Тожикистон чегарасида афғон жангарилари тўпланмоқда

0
700

Тожикистон ОАВларининг хабар қилишича, умумий сони 4-5 минг бўлган афғон мужоҳидлари Тожикистон чегаралари яқинида жамланмоқда.

 Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг маълумотларига кўра, расмий Қобулга итоат қилмайдиган қуролли гуруҳлар Бадахшон ва Қундуз йўналишлари бўйлаб Тожикистон чегараси томон ҳаракатланмоқда, бу эса хавотир пайдо қилмай қўймайди.

 “Биздаги маълумотларга кўра, ҳозирча бу гуруҳ режасида чегарага қуролли ҳужум қилиш мақсади йўқ, бироқ афғон ҳукуматига бўйинсунмайдиган кўп сонли яхши қуролланган гуруҳни чегарада пайдо бўлишини ўзи ташвиш туғдиради”, – деди тожик махсус хизмати вакили.

 Унинг сўзларига кўра, ҳар лаҳзада “вазият ўзгариши мумкин, шу сабабли ҳам тожик ҳукумати чегара қўшинлари ички заҳираси ва армия бўлинмалари ҳисобидан чегараларни мустахкамлаш бўйича бир қатор чораларни қабул қилди”.

 “Албатта, Россиянинг 201 -ҳарбий базаси КХШТнинг тезкор ҳаракат кучлари таркибий қисми сифатида минтақа ва мамлакат хавфсизлиги учун қўшимча ва муҳим омил ҳисобланади”, – деди манба.

 Унинг фикрича, яқиндагина Афғонистон чегараси бўйлаб бўлиб ўтган КХШТнинг ҳарбий машғулотлари шуни кўрсатдики, Афғонистон ҳудудидан таҳдид вужудга келган тақдирда душманга “муносиб жавоб” берилади.

Туркистон: 

Афғонистонда узоқ йиллардан буён, ҳар хил гуруҳлар, минтақанинг турли жойларида уюшмалар ҳолатида йиғилиб, бир неча йиллар истиқомат қилиб келади. Лекин баъзида, кимдир бу жамоъаларни ваҳимали мақсадларини гумон қилиб, атроф давлатларни қўрқита бошлайди. Юқоридаги шу ҳолатлардан бир кўриниш бўлиб, албатта муайян бир давлатнинг маълум мақсади сари йўналтирилган матбуот ҳужуми бўлиши мумкин.

Тожик ахборот воситаларининг ваҳималари, балки ўз ҳудудида жойлашган Россиянинг 201 дивизиясининг кенгайтириш ёки янги ҳарбий техникалар билан таъминлаш ёки тожик армиясини кучайтириш учун ўта камоматли бўлган давлати бюджетидан ҳарбий техника сотиб олиш учун маблағ ундириб олиш, каби бир қатор мақсадлар сари йўналтирилган бўлиши мумкин. Лекин бу ваҳималар Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон каби Афғонистон қўшнилари бўлган давлатларни ҳам, ташвишлантирмай қўймайди.

Россия Ўрта Осиёда ўз таъсир қувватини кучайтириш учун қаттиқ ҳаракатлар олиб бораётгани маълум. Яна у, минтақада ўзининг ҳарбий иштирокини кучайтиришдан ўзга таъсир қилувчи бошқа ричагларини деярли йўқотиб бўлганини ҳам биламиз. Россиянинг Марказий Осиёда, ҳалигача матбуот хизмат кўрсатиш тизими кучли. У ўзи учун қулай маълумотлар тарқата оладиган шароитларга эга. Демак Афғонистон атрофидаги ваҳималар, Россияга минтақадаги ҳарбий аралашиши учун қўл келиши мумкин экан. 

NO COMMENTS