва отрядларни «Туркия жанубида курдлар учун минтақа пайдо қилишни» мақсад қилаётганликда айблади. Туркия ташқи ишлар вазири Човушўғли 2016 йил 20 февралда «Сурияда Давлат ташкилотига қарши курашишда Халқ мудофааси отрядларига ўхшаган террорчи гуруҳларга таяниш биринчи навбатда заифликни кўрсатади, айниқса, иттифоқчимиз бўлган Қўшма Штатлар бу хатони дарҳол тўхтатиши лозим» деди ва бу хатони тўхтатишни талаб қилди. 2016 йил 19 феврал куни кечқурун Америка ва Туркия президентлари ўртасида телефон сўзлашуви бўлиб ўтди. Улар 80 дақиқа ўзаро суҳбат қуришди. Ахборот воситалари «Эрдоган Инжирлик базасини ёпиб қўйиш билан таҳдид қилди ҳамда Халқ отрядларининг сиёсий қаноти ҳисобланган Демократик Иттифоқ партиясига кўрсатиладиган ҳар қандай янги ёрдамлардан огоҳлантирди», дея хабар тарқатди.

Оқ уй матбуот воизи Жош Ирнестга кўра, икки раҳбар телефон орқали суҳбатда «Сурия масаласига тўхталиб ўтишди. Учрашиш тўғрисида яқин орада батафсил маълумотлар берилади. Шунингдек, терроризмга қарши кураш ва Суриядаги сўнгги ўзгаришлар билан боғлиқ Америка-Туркия ўртасидаги бугунги ва эртанги ҳамкорликларга ҳам тўхталишди. Улар Мюнхен конференциясида эришилган Сурияда ўт очишни тўхтатишга оид келишувни иккала давлат ҳам маъқуллашларини билдириб, ИШИДга қарши кураш масаласида мақсадлари муштарак эканини очиқлашди». АҚШ Давлат департаменти воизи Тонер Эрдоганнинг Американи айблаши ҳақида берилган саволга «Америка Курд Халқ отрядларига ҳеч қандай қурол етказиб бермаган», дея жавоб берди.

Сурия режими ушбу отрядлар билан ҳамкорлик қилганини эътироф қилди. 2016 йил 19 февралда Башар Асад маслаҳатчиси Бусайна Шаъбон «Демократик Иттифоқ партияси ва унинг ҳарбий қаноти бўлмиш Халқ отрядлари аъзолари сурияликлардир, улар Сурия ерларини озод этишда Сурия армияси ва Россия учоқлари, халқ мудофаа отрядлари билан ҳамкорлик қилишмоқда», деди. Бу албатта, Сурия режимининг Америкага тобелигини, Америка бу отрядларнинг ҳаммасини қўллаб-қувватлаётганини ва айни томонлар ўртасида ўзаро келишув мавжудлигини англатади.

Башар Асад «Сурия ерларини тўла қайтариб олмагунча террорчи жамоаларга қарши жангни давом эттириш»га аҳд қилди. Бу эса Россияни ғазаблантирди. Шу боис 2016 йил 19 февралда Россиянинг БМТдаги доимий вакили Виталий Чуркин «Агар улар (Асад ва унинг тарафдорлари) ҳеч қандай ўт очишни тўхтатишнинг ҳожати йўқ, тўла ғалабани қўлга киритишимиз учун биз жанг қилишимиз керак, деган фикрда бўлишса, у ердаги низо янада узоқ вақтга чўзилиб кетади. Буни тасаввур қилишнинг ўзи даҳшат», деди. Яна бундай деди: «Россия бу бўҳронга сиёсий ва дипломатик жиҳатдан, ҳозир эса ҳарбий жиҳатдан жуда жиддий аралашди. Бинобарин, бу нарсага Башар Асаднинг жиддий эътибор беришини истаймиз. Чунки Сурия президентининг ҳозирги позицияси Россия сарфлаётган дипломатик ҳаракатларга мувофиқ келмаяпти. Агар Сурия кризисни ҳал қилишда Россия етакчилиги остида юрса у учун бу кризисдан обрўсини сақлаб чиқиб кетиш имконияти бўлади. Агар қайси бир йўсинда бу йўлдан узоқлашса бу уларга нисбатан жуда оғир вазиятни вужудга келтириши мумкин». Мюнхен келишувини «Умид қиламанки, Дамашқ беш йиллик вайронагарчиликлар ортидан бугун Сурия учун қулай имконият мавжудлигини тушуниб етади», дея изоҳлади. Яъни, Россия Сурияда тугамас жангга киришишни истамаяпти. Чунки бу унга катта чиқимларни келтириб чиқаради ва бунинг анча вақтгача салбий оқибатлари бўлади. У Америка билан биргаликда сиёсий ечим сари кетаётган экан, қўзғолоннинг тўхташини, илмоний режим сақланиб қолишини ва Исломнинг бошқарувга келишига тўсиқ қўйилишини хоҳлайди. Башар Асаддан ҳам мана шундай ечим бўйича ҳаракат қилишини истайди. У ердаги урушни давом эттиришни фойдаси бор, Россия уни қўллаб-қувватлашда давом этади, деб ўйламаяпти. Натижада, Башар Асад 2016 йил 20 феврал куни берган баёнотда «Террорчиларнинг ўт очишни тўхтатишдан фойдаланиб қолишига, хусусан, Туркия томонидан террористларга қурол-яроқ ва бошқа ёрдамлар етказиб берилишига йўл қўймаслик шарти билан ўзининг ўт очишни тўхтатишга тайёр» эканини билдирди. У яна бундай деди: «Ҳозир Сурия отрядлари шимолдаги Ҳалаб шаҳрини деярли тўла ўз назоратига олди ва ИШИД таянчи ҳисобланган Раққа шаҳри томон ҳаракатланмоқда».

Саудия ташқи ишлар вазири Одил Жубайр баёноти ҳам янгради. Унинг бу баёноти 2016 йил 20 февралда Гарманияда чиқадиган «Дер Шпигель» журналида чоп этилди. Баёнотда таъкидланишича, «Саудия Арабистони Суриядаги мўътадил жамоаларга Асад режими вертолётларини қайтариш учун ер-ҳаво ракеталарининг етказиб берилишини қўллаб-қувватлайди. Россия аралашуви Башар Асадни узоқ муддат давомида қутқариб қололмайди. Сурияда сиёсий амалиёт амалга ошиши учун Асад кетиши керак». Баёнотда яна бундай дея таъкидланди: «Юзлаб жангариларнинг Идлибдан Туркияга кириб, Бобус Салома чегара пости орқали – Аъзазда жанг қилиш учун – Ҳалабга ўтиб олишларига Туркия йўл бериши керак». Демак, Саудия билан Туркия Ҳалаб қўлдан чиқиб, Башар Асад назоратига ўтишини исташмаяпти. Бу эса бўҳрон ҳали давом этишини англатади. Чунки уларнинг ечимига одамлар ҳаргиз рози бўлмайдилар, ҳаргиз бунга сукут қилмайдилар ва буни Америка ҳам, Россия ҳам тушиниб турибди. Шунинг учун иккаласи жангни тўхтатишга келишиб олишган. 2016 йил 21 февралда АҚШ давлат департаменти вакили Кирби таъкидлашича, «Америка ташқи ишлар вазири Керри билан унинг рус ҳамкасби Лавров Сурияда ўт очишни тўхтатиш механизмига ҳозирча эришганлари йўқ», бироқ «Имкон қадар қисқа вақт ичида ҳарбий амалиётларни бутунлай тўхтатиш мумкинлигига умид қилаётганини», билдирди. Сурия музокарачилар олий ҳайъати бундай баёнот чиқарди: Ҳайъат 2016 йил 22 феврал куни вақтинчалик сулҳ қарорини қабул қилади, шу шарт биланки, Сурия режими ҳам, Россия каби иттифоқчилари ҳам ўт очишни тўхтатишга амал қилишлари кафолатлансин. (Ўрта Шарқ ахборот агентлиги 2016 йил 21 феврал). Бу баёнотни 2016 йил 19 февралда Виталий Чуркиндан мактуб олгандан сўнг чиқарди. «Рейтер»га яқин бир манбанинг айтишича, ҳайъат «Икки ёки уч ҳафта давом этувчи ва ИШИДдан ташқари Жабҳатун Нусрани нишонга олиш тўхтатилиши билан яна янгиланувчи сулҳга рози бўлди».

Хуллас калом, Америка сиёсий ечимни амалга ошириш учун жангни тўхтатишни истамоқда, Россия ҳам шуни хоҳлаб, у билан бирга ҳаракат қилмоқда. Бу ечим талабларидан бири шуки, Башар Асад ишнинг охирида кетиши, илмоний режим сақланиб қолмоғи даркор, акс ҳолда, бўҳрон давом этаверади. Бугун Америка олдида айрим жангари гуруҳларни музокарага мойил қилиб, ўз ечимига рози қилиш учун улкан имконият мавжуд. Сурия қўзғолонининг оқибатларидан қутулиш учун бунга Туркия билан Саудия ҳам рози. Лекин, Эрдоган Туркияси Сурия келажагидан, яъни Американинг ҳокимиятга курдларни олиб келиши мумкинлигидан хавотирда. Бироқ агар охирида Америка буни амалга оширгудек бўлса, Туркия ҳар доимгидек унга итоат қилаверади. У – Америка Ироқни босиб олиб, Ироқ шимолида курдлар вилоятини вужудга келтирганда ҳам, бунга индамай итоат қилган эди. Мана шундай тил бириктирувларга қарамай, биз шундан умидвормизки, Сурия аҳли сабот-матонатда давом этадилар ва уларга итоат қилмайдилар. Улар исломий шариатга хилоф ҳар қандай ечимга қарши курашиб, ўз мақсадларини, яъни Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифаликни барпо этишни рўёбга чиқарадилар.

Роя газетасининг 2016 йил 24 феврал чоршанба кунги 66-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here