Ҳукумат Ислом динига қарши курашиш орқали христиан динини ёйилишига имкон бермоқчими?

947
0

 Сўнги йилларда, айниқса Темир Сариев Қирғизистон бош вазири этиб тайинланганидан буён расмий ҳукумат Ислом дини ва унинг қадриятларига қарши олиб бораётган курашини янада кучайтириб бормоқда. Россия рухсати ва кўрсатмаси асосида ҳукумат раҳбарлигига келган Сариев ўз куч ва ғайратини мамлакатда чуқур илдиз отган коррупция, қашшоқлик ва ишсизликни бартараф этишга сарфлаш ўрнига, Ислом дини ва унинг кўринишларини жамиятдан суриб чиқаришга сарфлаб келмоқда. Албатта, Сариевдан ҳам, президентдан ҳам шундай йўл тутишликни Россия талаб қилиб, керак бўлса уларга Ислом дини ва мусулмонларни ёмон кўрсатиш учун махсус сценарийлар ҳам тузиб бермоқда. Улар эса бу иш Қирғизистон мусулмонлари эътиқодига мос келиш-келмаслигидан қатъий назар бу топшириқларни кўр-кўрона бажариб келишмоқда.

  Бош вазирликка тайинланганидан сўнг Темир Сариев бошчилигида ўтган деярли барча йиғилишларда асосий мавзу Ислом дини ва унинг кўринишларини жамият ичида ёйилишига йўл қўймасликка бариб тақалмоқда. Жумладан, 2015 йилнинг 27 июн куни бўлиб ўтган диний сиёсат муҳокамасига бағишланган ҳукумат йиғилишида Сариев ички ишлар вазирлиги ва миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбарларига диний ўқув юртлари ва мадрасаларни текшириш вазифасини топширган бўлса, 16 июлда бўлиб ўтган таълим масалалари бўйича йиғилишда мамлакатда масжидлар сони ошиб бораётганидан хавотирга тушганини маълум қилган эди. 24 июл куни Иссиқкўл вилоятида бўлиб ўтган ички ишлар органлари тезкор хизмат фаолиятининг 2015 йил биринчи ярми якунлари бўйича ўтказилган йиғилишда Темир Сариев, “Қирғизлар ҳеч қачон ҳижоб ва салла киймаганлар”ини таъкидлаб, “Қирғизистон ҳижоб ва салла кийганларга очиқ қарши чиқиши керак”лигини алоҳида қайд этиб ўтган эди.

 Президентдан тортиб Темир Сариевгача, куч органларидан бошлаб таълим вазирлигигача барча расмийларнинг асосий эътиборлари Ислом дини ва мусулмонларга қарши курашга қаратилган ҳолда, уларга омонат қилиб берилган ўз фуқароларини Ислом динидан юз ўгириб христиан динига кириб кетаётганидан заррача ташвишга тушишаётгани ҳам йўқ. Бу муаммони бартараф этиш, ўз фуқароларини ва ўзларини Аллоҳнинг азобидан қутқариб қолиш ҳақида ўйлаб ҳам кўришаётгани йўқ.

 Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси расмийси томонидан ўтган йили эълон қилинган маълумотда христиан динини қабул қилган қирғизлар сони 15 мингдан ошиб кетгани айтилган эди. Расмий ҳукумат шу вақтга қадар бу ишга эътибор қаратмай келмоқда.

 Соқол қўйган, ҳижоб кийиб рўмол ўраган, жамиятни ҳалол ва ҳаромга риоя қилиш, Аллоҳнинг барча буйруқ ва қайтариқларига амал қилишга даъват қилаётган  мусулмон ва муслималарни қирғиз урф-одатларига ҳиёнат қилганликда айблаб келаётган расмий ҳукумат, ўз динини сотганлар ҳақиқий  қирғиз менталитети, қирғиз урф-одатларига ҳиёнат қилганлар эканлиги тўғрисида бир оғиз ҳам гапиришни лозим топмади. Ҳолбуки, Президент ҳам, Темир Сариев ҳам   Қирғизистон халқи устидан тўла жавобгар бўлиб, эртага Қиёмат куни ўз раияти устидан Аллоҳнинг олдида жавоб беришади. Перзидентлик ёки бош вазирлик фақатгина амал эмас, балки бу – масъулиятдир. Қирғизистон халқи эса улар учун омонат бўлиб, бу омонат устида ҳисоб-китоб бўлиши муқаррардир.

  Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳу айтади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деяётганларини эшитдим: “Аллоҳ таоло қайси бандани бир жамоатга раҳбар қилса-ю, лекин бу киши жамоатига хиёнат қилиб ўлса, Аллоҳ таоло унга жаннатни ҳаром қилади”.

 Абдураҳмон.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here