АҚШ Қирғизистон фуқоролари учун 5 йилга виза бера бошлади. Бу унинг мурувватими ёки…..

710
0

2015 йил 20 март куни Қирғизистон ва АҚШ ўртасида икки давлат фуқаролари учун 5 йиллик виза бериш тўғрисидаги ҳужжат имзоланди. Имзоланган ҳужжатга кўра, визалар фуқароларга саёҳат, бизнес ишлари, даволаниш, ишлаш ва ўқиш мақсадлари учун берилади. Ҳужжат лойиҳасига кўра визалар 28 апрелдан ишга тушиши керак эди.

 29 апрел куни АҚШнинг Қирғизистондаги элчилиги томонидан Қирғизистоннинг биринчи  фуқаросига АҚШга кириш визаси топширилди. Шу куни АҚШ консуллигида ўтказилган махсус анжуманда АҚШнинг Қирғизистондаги муваққат элчиси Ричард Майлз Қирғизистон фуқароси Сайнап Дийқонбаевага 5 йиллик визани топширди.

 Элчихона матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, Дийканбаева Қирғизистонда анча обрў топган инсон ҳуқуқ ҳимоячиларидан бўлгани ва бу аёл ”АҚШда БМТдаги ҳомийлари билан ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустахкамлаш учун учрашувлар олиб боради”.

 Анжуманда Қирғизистон расмийларидан ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, консуллик хизмати департаменти директори Уматалиев. А. ва халқаро ҳуқуқ департамнти етакчиси Дмитрий Ли каби бир қатор дипломатлар иштирок этишди.

АҚШнинг бу лойиҳаси ортида қандай мақсадлар ётгани ҳақида ўз раъйимизни билдириб ўтмоқчимиз:

 Шу кунга қадар аксар Қирғизистон фуқаролари АҚШга виза олиш мумкин эканлиги ҳақида деярли тасаввурга ҳам эга эмас эдилар. Нега бирданига муносабатлар кескин ўзгариб бормоқда?

 Албатта, бу АҚШ томонидан пухта ишлаб чиқилган ёки аввал Украина каби давлатларда синовдан ўтган режа асосида амалга ошириб бориляпти. Мақсад Қирғизистонни Россиянинг сақофий мустамлакасидан чиқариб, ўзининг сақофий таъсири остига киритиб олиш. АҚШ ўз мақсадини амалга ошириш учун Ғарб маданияти тарафдорлари бўлган зиёлилар қатламини шакиллантириб, сўнг уларни ёқловчи фуқароларнинг маълум миқдордаги қатламини пайдо қилиб олиши керак бўлади.

 Юқоридаги визаларни енгиллатиш асосидаги шартномаларнинг имзоланиши ва уни амалда ижро этилиши икки давлат фуқароларини бир-бири билан яқинлаштиради. АҚШнинг бу лойиҳаси Россиянинг Қирғизистонга босим ўтказиш учун қўллаб келаётган меҳнат муҳожирлари (мигрантлар) муаммосидан фойдаланиш имкониятларига зарба беради. Яъни, бу лойиҳа амалга ошгудек бўлса, Россиянинг бизга нисбатан қўллаётган муносабатларига, мигрантларимиз имкониятларини чеклаш ёки уларни депорт қилиш орқали бир неча йиллаб ўз ҳудудига киришларидан ман қилиш, ишлаш шароитлари ва ҳужжатлаштириш имкониятларини торайтириш каби атайин босим бериш амалиётларига қарши маълум миқдорда зарба берган бўлар эди.

 Қирғизистоннинг АҚШ билан яқинлашиш учун қўяётган бу каби қадамлари Россияни ғазаблантиради, албатта. Негаки Россия Қирғизистон миллий махсулотининг ўсишига сабаб бўлаётган деярли ягона ташқи давлат эди. Мигрантлар меҳнати ва шу меҳнат баҳоланган маълум миқдордаги оқиб келаётган молиявий киримлар ўша фуқароларнинг ватани бўлган давлат учун миллий махсулот ҳисобланади. Қирғизистоннинг миллий валютасининг муайян миқдорда ўз қувватини сақлаб туришида шу миллий махсулотимиз бўлган фуқароларимиз меҳнатлари эвазига кириб келаётган валюталарнинг хиссаси жуда катта. Қирғизистон давлати Россияга айнан шу каби мигрантларга алоқадор муаммолари билан боғланиб қолган.

 АҚШнинг юқоридаги лойиҳаси айнан шу боғланиш ришталарини узиб юбориш асосида ишлаб чиқилган. АҚШ муайян миқдордаги Қирғиз фуқороларини ўз юртига олиб кириб олиши ва улар томонидан жўнатилаётган молиявий қийматлар Қирғизистоннинг Россияга бўлган эҳтиёжини бир мунча заифлаштиради.

 Бундан ташқари, юқоридаги биринчи визани қўлга киритган аёл инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси эканлиги сабабли Қирғизистон фуқоролари ичида шу соҳа ва шунга ўхшаш АҚШ манфаатлари учун хизмат кўрсатаётган соҳаларга қизиқиш орта бошлайди. Чунки, айнан ана шу қатламдаги зиёлилар учун АҚШ визалари ҳеч қандай муаммосиз берилади.

 Шу билан бир қаторда АҚШ томонидан Қирғизистонга кириб келадиган АҚШ фуқаролари ҳам аввал сақофий уйғунлик пайдо қилиш учун қаттиқ ҳаракат олиб боришади. Улар ўрта ва олий билим юртларида семинар ва лекциялар уюштиришади. Сўнг инвестиция ва қўшма корхоналар олиб кириш орқали ўз мулкларини ҳимоя қилиш баҳонаси билан Қирғизистонни ўзи учун стратегик аҳамиятли ҳудуд қилиб олади. АҚШ минтақадаги ўз манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида бутунлай Қирғизистонни босиб олиш имкониятини қўлга киритиб олмоқчи.

 Бу АҚШнинг одатий мустамлака қилиш лойиҳаси бўлиб, бунга дунёда мисол қилиб келтириш мумкин бўлган давлатлар жуда кўп. Лекин АҚШнинг бу лойиҳалари амалга ошиши учун Қирғизистонни қандай ҳолат ва шароитлар кутаётгани  маълум эмас. Чунки Россия билан АҚШнинг Ўрта Осиёдаги манфаатлари Қирғизистонда тўқнашяпти. Улар нималарга, қандай хунрезликларга қодир эканликларини Сурия ва Украинада содир бўлаётган ишларда кўриб турибмиз. Бу жараён Қирғизистонда қандай кечиши мумкин эканлигини ҳозирча аниқ айтиш қийин. Лекин ҳозирча услуб ва ҳаракатлар аввалгиларникидан деярли фарқ қилаётгани йўқ.

 Россиянинг ҳаракатларини аввалдан англаб олиш бир мунча қийинроқ. У қўпол, кутилмаганда ва муайян бир қолипга ётмаган услублар билан иш олиб боради. Чунки Россиядаги етакчи гуруҳ советлар иттифоқидан қолган сиёсий элитани деярли йўқ қилди. У элитанинг иш олиб бориш услублари бир меъёрда, аниқ ва белгили эди. Ҳозир Россиянинг халқаро сиёсатдаги ўрни ҳам, мустамлака қилиш ёки мустамлака давлатларини ушлаб қолиш ва ушлаб туриш услублари ҳам ўзига хос белгили бир йўналиш билан олиб борилмайди.

 Шунинг учун Қирғизистон ҳукумати АҚШ билан ҳисоблашишга мажбур бўлган ҳолатда ўз аро алоқаларини кучайтираётиб, Россия томонидан қайси услубда ва қандай зарба келиб қолиши мумкин эканлигини аниқ билмай, доимий хавотирда туради.

 Юқоридаги виза бўйича имзоланган лойиҳа Қирғизистон учун ўта манфаатли бўлиши мумкин. Аммо  Россия бу каби ишларни АҚШни унинг худудига, хусусий мулки қатори бўлган юртга ёки атайин иқтисодий ночор ахволда ушлаб туриш билан мустамлака қилиб келаётган қўл остидаги давлатга бостириб кириши деб баҳолайди. Шунга қарамай Россия томонидан кутиладиган навбатдаги зарба бевосита АҚШга эмас, Қирғизистонга қаратилади.

Хизб-ут Тахрир Қирғизистон матбуот бўлими раиси

03.05.2015.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here