Грециядаги молиявий кризис

495
0

Саволга жавоб

Грециядаги молиявий кризис

Савол:

Грециядаги молиявий кризис Европа маҳаллий ҳодисалари ҳамда оламий ҳодисалар қаторидан катта ўрин олди ва кенг доирадаги тортишувлар, таҳлиллар, саволлар ва тахминларга сабаб бўлди… Греция Европанинг қутқазиш режасига розилик бергани эълон қилинди. Бизда шундай савол бор: Бу кризис воқелиги нимадан иборат ва у қандай пайдо бўлди? Таъсир ўтказувчи давлатларнинг бу кризисдаги роли нимадан иборат? Ана шу режа Греция кризисини ҳал қила оладими? Савол чўзилиб кетгани учун узр сўраймиз, Аллоҳ сизга яхшиликни мукофот қилсин.

Жавоб:

Бунга жавоб бериш учун бу кризисдаги янги жиҳатларни кўриб чиқамиз. Биз 2015 йил 28 февралдаги таҳлилимизда ўша пайтда бу мавзу ҳақида бўлаётган нарсаларни кўриб чиққан эдик. Шундай бўлсада янгиликларга эътибор бериш билан бирга бўлиб ўтган нарсаларга ҳам назар ташлаб ўтамиз:

Биринчи: Бу кризис воқеси:

  • Грециядаги иқтисодий кризис илдизлари бу мамлакат 2001 йилда евро минтақасига кирган вақтга бориб тақалади. Ўша пайтда Америка ҳукумати Америка кредит рейтинги ширкатлари орқали тил бириктирган, натижада бу ширкатлар Грециянинг рейтинг даражасини кўтарган эди. Америка Грециянинг евроминтақага қабул қилиниши учун шундай қилган эди. Греция буни била туриб «ўзининг молиявий аҳволини евроминтақа раҳбарларидан яширган эди. Греция еврога қўшилганидан кейин Константинос Караманлис бошчилигидаги центрист ҳукумати 2004 йил мартда ҳокимиятга келди. Бу ҳукумат қўрқинчли фактларни аниқлади, улардан энг муҳими бюджетдаги камомад олдинги ҳукумат еврога қўшилган пайтда билдирганидек 1,5 % эмас, балки 8,3 %га етганлиги эди, яъни камомад ишониб келинганидан беш ярим марта юқори эди» (Мисрул Арабийя ёритишлари, 2015 йил 22 июл). Шундай қилиб демак Америка евроминтақага бир портловчи минани киритишни истаган, вақти келиб ана шу қарзлар муаммоси «портлаб» евроминтақа кризисга ботиши ва ана шундан кейин евро қиймати тушиб кетиб доллар билан рақобатлаша олмайдиган аҳволга тушиб қолиши учун Америка шундай макр қилган. Шундай ҳам бўлди, чунки кўп вақт ўтмай Греция елкасидаги улкан қарзлар кризиси юзага чиқди.
  • 2008 йилдан бери Греция қарзларни тўлаш учун яна қарзлар олиш орқали бу кризисдан чиқиб кетишга уринмоқда, лекин бу уриниши фойда бермаяпти. Бирин-кетин алмашаётган ҳукуматлар ҳам қарз олиш орқали иқтисодга зўр бериб маблағлар ташлади, лекин мамлакат иқтисодини қутқаза олмади. Чунки бу ҳукуматлар Греция елкасида тоғдек уйилиб ётган қарзларни тўлаш учун, рибо (процент)дан иборат ва ўзининг қарзлари бўйича тўлайдиган суғурта пулларидан иборат қарз хизматларини тўлаш учун яна қарз олмоқда. «Шунда Грецияга ёрдам учун евроминтақадаги бошқа давлатлар Еврокомиссия, Европа марказий банки ва Халқаро Валюта Фондидан ташкил топган тройка деб аталаётган нарса кўринишида аралашди. 2010 йил майда евроминтақа раҳбарлари Греция ҳукумати билан 110 миллиард евро қийматида қутқазиш қарзи бериш борасида келишиб олишди. Лекин бу қутқазиш оғир шартлар билан бирга келди. Бу шартлар орасида ҳукуматнинг солиқлар йиғиш тизимини яхшилаш ва омма халққа қилинадиган сарф-харажатларни камайтириш шарти ҳам бор. Бу мамлакат бюджетини тартибга солишга уринишдир. Қутқазиш учун берилган қарзнинг биринчи қисми Греция аҳволини яхшилашга етарли бўлмагани учун ҳукумат 2012 йил февралда қутқазиш фондидан яна бир қарз олишга рози бўлди, бу билан эса қарзга олинган пулларнинг умумий суммаси 246 миллиард еврога етди. Тежамкорликнинг янги режаси бўйича келишув аввалгисидан ҳам оғир бандлар билан бўлди, натижада ишлар янада ёмонлашиб ишсизлик даражаси 25 %дан ошиб кетди, ишсизлик даражаси ёшлар ўртасида 50 %дан ҳам юқоридир» (Мисрул Арабийя ёритишлари, 2015 йил 22 июл). Бу аҳвол солиқдан тушадиган киримларнинг камайишига олиб келди. Бу эса ҳукумат бюджетидаги кескин камайишга олиб келди ва Греция ҳукуматини ўзининг тўлов вақтлари келган қарзларини тўлашдан ожиз қилиб қўйди. Греция Халқаро Валюта Фондига ва Европа Иттифоқи банкига тўлаши керак бўлган қарзларини вақтида тўлаш учун курашиб бу валюта фонди ва Европа банки билан музокара олиб боришга уринди, лекин қарз берганлар тўлов шартларини ўзгартиришни рад этишди. Шундай қилиб Греция қарзга ботишда ва унинг иқтисодий аҳволи бир жойда депсинишда давом этаверди… Шунинг учун ҳукумат тежамкорликнинг янги пакети ҳақида бош қотирадиган бўлди! Лекин Грециядаги одамлар олдинги тежамкорлик пакети аччиқлигини тотиб кўришган эди. Шунинг учун 2014 йил ноябрдаги сайловларда Ципрас бу аҳволдан фойдаланиб ўзининг сайлов кампаниясини тежамкорликка қарши асосга қурди, одамларни Европа Иттифоқининг режаларини ва қарз берувчиларнинг шартларини рад қилиш учун ҳаракатга келтирди, агар сайловда ғалаба қозонса тежамкорлик бўлмаган шартлар билан музокараларни қайта бошлашни ваъда қилди… Ана шундан кейин у сайловларда ғолиб чиқди.
  • Ципрас Европа Иттифоқи ва қарз берувчилар қўйган шартлардан ҳеч нарсани ўзгартиролмади, ўзи одамларни ҳаракатга келтирган норозилик намойишларига ва тартибсизликларга қарамай қарз берувчиларни ва Европа Иттифоқини қарзларни енгиллатишга мажбур қилолмади. Чунки у «ўнг қўл» билан қонларни сўрадиган капитализм сиёсатлари билан юзма-юз келган эди, ҳозир эса у «чап қўл» билан қонларни сўрадиган капитализм ва социализм сиёсатларидан иборат бир қоришма билан юзма-юз келмоқда! Бу сиёсатлар эса фаровон ҳаётни ҳам, тўғри ҳаёт кечиришни ҳам вужудга келтирмайди, аксинча кураш тўхтовсиз давом этаверади… Кризис ана шу тарзда чигаллашиб жиддий тус олди, ана шундан кейин Греция банк системасига бўлган ишонч пастлаб кетди, балки бу ишонч йўқотилди, натижада омонат қўйилган пулларни қайтариб олиш авж олди: «Катимерини газетасининг билдиришича, Греция банклари ҳисоб-китобларига кўра банкларга омонат қўйган грецияликлар жорий ҳафтанинг бошидан бери икки миллиард евродан кўпроқ пулларни қайтариб олишган…» (Ал-Жазира, 2015 йил 21 феврал). «Греция марказий банки томонидан чиқарилган баёнотларда маълум қилинишича хусусий банкларга омонат қўйилган пуллар 23 миллиард еврога яқин миқдорда камайган, бу 2014 йил ноябрдан бошлаб 2015 йил майгача бўлган даврда омонат қўйилган пуллар умумий суммасининг қарийб 18 %ини ташкил қилади…» (Рақамлар сайти, 2015 йил 3 июн). «2015 йил 15-18 июл кунлари оралиғида қайтариб олинган пуллар ҳажми қарийб 3 миллиард еврога (3,39 миллиард долларга) етди. Бу эса шахслар ва ширкатларнинг апрел ойи охирида Греция банкларига қўйган омонат пуллари умумий суммасининг 2,2 %га яқинини ташкил қилади». (Рейтер, 2015 йил 19 июн).
  • Греция кризисга ғарқ бўлиб ётибди, унинг аҳволи жуда ачинарлидир. Лекин шунга қарамай Европа Иттифоқи, айниқса Германия тежамкорлик шартлари билан тўла кескин ҳужумни давом эттираверди. Масалан, Германия Грециядан молиявий қутқазиш ва иқтисодий ёрдам операциялари эвазига тежамкорлик программаларини амалга оширишни талаб қилди. Бунга жумладан Грециянинг ўз сарф-харажатларини камайтириши, ижтимоий таъминотга сарф-харажатни бутунлай тўхтатиш, ҳукумат идораларидаги вазифалар ҳажмини камайтириш, қарзларни тўлашни энг бирламчи вазифа қилиб қўйиш кабилар киради. Буларнинг оддий Греция фуқаросига етказадиган алам-азиятларидан қатъий назар шундай тадбирларни кўриш талаб қилинди. Германия юклаган тежамкорлик тадбирлари ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий парокандаликка олиб келди. Шундай қилиб ҳозирги кризис – ҳозиргина айтиб ўтганимиздек – шиддатли тус олди, айниқса банклардан пулларни қайтариб олиш кучайган пайтда шундай бўлди, ана шундан кейин банклар ёпилди… Музокаралар бошланди ва Греция ҳукумати муддати тўрт ой бўлган қўшимча қутқазиш даврини талаб қилди. Ҳукумат бу музокараларда мана шу қутқазиш келишуви шартларини яхшилашга эришилар деган умидда ана шу қўшимча муддат берилишини талаб қилди. Бу муддатнинг 2015 йил июнда тугаши тўғрисида қарор қилинди. Бу музокараларни сўлчи партия Сириза агар 2014 йил охиридаги сайловларда ғолиб чиқса олиб боришни ваъда қилган эди. Бу партия Грециянинг қарзлари борасида қайта музокара ўтказишни ва қарз берганлар қўйган тежамкорлик шартларига асло бўйсунмасликни ваъда қилган ва мана шу асосда сайловларда ғалаба қозонган эди… Греция ҳукуматининг июн охирида тўлов вақти келган қарзларни қарз берганларга тўлашига қарор қилинган эди. Бу қарзлар 1,6 миллиард еврога етди. Лекин ҳукумат буни тўлаш учун Европа Иттифоқи томонидан бериладиган қутқазиш пулларига муҳтож эди. Шунинг учун ҳукумат ана шу пулларни олиш учун келишув бандларига ўзгартириш киритмоқчи бўлди. Бу қайта музокаралар кўпгина учрашувларга олиб келди, лекин бу учрашувларда биронта келишувга эришилмади. Шунинг учун Халқаро Валюта Фондининг расмий вакили Жерри Райс 11 июн пайшанба куни фонднинг музокараларда қатнашаётган вакиллари Грецияни қутқазиш сўзлашувларидан чиқиб кетишгани сабабини бундай деб изоҳлади: «Греция «стадиони»даги «копток» шу даражада каттаки, бунинг оқибатида кўпгина асосий жиҳатларда ўртамизда катта келишмовчиликлар бор, бу келишмовчиликлар доирасини торайтиришда охирги пайтларда ҳеч қандай олдинга силжиш бўлмади». Халқаро Валюта Фонди Афинани ён бермасликларда айблади, бунинг ортидан немис молия вазири Йерун Дейсселблум 12 июнда бундай деди: «… Агар Греция ўзига ўзи ёрдам беришни истамаса биз Грецияга ёрдам беролмаймиз… Грецияликлар жиддий таклифлар билан келишлари лозим».
  • Греция ҳукумати Европа Иттифоқи шартлари ўрнига бир қанча қатор таклифларни киритди. Лекин Европа Иттифоқи бу таклифларни ҳар сафар рад қилди. Бунинг акси ўлароқ Европа Иттифоқининг таклиф қилган пакети нафақахўрлар, ҳукумат идоралари хизматчилари оладиган маошларни ва ҳукумат бюджетини кескин қисқартиришлардан иборат эди. Бунинг эвазига қутқазиш пуллари ва Греция банкларига пуллар бериладиган бўлди. Греция ҳукумати қарзларни бекор қилмоқчи ва тежамкорликни кўпроқ йилларга тақсимламоқчи бўлаётган бир вақтда Германия бу пакетга шиддат билан бошчилик қилди. Шунинг учун Греция ҳукумати Европа Иттифоқи талаб қилган тежамкорлик талабларини биратўла кескин рад қилди… Европа Иттифоқининг музокара олиб борган вакиллари ўзлари қўйган шартларни ўзгартиришни рад этишди ва Греция ўзининг 27 июнда тўлаш вақти келган қарзларини тўлаш учун ишлатиши керак бўлган пулларни ҳибс қилиб қўйди. Шу сабабли Греция ҳукумати Европа Иттифоқи томонидан музокараларда таклиф қилинган шартларни 2015 йил июлда ўтказиладиган референдумда халқ ҳукмига ҳавола қилажагини эълон қилди… Греция ҳукумати референдум орқали Европа Иттифоқига босим ўтказишга уринди. Европа Иттифоқи музокарачиларининг ён бериб шартларни енгиллатишга мажбур бўлишларини умид қилиб шундай йўл тутди.
  • Референдум арафасида Греция бош вазири сайловчиларни бу шартларни рад қилишга ва референдумда «йўқ» деб овоз беришга чақирди. Европа Иттифоқида қолиш тарафдорларини «йўқ» деб овоз беришга қизиқтириш учун Греция бош вазири Ципрас телевидение орқали мурожаат қилиб Грециянинг евро минтақага аъзолиги хатарда эмаслигини айтди… Шунинг учун 5 июлда Греция фуқароларнинг катта қисми қутқазиш режасидаги шартларни рад этишни ёқлаб овоз беришди. Чунки 61 % йўқ, деб овоз берган бўлса, 39 %и ҳа, деб овоз берди, референдумда иштирок этганлар нисбати 62,5 %ни ташкил қилди… Референдумда йўқ, деб овоз берилган бўлса-да бу натижа Европа Иттифоқини, айниқса Германияни ана шу шартлардан чекинтиришга таъсир қилолмади. Шунинг учун Греция янги таклифларни илгари суришга розилик берди, бу янги таклифлар евро минтақанинг 7 июлдаги саммитига қилинадиган бўлди. Шу билан бирга немис молия вазири Греция қарзларини камайтиришга оид ҳар қандай таклифни ўрганиб чиқишни рад этди!
  • Тортишувлардан кейин евро гуруҳ ва Греция 2015 йил 13 июлда бир ўзаро келишувга эришди. Келишув бўйича қутқазиш программаси деб аталаётган нарса бўйича сўзлашувлар олиб бориладиган бўлди. Бу программанинг қиймати 86 миллиард евро бўлиб, муддати уч йилдир. Бунинг муқобилида мамлакат евро минтақада деярли дефолт бўлган мамлакат сифатида қолдирилади. Греция ҳукумати имзолашга мажбур бўлган бу келишувда солиқларни ошириш, нафақа низомини ислоҳ қилиш, яъни нафақахўрларни танг аҳволга солиш, сарф-харажатларни камайтириш механизмини ишлаб чиқиш, фуқаролик тадбир-чоралари қонунини қабул қилиш, Греция банкларига пул билан ёрдам беришга тааллуқли қонунни ишлаб чиқиш, омма мулкларини хусусийлаштириш ишларини ўтказиш (ҳозирги ҳукумат бунга қаршилик қилиб келаётган эди), шунга тааллуқли бир фондни таъсис этиш кўрсатилган. Бу фонд Грецияга қарз берган учта кучга: Еврокомиссияга, Европа марказий банкига ва Халқаро Валюта Фондига топширилади. Бу уч кучнинг вакиллари Греция иқтисодини назорат қилиш учун Афинага келади, уларга ҳукумат қарорларига эътироз билдириш ва баъзи қонун лойиҳаларига ва фикр сўровларига аралашиш ҳуқуқи берилади, келишув бўйича Грецияда кўпгина хизматлар ва товарларга солинадиган қўшимча қиймат солиғи 13 %дан 23 %га оширилади. Греция бу келишув орқали 320 миллиард еврога етган қарзлари структурасини қайта тиклаш имконига эга бўлган бўлса-да лекин бу қарзлардан ҳеч бир қисмини бекор қилинишига муваффақ бўлолмади. Греция қиймати 35 миллиард евро бўлган пакет бўйича муддати ўртача бўлган қарз олди. Бу қарз у мамлакатни иқтисодий турғунлик ҳолатидан чиқаришда янги инвестицияларни жалб қилади деган даъво билан олинди… Шундай қилиб демак евро минтақа лидерлари Греция бош вазири Ципрасни тежамкорликка барҳам бериш ҳақидаги ваъдаларидан воз кечишга мажбур қилишди. Улар уни Грециянинг ўз суверенлигининг катта қисмидан ана шу қарз берган учта куч томонидан бу мамлакат устидан бўладиган хорижий назорат фойдасига воз кечишига ҳам мажбур қилишди. Шунга биноан Европа Иттифоқи фавқулодда фонди 2015 йил 20 июлда Грецияга шошилинч қарз берди. Бу қарз миқдори 7,16 миллиард евро бўлиб, у Халқаро Валюта Фондига ва Европа марказий банкига Греция тўлаши керак бўлган шошилинч қарзларини тўлаши учун берилди. Бу Европанинг Грецияни қутқазиш режаси доирасида амалга оширилди. Греция молия вазирлиги ўзининг «(бу қарздан) 3,5 миллиард еврога етган асл қарздан ва бу қарз устига минган процент (бу процент 700 миллион еврога етган) тўловлардан иборат 4,2 миллиард еврони Европа марказий банкига тўлашини ҳамда 2,05 миллиард еврони 2015 йил 30 июндан бошлаб тўланиши керак бўлган, қолиб кетаётган қарзлар ҳисобидан тўлашини билдирди, бу вазирлик қиймати 500 миллион евро бўлган қарзни ҳам Греция марказий баркига қайтаради» (Шарқул Авсат, 2015 йил 20 июл). Демак Европа Иттифоқи фондидан олинган қарз Греция иқтисодини қутқазиш учун эмас, балки шошилинч тўланиши керак бўлган қарзларини тўлаш учундир. Бу қарз Греция устида уюлиб ётган катта қарзнинг ва рибо-процентнинг бир қисмидир. Шундай қилиб Греция қарзлар ботқоғига ботган ҳолда қолиб кетаверадиган бўлди.

Шундан кейин Греция банклари банк хизматлари қаршисида ўз эшикларини очди. Бу хизматлар пул олиш ва сармояларни назорат қилиш операцияларига солинган чекловлар доирасида кўрсатиладиган бўлди. Чекловлар энг камида яна бир ой муддатгача, лекин енгиллатиш билан давом этади. Бу ҳукумат қарори бўйича амалга оширилди. Ҳукумат банкларни уч ҳафталик муддатга ёпиб қўйган эди… Лекин бундай чора иқтисодни жонлантиролмайди ва истеъмолчиларнинг банклардан пул ва қарз олишга қудрати етмаслиги сабабли кўп ширкатларга зарар етказади. Чунки бу қудрат ҳамон чекланган миқдорлардангина иборат ҳолида қолиб кетмоқда. Греция парламенти 2015 йил 16 июлда кўпчилик овоз билан – 229 депутат ёқлаб ва 64 депутат қарши бўлиши билан – бу келишувга розилик берди. Бу розилик қанчалик қимматга тушмасин евро минтақада қолишни зўр бериб ҳимоя қилаётган мухолиф партиялар томонидан берилди, бу партиялар берган овоз ана шу кўпчиликни ташкил қилди. Чунки бош вазир Ципрас бошчилигидаги ҳукмрон партия Сириза партиясининг овозлари етарли бўлмади. Чунки бу партиядан сайланган 38 депутат овоз беришни рад этиб, бош тортди, уларнинг орасида собиқ молия вазири ва парламент спикерининг ўринбосари ҳам бор. Ципраснинг бу келишувга розилик бериши унинг партиясидаги бўлинишларга сабаб бўлди. Чунки Ципрас ўзининг талабига биноан тежамкорлик сиёсатига «йўқ» деб овоз берган ўз халқининг 61 %и фикрини эътиборсиз ташлаб қўйди! Ҳокимлар бир улов қилиб миниб оладиган демократия мана шудир, ҳокимлар ўзларининг манфаатларига эришиш учун шу демократия билан омма ҳалқ елкасига миниб олишади! Греция парламенти маъқуллаган бу битим халқ 5 июлдаги референдумда қутқазиш режасига қарши «йўқ» деб овоз берган анави тежамкорликдан ҳам кўра баттарроқдир, балки у олдинги қутқазиш режаларидан ҳам қаттиқроқ тежамкорликдир… Буни собиқ Греция молия вазири Янис Варуфакис 2015 йил 18 июлда Би-Би-Сига бундай деб билдирди: «Грецияга юкланган ислоҳот программаси иқтисодни идора қилишдаги мутлақо энг катта фалокат сифатида тарихга киради… Бу программа уни амалга оширишга қайси томон уринмасин барбод бўлажак… Янги қутқазиш программасини қўллаб-қувватламаслигини тан олган Ципрас учун розилик беришдан бошқа бирон вариант йўқ эди… Бизга қатл қилиниш ёки таслим бўлишдан бирини танлаш таклиф этилди, натижада Ципрас таслим бўлиш олий стратегиядир деган қарорга келди!».

Иккинчи: таъсир ўтказувчи давлатлар роли:

  • Германия: Германия сўзлашувларда ва кескин позицияларни эгаллашда асосий ролни ўйнади ҳамда режани татбиқ этилишини қаттиқ туриб талаб қилди ва Греция агар шартларни бажармайдиган бўлса евро минтақада ҳеч қачон қолмаслигини билдирди… Германия Греция евродан чиққанидан кейин унга раҳм қилиб ўтирмаслигини, аксинча ундан ўз қарзларини тўлаб қўйишни талаб қилишини билдирди. Греция қарзларининг энг катта қисми немис банкларидан олингани учун Германия шундай талабни билдирди. Германия Грециянинг келгусида Европа Иттифоқидаги бошқа давлатлардан қарзларини бекор қилишларни талаб қилиб олдин мисли кўрилмаган ишни қилишини ҳам истамаяпти. Шунинг учун Германия Грецияни евро минтақадан чиқариб юбормоқчи ва буни музокараларда билдирмоқда, деган хабарлар чиқиб қолди. Масалан Франс Пресс агентлиги келишувдан икки кун олдин, яъни 2015 йил 11 июлда бир европалик манбанинг қуйидаги сўзларини келтирди: «Германия Грецияни – агар бу мамлакат ёрдам режасига эришиш учун қилган таклифларини яхшилай олмаса – евро минтақадан вақтинча, беш йилгача чиқариб туриш режасини ишлаб чиқди». Бевосита музокарачи немис молия вазири Вольфганг Шойбле бундай ишларда эски сиёсий тулкидир… Шунинг учун собиқ Греция молия вазири Варуфакис бундай деди: «Немис молия вазири Вольфганг Шойбле Грециянинг евродан чиқишига музокара олиб боришнинг бирдан-бир имконияти деган эътиборда очиқ-ойдин қарабгина қолмасдан балки у бутун евро минтақани ўзининг талабига бўйсундиришга ҳам ҳаракат қилмоқда… у французларни қўрқитиб уларни қаттиқ тартиб-қоида ҳукм сурадиган евро минтақа моделига бўйсунишга мажбур қилиш учун Грецияни евро минтақадан ҳайдаб чиқармоқчи» (Би-Би-Си, 2015 йил 11 июл). Маълумки бу Греция вазири Янис Варуфакис ўзининг евро минтақа молия вазирларига қарши кескин позициялари билан ном чиқарган. Шунинг учун унинг истеъфога чиқиши бош вазир Ципраснинг талаби билан бўлгани эҳтимоли кучлироқдир. Ципрас бу талабни евро минтақа молия вазирлари билан ярашиш қадами сифатида қўйган. У бу вазирлар билан бир неча бор тўқнашган, улар ва энг аввало немис молия вазири Греция молия вазирининг музокараларда қатнашишини истамайдиган бўлиб қолишган. Шунинг учун ана шу қадам Ципрас томонидан у ён беришга тайёр эканлиги ва Грециянинг евро минтақада қолишининг қаттиқ тарафдори эканлиги тўғрисида берилган бир ишора бўлди. У евро минтақадан чиқиб кетиш оқибатларидан қўрқмоқда. Чунки у агар евро минтақадан чиқиб кетилса Греция муаммоларини муолажа қилолмай қолади, ўшанда у икки масаладан жавобгар бўлиб қолади: У ўзини Грециянинг евро минтақадан чиқиб кетишидан жавобгар ва мамлакатнинг иқтисодий муаммоларини муолажа қилинмаганликдан жавобгар деб ҳисоблайди, бу ҳолатда унинг ўзи ҳам, ҳукумати ҳам ва партияси ҳам қулайди… Шундай қилиб Германиянинг қаттиқ туриши ва Грециянинг агар шартларни бажармаса евро минтақадан чиқиб кетишига парво қилмаслиги Грециянинг олдин рад қилиб келган ва ўзи учун қизил чизиқ деб ҳисоблаган нарсага розилик беришида муваффақиятли рол ўйнади! Бу бир томондан, бошқа томондан эса Британия 2017 йилда евро иттифоқда қолиш ёки ундан чиқиб кетиш тўғрисида референдум ўтказмоқчи. Британия бу билан европаликларга босим ўтказиб ғаламислик қилишга уриняпти. Чунки у европаликларни референдум натижаларидан қўрқитиб, уларга Британиянинг чиқиб кетиши иттифоққа таъсир қилади, шунинг учун Германия Британияни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши лозим, ўшанда Британиядаги одамлар иттифоқда қолишни ёқлаб овоз беришади, деб уқтирмоқчи бўляпти…. Шунинг учун Германия Грецияга нисбатан – ҳатто бу мамлакат евро минтақадан чиқиб кетган тақдирда ҳам – қаттиққўл позицияни эгаллаши билан Британияга «Германия иқтисодий ишларда иттифоқдаги шартларга хилоф иш тутадиган ҳар қандай давлатга нисбатан ҳеч қачон енгилтаклик билан қарамайди ва у референдум натижаларидан қўрқмайди» деган мазмунда нома йўлламоқчи бўляпти… Германиянинг Грецияга нисбатан унинг шартларни бажариши ёки евродан чиқиб кетиши тўғрисида бундай қаттиққўл позицияни эгаллаши ортидан бошқа ғараз-мақсадларни кўзлаётгани ҳам кўриниб турибди. Бу мақсадлардан бири ўзининг евро минтақага ҳамда Европа Иттифоқига етакчилик қилиш ролини мустаҳкамлашдир ва Франция билан рақобатлашиб, уни бир четга суриб Европага бошчилик қилиш учун ўзининг евро минтақада ҳам, Европа Иттифоқида ҳам ўз сўзини ўтказувчи эканлигини билдириб қўйишдир.
  • Франция: Албатта Франция Европа Иттифоқида ва евро минтақада бир асосий ролни ўйнаётган давлатдир… Лекин унинг таъсири Германия таъсиридан камдир. Шунинг учун Франция агар Германия қаттиқ туриб оладиган бўлса Германиянинг фикрига яна қўшилиши аниқдир. Бу Греция кризисида аниқ бўлиб қолди. Чунки Франция Грецияни евро минтақада қолдиришга ҳаракат қилмоқда. Шунинг учун француз раҳбарияти 2015 йил 8 июлда бир баёнот чиқариб «Олланд Грецияни евро минтақада олиб қолиш мақсадига эришиш аҳамиятини таъкидлади. У буни Словения ҳукумати бошлиғи билан Елисей саройида учрашган чоғида таъкидлади» (АФП, 2015 йил 8 июл). Француз бош вазири Премьер-министр Франции Мануэль Вальс эса бундай деб билдирди: «Франция Грециянинг евро минтақадан чиқиб кетишига йўл қўймаслик учун имконидаги барча ишни қилади, чунки у агар юз берадиган бўлса геосиёсий оқибатлари бўлиши мумкин бўлган ва олам иқтисодига зарар етказадиган бир қадамдир» (Скай Ньюс, 2015 йил 9 июл). Лекин Франция ўзининг сўнгги қарорларида Германиянинг Грецияга нисбатан унинг барча шартларни бажариши, акс ҳолда евро минтақадан чиқиб кетиши тўғрисида тутган қаттиққўл позициясига қарши чиқмади, натижада Греция бўйсуниб, розилик беришга мажбур бўлди… Ҳар қандай ҳолатда ҳам французлар евро минтақадаги ва Европа Иттифоқидаги ҳокимият қувватини кучайтириш тарафдоридир. Чунки улар бу иттифоқнинг биринчи таъсисчиларидандир. Шунинг учун улар евро минтақа ва Европа Иттифоқида ўзлари учун етакчилик роли бўлишини умид қилишмоқда. Чунки ўшанда улар ўзларининг халқаро позицияларини мустаҳкамлаб олишади. Ҳатто француз президенти Франсуа Олланд бу кризисдан ўтилганидан кейин ва евро минтақанинг ҳукмронлиги унинг аъзоларига жорий этилишига муваффақ бўлинганидан кейин руҳланиб «евро минтақанинг демократия қудратини таъминлаш учун бир аниқ бюджетга ва парламентга эга евро минтақа ҳукуматини тузиш»га чақира бошлади. У бу билан Германиянинг евро минтақадаги ҳозирги вазиятидаги обрўйига яқин обрўга эга бўлишни умид қилмоқда.
  • Америка: Америка бу масалага аҳамият бериб уни яқиндан ва зўр эътибор билан кузатиб борди, «Америка президенти Обама француз президенти Олланд билан телефон орқали боғланди, иккови ўртасида боғланиш бўлганини ва иккаласининг сўзлашувларни қайта бошлаш, бу кризисини ҳал қилиб Грециянинг молиявий барқарорлиги таъминлаш учун мумкин қадар тезроқ имкониятни очишга энг бирламчи аҳамиятни бериш учун биргаликда куч-ғайрат сарфлаш тўғрисида якдил фикрда эканлигини француз раҳбарияти 2015 йил 29 июнда эълон қилди» (АФП 2015 йил 29 июн). Бундан бир кун олдин Обама немис канцлери Меркел билан телефон орқали худди шу мақсадда боғланди. У, яъни Америка президенти европаликларни Грецияни қутқазиш, унинг муаммоларини муолажа қилиш, уни евро минтақадан чиқариб юбормаслик келишуви борасида музокараларни давом эттиришга чақирмоқда. Масалан Оқ уй матбуот котиби Жош Эрнест бундай деди: «Грецияда референдум бўлиб ўтди, лекин бизнинг қарашимиз ўша-ўша ўзгаришсиз қолмоқда, у Грецияга евро минтақада қолиш имконини берадиган ечимни топиш иккала тараф: европалик ва грецияликлар манфаатидандир деган қарашдир» (АФП 2015 йил 7 июн). Америка европаликларга, хусусан Германия ва Францияга бу иккаласи охирги қарзлардан бир қисмини бекор қилиши учун босим ўтказмоқчи бўлди. Шу мақсадда ўзининг молия вазири Джейкоб Льюни 2015 йил 16 июлда Берлинга юборди. У ўзининг немис ҳамкасби Вольфганг Шойбле билан учрашиб Европа майдонидаги асосий ўйинчилар қабул қилган чоралар билан яқиндан танишди, ана шундан кейин Парижга бориб ўзининг француз ҳамкасби Мишель Сапен билан учрашди, бу турне бошланишидан олдин: «Ундан мақсад олам иқтисодий вазиятини ва Грециянинг евро минтақа доирасида ривожланишини грециялик шериклар билан биргаликда муҳокама қилишга қаттиқ эътибор қаратишдир» деб эълон қилинган эди. Немис вазири Германиянинг Америка таклифларини рад этишини билдириб Дойчланд-функ немис радиосига бундай деди: «Қарзларни бекор қилиш евро минтақанинг пул иттифоқи аъзолигига тўғри келмайди, шунинг учун мен Грецияга ўз ихтиёри билан чиқиб кетишни таклиф қиламан, чунки мана шу унинг учун афзалроқ воситадир». Демак Германиянинг ўз вазири тилида берган рад жавоби қарзларни бекор қилиш мумкин эмас деган мазмунда кескин ва Америкага тик қарши чиқиш оҳангида бўлди… Эҳтимол бу немис молия вазири Америка сиёсатига қарши чиқаётган камдан-кам ҳолатлардан бири бўлса керак! Обама европаликларга Греция евро минтақада қолиши учун бу мамлакатга ёрдам кўрсатишни таклиф қилган эди. Америка мана шу йўналишда босим ўтказмоқда. Чунки Америка Грециянинг евро минтақада қолишини истамоқда. Шунинг учун Грецияни ишга солиш мақсадида уни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилмоқда. Чунки Америка Грециянинг – унинг капитализм низоми шароитида муолажа қилиш имкони бўлмайдиган иқтисодий аҳволи сабабли – бу минтақадаги бир заиф нуқта эканини, шунинг учун у Европага оғир юк бўлиб қолаверишини, бу минтақага ва Европа Иттифоқига таҳдид соладиган емирувчи унсур бўлиб қолаверишини яхши билади. Америка еврога зарба бериб уни қулатишни истайди. Чунки евро ўсиб кучайди, мустаҳкамланди, оламда у билан муомала юритиш майдони кенгайди, натижада доллар билан рақобатлашадиган бўлиб қолди. Бу давлатлар учун битта сиёсий низом йўқлигига қарамай Германия ва Франциянинг еврони сақлаб қолиш борасида қаттиқ тургани сабаблигина шундай бўлди… Америка Европа Иттифоқининг Америка билан рақобатлашадиган сиёсий ва иқтисодий кучга айланишини ҳам истамайди. Шунинг учун Америка Грециянинг ва бу иттифоқдаги заифлик нуқталарини ташкил қилувчи бошқа давлатларнинг иттифоқ таркибида қолишини истамоқда. Чунки ўшанда бу иттифоқ заиф бўлиб қолаверади ёки қулайди. Ўшанда Европа Америка ҳомийлигидан чиқиб кетолмайди. Олдин айтиб ўтганимиздек Америка Грециянинг моливий воқесини яширишга ҳисса қўшган, буни Америка кредит рейтинги синфларини белгилаш ширкатлари орқали амалга оширган. Бу ширкатлар Грециянинг рейтинг даражасини юқори қилиб кўрсатган, бу мамлакат кризисда бўла туриб еврога кира олиши учун унинг рейтингини шундай қилиб кўрсатган. Мана энди бирдан унинг қарзлари очилиб қолиб евро доллар билан рақобатлашишга қодир бўлмай қолди… Бундан кейин Греция ва унга ўхшаган давлатларнинг қарзлари кризиси сабабли евро доллар билан рақобатлашишга қодир бўлмай қолаверади… Шунинг учун Европа Иттифоқи, айниқса Германия Америка учун муҳими Европа Иттифоқини, айниқса унинг пул бирлиги «евро»ни заифлаштириб долларнинг лидерлигини сақлаб қолиш эканини тушуниб етиши лозим…

Учинчи: қутқазиш режаси ва Греция кризисини ҳал қилиш:

  • Грециянинг қарзлари 320 миллиард еврога етиб, унинг бутун иқтисодидан анча баробар ошиб кетди. Шунинг учун Халқаро Валюта Фонди бу қарзларни «тўлаш имкони йўқ қарзлар» синфига киритди. Бу фонд Европа лидерларига 2015 йил 11 июлда, келишувга эришилишидан олдин тақдим қилган бир ҳужжатда қуйидагилар келган: «Греция қарзларини муолажа қилишнинг имкони йўқ, уларни фақат қарзни енгиллатиш чоралари орқалигина муолажа қилиш мумкин, бу чоралар Европа ҳозиргача қилмоқчи бўлаётган нарсалардан кўра анча узоққа чўзилади». Ҳужжатда «Греция қарзини муолажа қилишнинг мутлақо имкони йўқ, бу қарз нисбати Афинанинг келгуси икки йилдаги ялпи маҳаллий маҳсулотининг қарийб 200 %ига яқинлашиб қолган, маълумки бу нисбат ҳозирда 175 %га етиб қолган» (АФП 2015 йил 15 июл). Олдин Италия ҳукумати бошлиғи ва евро комиссия бошлиғи мансабини эгаллаган Романо Проди DeutschlandRadio Kultur радиосига 2015 йил 15 июлда берган интервьюсида Греция кризиси авж олишидаги жавобгарликнинг бир қисмини Германияга юклаб бундай деди: «Немис ҳукумати юмшоқ йўл тутмади, Греция ҳукумати эса минглаб хатоларга йўл қўйди, бу аниқ, лекин бу ерда Грецияга босим ўтказаётган мажбурлаш идораси бор, бу идора Грециянинг қарор қабул қилишдаги суверенлигини ҳам ўғирламоқда, бу эса келажакда ёмон оқибатларга олиб келади…». Проди «Германия билан бир неча давлатлар ўртасида чуқур хандақ борлиги»ни ҳам айтиб «Биз янада ёмонроғига йўл қўймадик, лекин муаммони ҳал қилолмадик» деди. У яна бундай деди: «Янада сиёсий уйғунликка эришилмас экан Европа икки буюк куч: Қўшма Штатлар ва Хитой мустамлакасига айланиш таҳдиди остида қолаверади». Шунинг учун демак нафақат евро минтақанинг, балки бутун Европа Иттифоқининг қадамлари бир мустаҳкам ер устида тургани йўқ, аксинча узоққа бормай қулаш арафасида турган мўрт ер устида турибди…
  • Шунга кўра демак Греция кризиси қутқазиш режаси билан ҳал бўлгани йўқ, у ҳамон мавжуд бўлиб турибди ва яна қайталанса керак. Чунки уч йилдан кейин Греция елкасидаги қарзлар янада уюлиб кетади, оқибатда бу қарзлар устига қўйилган рибонинг бир қисмини ҳам тўлай олмай қолади. Негаки, Греция елкасида ҳозир 320 миллиард евро қарз бор, бу мамлакат келгуси уч йил давомида яна 86 миллиард евро қарз олади, бу қарзлар устига қўйилган рибо кўп баравар бўлиб кетиб бу мамлакат қимматбаҳо қоғозларини таъминлаш тўловларидан ошиб кетади. Бу муддат тугаганидан кейин яна шу қарзлар ҳақида сўз юритилади. Шунинг учун немис канцлери Меркел «ўзининг Грециянинг оғир қарзларини енгиллатиш режасини кўриб чиқишга тайёр эканини, лекин талаб қилинган иқтисодий ислоҳотлар ўтказилганидан кейин кўриб чиқишини, процент ставкаларни камайтиришни ва молиявий тўловлар муддатини чўзишни муҳокама қилиш ниятида эканини» билдириб «Греция қарзларидан – у ҳамон ягона валютадан фойдаланаётган экан – 30 ёки 40 %ини ҳеч қачон бекор қилмаймиз» деди (Би-Би-Си 2015 йил 22 июл). Демак қарзлар сақланиб қолаверади, улардан айтарли ҳеч нарса бекор қилинмайди, масала фақат процент ставкаларни камайтиришдир, холос… Рибо бўлган процент ставка камайганда ҳам бу Грецияни қутқазолмайди, тўлов муддатларини чўзиш ҳам бу мамлакатни қутқазолмайди, аксинча муаммо сақланиб қолаверади, қарз рибо сабабли – рибо нисбати қанчалик оз бўлмасин – тез ортиб бораверади. Бундан ташқари Грециянинг бу қарзларни тўлашга етарли бўлган кирим манбалари ҳам йўқ, демак аслида Греция ожиз ва барбод бўлгандир, унда оёққа туриш фикри ҳам йўқ. Энди Греция қаторига худди шунга ўхшаш аҳволни бошдан кечираётган бошқа давлатларни ҳам қўшадиган бўлсак айтишимиз мумкинки евро минтақа ва Европа Иттифоқи енгил қараб бўлмайдиган заифлик нуқталаридан қийналишда давом этаверади, бу нуқталар евро минтақа ва Европа Иттифоқи вужудига таҳдид солаверади.

Шунинг учун бутун олам учун ўз муаммоларини фақат Ислом билангина ҳал қилишдан бошқа йўл қолмади. Чунки Ислом инсонни уйғотади, уни ўзининг иқтисодий ва молиявий низомлари билан бахтли, саодатли қилади, бу низомлар инсоннинг муаммоларини тўла муолажа қилиб беради. Чунки Ислом бойликларни уларнинг эгаларига тақсимлашни кафолатлайди, бу бойликларнинг бир ҳовуч бойлар қўлида монополия бўлишига йўл қўймайди. Ислом рибони ва суғуртани ман қилади, одамларни улар қарз олишга муҳтож бўлиб қолишган пайтда қулга айлантиришга йўл қўймайди. Ислом қарз сабабли одамларни хорлайдиган шартлар қўйишни ҳам ман қилади. Шунинг учун одамлар Ислом соясида қарз берганларнинг раҳм-шафқат қилишига муҳтож бўлмайдилар. Шундай қилиб демак инсонлар бошқа ҳеч қайси низом остида ҳеч қачон осуда ҳаёт кечира олмайдилар ва ўз мукаррамликларига эриша олмайдилар. Латиф, Хабир Аллоҳ шундай деб ҳақ сўзлади:

فَمَنِ اتَّبَعَ هُدَايَ فَلَا يَضِلُّ وَلَا يَشْقَى ۞ وَمَنْ أَعْرَضَ عَنْ ذِكْرِي فَإِنَّ لَهُ مَعِيشَةً ضَنْكًا

«Ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг-бахтсиз ҳаёт бўлур»    [Тоҳа 123-124]

                                                                                                                      

8 шаввол 1436ҳ

24 июл 2015м

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here