Либерман: Бизга қарши арабларнинг бошларини чопиб ташлаш керак

0
519

Исроил ташқи ишлар вазири Авигдор Либерман Герцлия шаҳрида ташкил қилинган сайлов олди йиғилишида нутқ сўзлаб, ўзининг партиясига қарши бўлган арабларни болталаб ташлаш билан таҳдид қилди.

“Исроиллик араблардан бизга қарши бўлганларнинг бошларини болта билан чопиб ташлаш керак. Акс ҳолда бу тупроқларда Исроил, деган нарса қолмайди”, деди Исроил ташқи ишлар вазири.

Авигдор Либерман “Некб” куни ҳақида оғиз очар экан, бу кунда байроқ кўтариб кўчага чиққан фаластинликларнинг ҳам Исроилдан қувғин қилинишига ишора қилди.

“Некб кунида Фаластин байроғини кўтариб юрганлар бу ердан кетсинлар. Мен уларни Абу Мозинга (Фаластин президенти Маҳмуд Аббосга) ҳадя қилишга тайёрман ва бундан ғоят мамнун бўламан”, деди Либерман.

“Некб” куни фаластинликлар назарида ўта қайғули кун ҳисобланади. Чунки бу кун Исроил давлати тикланган кундир. Шу боис бу кунни қоралаб кўчаларга байроқ кўтариб чиқиш фаластинликларнинг одатига айланган. Исроилликлар эса бу кунни байрам сифатида нишонлашади.

Шунингдек Либерман Исроил ва Фаластин ўртасидаги битим жараёни ҳақида сўз очар экан, фақатгина Фаластин эмас, балки барча араб давлатлари тинчлик ҳақида бош қотириши лозимлигини таъкидлади.

“Тинчлик икки давлат орасида таъминланиши мумкин эмас. Фаластинликлар тинчликни хоҳлашса бутун араб давлатлари ва Исроилдаги араблар ҳамда фаластинликлар бир бўлиб минтақавий тинчлик барпо қилмоқлари лозим”, дея қайд этди у.

Баъзи араб давлатлари Исроилни эмас, жиҳодий гуруҳларни ўзлари учун ҳақиқий таҳдид деб билишини урғулаган Либерман бу вазиятдан донолик билан фойдаланиб қолиш кераклигини олға сурди. Либерманга кўра, Исроил давлатининг ичида араблар яшайдиган шаҳарларни Фаластинга қайтариш керак. Қуддусдан 80 км узоқликда Исроилнинг шимолида жойлашган Умми Фаҳм шаҳри Исроилнинг бир парчаси бўлиб қолишига ҳеч бир сабаб қолмаган.

Умми Фаҳм шаҳри Иордания билан тузилган оташкесим битимига биноан 1949 йилда Исроилга тортиқ қилинган эди. Бу шаҳар аҳолиси сонига кўра, Насира ва Раҳт шаҳарларидан кейин Исроил ичидаги 3 ўриндаги араблар кўп яшайдиган шаҳар ҳисобланади.

NO COMMENTS