АҚШ Қуролли учлари Қўшма марказий қўмондонлиги ҳомийлигида фаолият юритадиган “centralasiaonline.com” сайти хабарига таяниб “sharh.uz”нинг маълум қилишича, Ўзбекистон ҳукумати “ИШИД” террорчиларининг Афғонистондаги фаоллашувидан хавотир олмоқда.
Бу ҳақда МХХ таҳлилчи ходими Бахтиёр Шарафовнинг айтишича, “ИШИДнинг “Марказий Осиё дарвозаси”да пайдо бўлиши қўпорувчилик ва ҳарбий операцияларнинг хавфини оширмоқда”.
Унинг сўзларига кўра, Афғонистон хавфсизлик кучлари маълумоти бўйича “ИШИД” жанггарилари Туркманистон чегарасига яқин ҳудудда яширинган ва Ўзбекистон чегараси яқинида фаоллашмоқда.
Ўзбекистон МХХсининг маълумотига кўра, ҳозирги вақтда “ИШИД” томонида қарийб 5 минг аъзога эга “Ўзбекистон Ислом ҳаракати” террорчи гуруҳи жанг олиб бормоқда. Хабарларга кўра, улардан ярми айнан ўзбекистонлик (Афғон ўзбеклари эмас) бўлиб, террорчи гуруҳ сафларига жалб қилинганлардир.
Маълум қилинишича, март ойида, хусусан Наврўз байрами ва 29 мартда бўлиб ўтадиган сайлов арафасида террорчиларнинг Ўзбекистон ҳудудида қўпорувчиликларни амалга ошириш хавфи мавжудлиги таъкидланмоқда.
Туркистон:
АҚШ ҳукумати ўн йилдан ошиқ вақт мобайнида “Ал-Қоида” ва бу ташкилот етакчиси Усома бин Ладенни бутун дунёга “олабўжи”қилиб кўрсатиб келган бўлса, энди навбат “ИШИД” ташкилоти ва унинг раҳбари Бағдодий орқали дунёни қўрқув остида ушлаб туришга келди. Америка маъмурияти бу ташкилотни дунёга реклама қилишда бевосита ўзи етакчилик қилиб келмоқда. Сўнги ойлар мобайнида “ИШИД” таҳдиди ҳақида ёзмаган бирорта сайт, АҚШ разведкаси маълумотларига таянган ҳолда турли тахлил ва изоҳ бермаган бирорта ҳам эксперт қолмади ҳисоб.
Бундай маълумотлар ва экспертлар тахлили айниқса Марказий Осиёдаги мустабид ҳокимлар учун жуда қўл келмоқда. Бу мустабид ҳокимлар Ислом ва мусулмонларга қарши курашда бундай ваҳима ва тахлиллардан унумли фойдаланиб қолишга итилишиб, айниқа Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати улоқни ҳеч кимга бермай келмоқда.
Ислом ва мусулмонларга нисбатан эътиқодий душман бўлган Каримов шундоқ ҳам турли тамға ва атамалар билан мусулмонларни қирғин ва таъқиб қилиб келаётган эди. Энди эса АҚШ томонидан ёқиб берилган яшил чироқ натижасида шундоқ ҳам чўққисига чиқиб бўлган зулмларни янада кучайтириш имконига эга бўлиб турипти. Айнан мана шундай “таҳдид ва хавотир”лар баҳонасида ўзбек куч органлари ўзлари бирор бир қўпорувчилик амалиётини содир этишлари ва қўрқув остида ушлаб турилган халқни янада эзиш имконига эга бўлиб олишлари мумкин.