Сўнги вақтларда Афғонистон шимолида вазиятнинг кескинлашиб кетиши туркман ҳукуматини жиддий ташвишга солиб қўйди. Шу сабабли ҳам Туркманистон ҳукумати мамлакатнинг нисбатан тинч бўлган минтақаларида жойлаштирилган кучларни Афғонистон чегарасига ташлай бошлади.
Чегера қўшинларидаги манбанинг маълум қилишича, айни вақтда туркман-афғон чегарасига мамлакатнинг 70 фоизга яқин ҳарбий техникалари ва пиёда қўшинлари қурол-яроқлари жамланган. Мари ва Лебап вилоятларида жойлашган ҳарбий-тактик батальонлар эса қўшимча артиллерия қуроллари, ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари билан кучайтирилган.
Унинг сўзларига кўра, сўнги бир неча кун ичида Мари вилоятига танклар юкланган иккита ҳарбий эшелон етиб келган. Поезд Лебап вилоятидан келган.
“Мустақиллик”ка эришганидан буён бетарафлик сиёсатини қўллаб келаётган Туркманистон тушиб қолган оғир вазиятдан фойдаланиб қолишга интилаётган Россия ҳукумати агар зарурат туғилгудек бўлса КХШТ кучлари Туркманистонга ёрдам беришга тайёр эканлигини маълум қилди.