Кремл расмий сайти хабарига асосланиб “lenta.ru” сайтининг маълум қилишича, Россия президенти Владимир Путин Эронга С-300 ракета мажмуаларини етказиб беришга қўйилган чекловни бекор қилган.
“Бу қарорга кўра, Россиядан Эрон ислом республикасига ҳаво йўллари, қуруқлик ва сув орқали C-300 ракета қурилмаларини етказиб бериш бўйича ўрнатилган тақиқ бекор бўлади. Энди Россия байроғи остидаги кемалар ва самолётлар ва бошқа юк ташувчилар орқали Эронга шундай ракеталарни етказиб бериш мумкин”, дейилади хабарда.
Россия президенти Дмитрий Медевдев 2010 йилнинг сентябр ойида БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан қабул қилинган резолюция доирасида Эронга C-300 ракета мажмуаларини етказиб беришга таъқиқ ўрнатган эди. Аслида БМТ ХК қабул қилган резолюция ракета мажмуаларини етказиб беришни ман қилмаган (чунки бу мудофаа қуроли ҳисобланади) эди. Аммо расмий Кремл АҚШ билан алоқаларини илиқлаштириш мақсадида кескинроқ чора кўрган эди.
Бу эса ўз навбатида Эронга жўнатиш учун тайёр ҳолга келтирилган С-300ПМУ-1 ракета тизимининг беш дивизионини (2007 йили тахминан 800 миллион долларлик келишувни) тўхтатиб қўйилишига олиб келган. Расмий Техрон Москванинг бундай қарорини кескин танқид қилиб, Женевадаги халқаро арбитраж судига даъво аризаси киритган, даъво аризасида Россия келишув шартларини бажармаганлиги сабабли тўрт миллиард доллар товон пули тўлаши талаб қилинган эди.
Бироқ, Россиянинг ўша вақтдаги президенти Медведев томонидан киритилган чеклов С-300 ракета мажмуаларини қайси турини ўз ичига олиши аниқ кўрсатилмаган эди. Шу сабабли ҳам С-300ПМУ-1 етказиб бериш таъқиқланганидан ҳеч қанча вақт ўтмай, Россия Эронга С-300ВМ ракета мажмуаларини сотиб олишни таклиф қилган.
Россия президенти Владимир Путин томонидан қабул қилинган қарор, АҚШ бошчилигидаги “олти қудратли давлати” халқаро санкцияларни юмшатиш эвазига Эроннинг ядровий дастурини қисқартириш борасида битим имзоланганидан икки ҳафта ўтиб қабул қилинди.
Россия Хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Николай Патрушевнинг маълим қилишича, ракета мажмуаларини жўнатишга тайёргарлик олти ойга чўзилиши мумкин.