Қозоғистон яроқлилик муддати тугаётган ўқларни Қирғизистонга беради

596
0

 Қозоғистон Қирғизистонга эвазсиз ҳарбий-техник ёрдам кўрасатади. Жумладан, қўшни давлат Қирғизистонга яроқлилик муддати тугашига яқин қолган беш миллион донадан зиёд ўқ (патрон)ларни беришни режалаштирмоқда , чунки “уларни бериб юбориш қайта ишлашдан” арзон тушиши айтилмоқда. Мазкур қарор сенаторлар томонидан 18 феврал пайшанба куни бўлиб ўтган пленар йиғилишда қабул қилинди.

“Мазкур битимда Қирғизистонга С-75МЗ зенит-ракета тизими эҳтиёт қисмлари, ўқ-дорилар, тутинли граната ва шашкаларни эвазсиз тақдим қилишни назарда тутилган. Буларни етказиб бериш Қозоғистон қуролли кучлари юк машиналари билан Қирғизистоннинг Қўйтош аҳоли пунктигача етказиб берилади”, – деди мудофаа вазири ўринбосари Окас Сапаров депутатларга берган ҳисоботида.

 Шунингдек, у Яқин Шарқ ва Афғонистон ҳудудида Марказий Осиё минтақаси учун очиқ таҳдид пайдо қилаётган жараён ривожланиб бораётганини эслатиб ўтди.

 “Шу муносабат билан ҳарбий-техник ёрдам кўрсатиш Қирғизистон қуролли кучлари қудратини оширади ҳамда таҳдидларни бартараф қилиш ва Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни мустахкамлаш имкониятини беради”,- деди Окас Сапаров.

 Депутатлар эса қўшниларга қурол-аслаҳа бериш орқали “қозоқ бағри кенглигини намоён қилиш” шунчали зарурми, дея сўроқ ташлашди.

 “Биз беш миллионта ўқ беришимиз керак. Демак улар бизда ортиқча ёки бошқа тизимга тегишли? Ўзимизда шу вақтга ўқ-дори заводи йўқ. Менинг билишимча, биз шу вақтга қадар ўқ-дорини четдан сотиб оламиз. ОАВ орқали эшитишимча, Жанубий Қозоғистон вилоятидаги ҳарбий қисмда         ўқ-дорилар етишмаётгани сабабли ҳарбий прокуратура жиноий иш очган. Уларни ё отиб тугатишган ёки умуман бўлмаган”, – деди сенатор Дулат Куставлетов.

 Мудофаа вазири ўринбосари Қозоғистон мамлакат учун ортиқча бўлган ўқларни бераётганини, бундан ташқари яқин вақт ичида улар яроқсиз бўлиб қолишини тушинтириб ўтди.

 “Ҳар қандай ўқ ва бошқа нарсанинг муддати бор. Биз бераётган ўқ ва гранаталарнинг яроқлилик муддати тугаяпти. Биз уларни ажратиб бўлдик, ҳамкасбларни таклиф қилдик, яроқли ёки яроқсизлигини кўриб чиқиб, шунга асосланиб беряпмиз”, – дея тушинтиб ўтди Сапаров.

 “Берилаётган ўқлар сонига келсак, вазир ўринбосари тушинтиришга ҳаракат қилди, биз беш миллион донадан кўпроқ ўқ берар эканмиз. Бизда эса улар милларддан ҳам кўп. Бундан ташқари уларнинг муддати тугаяпти. Биз кейинчалик уларни қайта ишлашимиз керак бўлади, ахир бу ҳам чиқим. Биз зарар кўраётганимиз йўқ, балки ҳатто ютамиз. Уларни йўқ қилиш керак бўлади, улар эса фойдаланишади”, – деди сенатор Мухтор Алтинбоев.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here