Нато Украинада расмий ваколатхонасини очади

557
0

Украина мудофаа вазирининг ёрдамчиси Игор Долгов сентябр ойида Украина пойтахти Киевда Натонинг расмий ваколатхонаси очилишига доир битим имзоланишини маълум қилди. Европа интеграцияси масаласи устидан масъул бўлган Долгов Нато бош котиби Женс Столтенбергнинг Украинага илк бор сафар қилишини ва ўртада ўзаро ҳамкорликка оид бир қанча битимлар имзоланишини билдирди. Бундан ташқари Киевда Украина-Нато ҳамкорлиги доирасида “Украина 2015” номли фуқароларни мудофаа қилиш соҳасида амалга оишириладиган халқаро машғулот Нато бош котиби Женс Столтенбергнинг назорати остида олиб борилади.

Долгов ташқи давлатлардан Украинага жангавор қуроллар олиб келиниши ҳақида ҳам учрашувлар ўтказилганлигини айтиб ўтди. Бироқ бу учрашувлар натижаси сир тутилиши сабабли бу ҳақида батафсил маълумот бера олмаслигини билдирди.

“Москва Украинанинг шарқига танк, оғир қуроллар ва ёлланма аскарлар жойлаштираётганда ҳеч кимдан рухсат олган эмас. Укранага қурол беришдан ўзини олиб қочаётган давлатлар нимадан қўрқишяпти? Россия буни бир йилдан буён амалга ошириб келади”, деди Украина мудофаа вазирининг ёрдамчиси.

Игор Долгов Украинанинг ҳар қандай иттифоққа аъзо бўлиш ҳуқуқи борлигини ва шу сабабли қўшни давлатлар билан ҳамкорликни давом эттираверишини қайд этар экан, “бундай ҳамкорликни ривожлантиришга эҳтиёж мавжудлиги аниқ. Мудофаа вазирлиги учун бу бирламчи вазифалардан бири ҳисобланади”, дея қўшимча қилди.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here