Саудия Арабистони ва унинг минтақадаги иттифоқдошлари чоршанба оқшомида Яманга қарата ҳарбий амалиёт бошлаган эди. Ҳарбий амалиётда Эрон тарафидан дастакланаётган Ҳусилар назорати остидаги Санъо шаҳри ҳаводан нишонга олинди. Саудияга кўра, бу ҳужум Яманнинг қонуний президенти Абдурробби Мансур Ҳодинининг талаби билан амалга оширилмоқда.
Саудия Арабистони мудофаа вазирлигининг сўзчиси Генерал Аҳмад Ҳасан Асири Яманга қарата бошланган ҳаво ҳужуми мақсадга эришилгунга қадар давом этишини билдирди. Қуруқлик ҳаракати режаси ҳануз йўқлигини очиқлаган генерал, “Аммо зарурат туғилганда биз тайёрмиз”, деди.
Генерал Аҳмадга кўра, ҳарбий амалиётдан кўзланган мақсад Ямандаги қонуний ҳукуматни қайта тиклаш, давлат раҳбари Абдурробби Мансур Ҳодини мамлакатнинг қонуний президенти сифатида мансабига қайтариш, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни янгидан изига солишдир. Генерал Аҳмад Яманнинг манфаатига ва барқарорлигига зарар келтирадиган шаклда ҳеч кимнинг Ҳусиларга ёрдам беришларига имкон бермаслигини ҳам қўшимча қилди.
Эрон ҳукумати Саудия Арабистонининг Яманга қилган ҳужумини қаттиқ танқид остига олиб, ҳужумлар дарҳол тўхтатилишини талаб қилмоқда. Эрон ташқи ишлар вазирлигининг сўзчиси Марзия Афҳам ҳарбий аралашув вазиятни янада чигаллаштиришини ва инқирознинг бошқа минтақаларга ҳам ёйилишига сабаб бўлишини ҳамда муаммонинг тинч йўл билан ҳал қилиниши имконини йўққа чиқаришини билдирди. Эронлик депутат Алоуддин Буружерди ҳам “Саудия Арабистони Яманда ёққан уруш олови бутун минтақага ёйилади”, деди.
Охирги олинган хабарларга кўра, Араб давлатлари тарафидан ташкил қилинган “Барқарор бўрон” номли ҳарбий амалиёт доирасида амалга оширилган ҳаво ҳужумларда Яман пойтахти Санъо ва Саба шаҳарларидаги Ҳусиларга ва собиқ президент Али Абдуллоҳ Солиҳ режими тарафдорларига қарашли стротегик нуқталар нишонга олинган.
Гувоҳларнинг билдиришича, ҳаво ҳужумларида “Ас-Сабаҳа” лагери ҳам бомбаланган. Собиқ президент Али Абдуллоҳ Солиҳнинг ўғли Аҳмад Али Абдуллоҳ Солиҳнинг назорати остида бўлган бу лагерда аксарияти Америка тарафидан Яман армиясини дастаклаш учун юборилган замонавий қуроллар сақланганлиги айтилмоқда. Гувоҳларга кўра, махсус кучлар лагерлари шунингдек, пойтахт Санъонинг жануби ва Ғарбида жойлашган ҳарбий нуқталар ҳам ҳаво ҳужумларига учраган.
Бу орада Ансоруллоҳ ҳаракатининг маркази ҳисобланган шимолдаги Саба шаҳрига қарашли Каттаф шаҳрида жойлашган 131 лагер ҳам бомбаланганлиги хабар қилинмоқда.