“Мен мусулмонлар радикаллашуви камайиб боряпти, деб ҳисобламайман”, деди Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 24 декабр куни йил якунлари бўйича ўтказган матбуот анжуманида.
У айрим мамлакатларда оқ дўппи кийиш тақиқлангани, қаердадир соқол қўйиш мумкин эмаслигини эслатиб ўтди.
“Тақиқлаш ҳеч қаерга олиб бормайди. Энг осони тақиқлаш. Аммо мен мусулмонлар радикаллашуви камайиб боряпти деб ўйламайман. Мана қўшниларимиз “Таблиғ” жамоасини тақиқлашди, улар йўқ бўлиб кетди деб ўйлайсизми? “Таблиғ” жамоаси даъватчиларку. Улар ҳам биз айтган нарсани айтишади. Уларни ўз ҳолига ташлаб қўймаганимиз бошқа иш”, – деди Атамбаев.
У “ўзининг қариндошлари уч ой ароқ ичишини, кейин уч ой даъват қилишларини” айтиб ўтди.
“Энди янги тизим жорий этилди, агар улар даъватга чиқишмоқчи бўлса, у ҳолда аниқ мезонлар, танланган мавзу режалари бор. Агар буни тақиқласанг, у ҳолда улар бошқа йўлга кириб кетишади. Радикаллар камайгани йўқку. Аксинча, ёппасига тақиқ қўйилган мамлакатларда кўпайиб боришмоқда. Бутунлай тақиқ қўйиш керак эмас, одамлар қўлларига қурол олишади. Биз ўз йўлимиздан бормоқдамиз. Мени “ИШИД” қўрқувга солмайди, мен Қуръонни бир неча бор ўқиб чиққанман ва ҳар қандай теолог билан суралар бўйича баҳслашишим мумкин. “Таблиғ” жамоасини тақиқламай биз тўғри иш қилдик”, – дея таъкидлаб ўтди Атамбаев.