Сурия миллий коалициясининг раҳбари Холид Хўжа АҚШ давлат котиби Жон Керри билан учрашди. Учрашувдан аввал матбуот вакилларига интервью берган Керри Суриядаги вазият фалокатли эканлигини ва бу ҳолатнинг давом этишига йўл қўйиб бўлмаслигини билдирди. Керрининг қайд этишича, бу ҳолат Сурия халқи билан бир қаторда Туркия, Ливан ва Иордания каби атрофдаги давлатларга ҳам катта таъсир этади.
АҚШ давлат котиби Сурия президенти Башар Асад ўз халқи олдида қонунийлигини йўқотганлигига урғу бериб ўтди.
“Шу сабабли барча тармоқларни ўз ичига олган, Суриядаги бу даҳшатли вайронани қайта тиклай оладиган, мамлакатни бирлаштира оладиган ва қонуний келажакни таъминлайдиган бир ҳукумат Асад режимининг ўрнини эгаллаши лозим. Муаммонинг бошқа бир томони шуки, Сурия президенти Башар Асад ўз манфаати учун мамлакатни вайрон қилди ва мамлакатга террористларнинг (мужоҳидларнинг) кириб келишига сабабчи бўлди. Шу боис Асад ўз қонунийлигини қўлдан бой берди”, деди Жон Керри.
Сурия миллий коалициясининг раҳбари Холид Хўжа ҳам Керри билан Суриядаги ҳарбий ва сиёсий сўнгги вазиятни муҳокама қилишини билдирди. Хўжага кўра, шу кунларда мужоҳидлар Асад кучларидан тортиб олган минтақалар хафвсизлигини АҚШ ҳукумати муҳофаза қилиши лозим.
“Асад кучларининг қўлидан озод қилинган ерларда хавфсиз минтақаларни вужудга келтириш учун АҚШдан ёрдам сўраймиз”, деди Холид Хўжа.
Суриянинг келажагида Асадга ўрин йўқлигини таъкидлаган Хўжа “Шу сабабли Асад қўлга олиниши ва Сурия халқига қарши қилган жиноятлари учун судга тортилиши лозим”, дея қайд этди.
Шунингдек, Холид Хўжа мазкур учрашув чоғида Сурияда инқилоб бошланган 2011 йилдан буён 3 миллиард доллар қийматида ёрдам тақдим қилган Вошингтон ҳукуматига ташаккур билдирди.