БМТнинг гуманитар масалалар бўйича агентлиги маҳаллий манбаларга таяниб хабар қилишича, Саудиянинг Яманга қилган ҳужуми оқибатида 150 минг киши уй-жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Бу эса БМТ тахмин қилганидан 50%га ортиқдир. Соғликни сақлаш тизимининг маълум қилишича, 19 мартдан 13 апрелгача 767 киши ҳалок бўлган. Озиқ овқат тақчиллигидан азият чекаётганларнинг сони 12 миллионга етган.
Бугунга келиб Саудия ўзи хонавайрон қилган Яманга 274 миллион долларлик инсоний ёрдам беришга қарор қилди. Саудия расмий ахборот агентлиги “SPA”нинг хабар қилишича, Риёз ҳукумати Яман халқининг ёнида турганлигини қайд этиб, БМТнинг чорлови балан Яманга ёрдам беришга қарор қилган.
“Саудия Арабистони БМТ воситасида Ямандаги оғир инсоний вазиятга дастак бўлиши учун 274 миллион долларлик ёрдам кўрсатишга қарор қилди”, дейилади хабарда.
БМТ ўтган халқаро йиғилишда кураш давом этаётган Яманнинг 7,5 миллион аҳолисига 273,7 миллион долларлик ёрдам кўрсатиш зарурлигини очиқлаган эди. Куни кеча “буз” деган буйруқни олиб Яманни вайрон қилган Саудия бугун “ёрдам” буйруғини олди.
Айни пайтда АҚШ президенти Барак Обама Саудия қироли Салмон бин Абдулазиз билан телефон орқали суҳбат ўтказди. Суҳбатда асосан Ямандаги вазият муҳокама қилинди. Икки раҳбар БМТ хавфсизлик кенгашидан ўтган Яман лойиҳасини ҳам муҳокама қилишди. Шунингдек, Яманда сиёсий ўзгаришлар ясашга қаратилган ҳаракатлар, шу жумладан БМТ тарафидан олиб бориладиган учрашувларга доир келгусида ташланадиган қадамлар ҳақида ҳам гаплашиб олишди.
Суҳбат чоғида Обама ва қирол Салмон Яманда доимий тинчликни сақлаш ва муаммога сиёсий ечим топиш борасида ҳамфикр эканликларини қайд этишди. Ҳужум оқибатида инсоний ёрдамга мухтож яманликларнинг аҳволи ҳақида ҳам гаплашиб олинди.
Оқ уйдан берилган баёнотга кўра, Обама Қирол Салмон билан ўтказган суҳбатида АҚШ ва Саудия ўртасидаги кучли дўстона муносабатни яна бир бор тасдиқлаб, Саудия давлат хавфсизлиги борасида АҚШнинг мажбуриятларига алоҳида урғу бериб ўтди.