БМТнинг уруш жиноятлари бўйича собиқ бош прокурори Карла Дел Понте Сурияда минглаб бегуноҳ тинч фуқароларнинг қурбон бўлишига сабаб бўлган Россия ҳужумларини “ижобий иш” сифатида баҳолади. Понтега кўра, дунё кўз ўнгида мактабларнинг ҳужумга тутилиши, ўқувчиларнинг қирғин қилиниши, касалхоналарни бомбардимон қилиб, беморлар ва шифокорларнинг қатл қилиниши, ёш болалар ва аёлларнинг ҳаводан ҳужумга тутилиши террорга қарши ҳужум ҳисобланар экан.
“Шахсан, мен Россиянинг Сурия масаласига аралашувини террорчи ташкилотларга қарши курашда жуда яхши ҳаракат, деб ҳисоблайман. Ниҳоят биттаси чиқиб ИШИД ва Нусра каби террорчи ташкилотларга қарши ҳужум қилмоқда”, деди Карла дел Понте РТС телеканалига берган интервьюсида.
Таҳлилчиларнинг билдиришича, Россиянинг 30 сентябрдан шу кунга қадар уюштирган аксар ҳаво ҳужумларидан ИШИД эмас, аксинча тинч аҳоли жабр кўрган. Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерватотияси 2015 йил 30 январда берган ҳисоботида келтиришича, 30 сентябрдан буён Россиянинг ҳужумлари оқибатида 1400 бегуноҳ тинч аҳоли ўлдирилган. Бошқа гуруҳлар эса Россия ҳужумидан ўлган тинч фуқароларининг сони кўрсатилганидан анча ортиқ эканлигини айтишмоқда.
Россия ҳаво кучлари Сурияда ҳужумларини яна ҳам кучайтиргани айтилмоқда. Сўнги хабарларга кўра 6 кун ичида, яъни 10-16 феврал оралиғида 1593 марта ҳужум амалга оширилган. Бу ҳужумлар Ҳалаб, Ҳомс, Ҳама, Латакия, Дайруз-Зур ва Деръа шаҳарларида амалга оширилган.