Евроосиё иттифоқида кимнинг имконияти қандай?

0
548

Қирғизистонни Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш бўйича эришилган келишимларни қирғиз ҳукумати ва парламенти ўтган ҳафтада ратификация қилганидан сўнг, президент Алмазбек Атамбаев ҳам мазкур қонун лойиҳасини имзолади. Эндиликда Қирғизистонни иттифоққа тўлақонли аъзо бўлиши учун иттифаққа аъзо давлатлар парламентлари ҳам қонун лойиҳасини қабул қилишлари керак бўлади. Хабарларга кўра, бу жараён бир неча ойга чўзилиши ва ёзнинг охирларига бориб чегаралар очилиши мумкин.

 Табиийки, Қирғизистон ЕОИИга аъзо бўлганидан ва чегаралар очилганидан сўнг хоҳласак ҳам, хоҳламасак ҳам нарх-наво иттифоққа аъзо бўлган қолган давлатлардаги нархлар билан бир хил даражада бўлмасада, имкон қадар яқинлашиши аниқ. Шундай экан Қирғизистон халқи Россия ёки Қозоғистондаги иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда белгиланган нарх-навога мослашишга қодирми? Буни ўзингиз таққослаб кўринг.

 МДҲ давлатлараро статистик қўмитаси томонидан тақдим этилган маълумотларга қараганда, Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳудуди бўйича энг юқори иш ҳақи Қозоғистонда қайд қилинди. Мамлакатда ўртача иш ҳақи 132.5 минг танга ёки 713 долларни ташкил қилади. Россияда бу кўрсаткич 31.3 минг рубль ёки 629 долларга тенг.

 Шунингдек, Қирғизистонда ўртача ойлик иш ҳақи 11 703 сом/200 долларга, Арманистонда 173.5 минг драм/363 долларга, Беларусда эса 6.5 млн рубль/453 долларга тенг.

 Ойлик нафақа тўловлари бўйича ҳам Қозоғистон биринчи ўринда турибди. Ўртача нафақа миқдори бу ерда 50 549 танга ёки 272 долларни ташкил қилади. Қирғизистон бу кўрсаткич бўйича ҳам охирги ўринда – 4.6 минг сом (78 доллар).

 Ишсизликнинг энг паст даражаси бўйича ҳам Қозоғистон иттифоққа аъзо давлатлар ичида биринчиликни эгаллаб турипти. Қозоғистондаги иқтисодий фаол аҳолининг 0.6 фоизи ёки 56.1 минг киши ишсиз экан. Ундан кейинги ўринда Беларус (0.9 фоиз ёки 39 минг) ва Россия (1.3 фоиз ёки 1 млн) эгаллади.

 Шунингдек, Қирғизистонда ишсизлар сони 59.3 минг кишига, Арманистонда эса 73 минг кишига тенглиги айтиб ўтилди.

NO COMMENTS