Литва ташқи ишлар вазири Линас Линкявичюс АҚШ идораси Болтиқ бўйи давлатларига ҳарбий ва оғир қуролларини юбориши борасидаги даволарни тасдиқлади.
“Аслини олганда музокаралар давом этяпти. АҚШ конгреси шарқий Европа давлатларига ёрдам қўлини чўзиш лойиҳаси учун бир миддиард доллар атрофида маблағ ажратганлигини тасдиқлади. Бир оз аввал Литвага келган АҚШ ҳарбийлари шу ерда қолади. Бундан ташқари янги ҳарбий гуруҳ ва жиҳозлар ҳам жойлаштирилади”, деди Линас Линкявичюс.
Литва ташқи ишлар вазири АҚШнинг оғир қуроллари Литва, Латвия ва Эстонияга жойлаштирилгандан сўнг минтақадаги вазият ўзгаришини билдирар экан, “Бу жараён асло Россиянинг ҳужумкор ҳаракатига нисбатан жавоб тариқасида амалга оширилаётгани йўқ. Мақсад хавфсизлигимизни кучайтиришдир. Бу эса минтақанинг, хусусан Литванинг хавфсизлигини яна-да яхшилайди”, дея таъкидлади.
Бошқа бир тарафдан Полша мудофаа вазири Томаш Семоняк ҳам АҚШ аскарлари ва ҳарбий жиҳозлар Полшага жойлаштирилишини тасдиқлаганлиги айтилмоқда. Литва матбуотининг АҚШ манбаларига таяниб хабар қилишича, агар президент Барак Обама ва АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер тасдиқлайдиган бўлса, АҚШ ҳукумати Литва, Латвия, Эстония, Полша, Руминия ва Венгрияга беш мингга яқин аскар ва ҳарбий анжомлар ҳамда оғир қуроллар юборади.
АҚШ ҳаво кучлари қўмондони Дебора Лии Жеймс янги русумдаги “F-22 Raptor” жанговор учоқларини Европага жойлаштириш мумкинлиги ҳақида маълум қилди. Унинг изоҳлашича, энг сўнги русумдаги қирувчи самалётларни Европага жойлаштириш АҚШнинг ҳарбий қувватини Россияга кўрсатиб қўйиш учун зарурдир. Жеймсга кўра, Россияни АҚШ учун энг биринчи ўриндаги ҳарбий хатар деб аташ мумкин.
“Россияда бўлаётган ишлар ва унинг ҳаракатлари мен учун жуда қўрқинчли бўлиб саналади. Менинг Европадаги энг муҳим вазифам мана шудир”, деди Жеймс қисқа қилиб.
Ўз навбатида Россия ҳам АҚШнинг бу ҳаракатларига кескин жавоб қайтарди. Пойтахт Москва яқинида ташкил қилинган қурол яроқ кўргазмасида нутқ сўзлаган Россия президенти Владимир Путин бу йил қирқтадан ортиқ янги русумдаги баллестик ядровий ракеталар рус ҳарбий қувватига қўшимча бўлишини маълум қилди. Путиннинг қайд этишича, янги русумдаги бу ракеталар ҳар қандай илғор, замонавий ракета ҳимоя тизимини ҳам ёриб ўтишга қодирдир.
Таҳлилчиларнинг изоҳлашича, Россия президенти аниқ номини зикр қилмай, “ракета ҳимоя тизимлар”ини тилга олиши унинг Натога аъзо давлатларга, хусусан АҚШга қаратилган “жавоби”дир.
Туркистон:
Путин, охирги пайтларда, бир қатор Европа давлатларига қарши фақат харбий қуввати билан босим ва таҳдидлар қила бошлади. Бу ҳатти ҳаракатлар АҚШга, Европанинг Россияга яқин минтақаларидаги бир қатор мамлакатларида ўзининг янги базаларини ўрнатиб олишига ёрдам беряпти. Бу кетишда Россия Путиндан мутлоқ воз кечиш ҳақида ўйланиши керак. Акс ҳолда уруш бўлади, лекин бундан Россия халқи учун ҳеч қандай манфаат бўлмайди. Путин вазиятдан чиқиб олиш учун, ҳар нарсага тайёр турипти.