Эрон Олий руҳонийси Оятуллоҳ Ҳоманаийнинг бош маслаҳатчиси Али Акбар Велаяти АҚШ ҳукумати Сурия ва Яман масалалари борасида Эрон билан учрашув ўтказиш истагида эканлигини билдирди.
“Охирги пайтларда америкаликлар Эроннинг ёрдамига мухтож бўлганликлари сабабли Сурия ва Яман масалалари борасида Эрон билан учрашув ўтказишни исташмоқда”, деди Велаяти.
Велаяти Эрон диний раҳбариятига оид интернет сайтида тарқатилган интервьюсида ядровий дастур устида тузилган битим Эроннинг минтақавий сиёсатини ўзгартирмаслигини билдирар экан, “Эроннинг минтақадаги мухолиф харакатдаги жангчиларга бераётган ёрдами қандай бўлса шундайлигича қолади, ҳатто кучайтирилиши ҳам мумкин”, дея қўшимча қилди.
Бош маслаҳатчининг таъкидлашича, Эрон ва АҚШ ўртасида бўлиб ўтган музокаралар жараёнида Ҳоманайининг буйруғи билан фақат ядро дастури масаласи муҳокама қилинган, бироқ бундан аввал Афғонистон ва Ироқ борасида БМТ сояси остида АҚШ билан учрашув ўтказилган.
Охирги пайтларда америкалик масъуллар Сурия ва Яман каби айрим минтақавий масалаларда Эрон билан учрашув ўтказиш истагида эканлигини билдирган Велаяти “Аммо Ҳоманайининг рухсатисиз ҳеч бир эронлик масъул минтақавий мавзулар ёки икки давлат ўртасидаги ўзаро алоқалар борасида америкаликлар билан учрашув ўтказиш ваколатига эга эмас”, деди.
Али Акбар Велаяти Эрон ядровий дастури устида тузилган битим мамлакатнинг ҳарбий қувватига таъсир этмаслигини билдирди. Унинг изоҳлашича, яқин ва узоқ масофага учадиган ҳамда қуюқ ва суюқ ёқилғили ҳар турли ракеталар Эрон тарафидан ишлаб чиқарилиши давом этаверади.
Велаяти интервьюси давомида Эроннинг Ироқ ҳукумати ва халқининг ҳар турли “террор”га қарши курашида дастаклаш борасида қарори қатъий эканлигини ҳам қайд этди.