БМТ Сурия масаласида муваффақиятсизликка учраганлигини тан олди

529
0

Нью-Йоркда ташкил қилинган БМТ бош ассамблеясида нутқ сўзлаган БМТ бош котиби Пан Ги Мун Сурия масаласи назорат чангалидан чиқиб кетганлигини маълум қилди. Унинг айтишича, тўрт йил давом этган уринишларнинг барчаси беҳуда кетган.

“БМТ хавфсизлик кенгаши ва бошқа уринишларнинг дипломатик жиҳатдан тўрт йил давомида муваффақиятсизликка юз тутиши Сурия инқирозининг назоратдан чиқиб кетишига сабаб бўлди”, деди БМТ бош котиби.

Пан Ги Мун АҚШ, Россия, Туркия, Эрон ва Саудия Арабистони давлатларини Сурия масаласини ҳал қилиш учун жадалроқ ҳаракат қилишга чақирди.

Бошқа бир тарафдан эса Сурияда юзага келган инқирозга ечим топиш илинжида олти давлатдан иборат “Сурия бўйича халқаро алоқа гуруҳи”, ташкил қилиниши ҳақида айтилмоқда. “РИА” ахборот агентлиги Россия ташқи ишлар вазирининг ёрдамчисига таянган ҳолда мазкур олти давлатнинг номини эълон қилди. Агентликка кўра, АҚШ, Россия, Туркия, Эрон, Саудия Арабистони ва Миср давлатлари октябр ойида учрашув ўтказишлари кутилмоқда.

Бу давлатлар шу пайтгача Сурия масаласида бир бирига зид позицияга эга эканликларини даъво қилиб келишаётган эди. Россия ва Эрон Асад тарафдори бўлса, АҚШ, Туркия ва Саудия Арабистони Асаднинг кетиши зарурлигини қайта-қайта такрорлаб келишди. Бугунга келиб воқеа ривожи жиддий тус олгач, бу давлатлар ҳам очиқчасига сиёсат юритишга ўтишди.

АҚШ давлат котиби Жон Керри АҚШнинг “CNN” каналига интервью бериб, Асадга эҳтиёж борлигини билдирди.

“(Асад масаласида) фикримизни ўзгартирдик. Бу кетишда бирор натижага эриша олмаймиз. Қасос кетидан қувишни бас қилиш ва яна кўплаган инсонларнинг ўлимини олдини олиш учун бошқарувга лойиқ муваққат ҳукуматга мухтожмиз”, деди АҚШ давлат котиби.

Жон Керри Сурияда инсонлар ўлимини тўхтатиш учун Асад иқтидорда қолиши зарурлигига урғу берди. Ваҳолангки, Асад кучлари Сурияда тинч аҳолини қандай қирғин қилаётганига бутун дунё гувоҳ бўлиб турипти.

Керрининг таъкидлашича, Асаднинг иқтидордан кетиши мамлакатда кутилмаган “портлаш”нинг юзага келишига сабаб бўлиши мумкин. Бундан аввал у “Асад кетиши керак, лекин ҳозир кетиши шарт эмас”, деган баёнот билан чиққан эди.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here