Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган электр энергияси ички эҳтиёжни қоплашга етарли эмасми?

495
0

 Охирги ўн йилдан зиёд вақт давомида Ўзбекистон халқи таббий газ ва электр энергияси таъминотида узилишлар бўлиши мумкин эмаслигига хатто ишонмай ҳам қўйди. Ўзбекистон ҳукумати гарчи “мустақиллик”нинг дастлабки йилларида чекка қишлоқларга қадар газ қувурларини тортишга кучли ахамият қаратган бўлсада, тортилган бу қувурлардан аксариятидан газ узатилмай туриб қайта узиб ташланди. Нафақат чекка қишлоқ аҳолиси, хатто шаҳар ва вилоят марказларида яшовчи одамлар узликсиз газ етказиб берилишини орзу ҳам қилмай қўйишди. Ҳолбуки Ўзбекистон газ қазиб олиш бўйича дунёда 11 ўринни эгаллайди ва ҳар йили 60-65 млрд метр.куб газ қазиб олади.

 Газ таъминотидаги узилиш ва чекловлар етмаганидек Ўзбекистонда электр энергияси билан боғлиқ вазият ҳам йил сайин абгор ҳолатга тушмоқда. Ўтган йилларда асосан вилоятларда электр тақчиллиги кузатилган бўлса 2013-2014 йилларга келиб бу муаммо пайтахт Тошкент шаҳрини ҳам ўз домига тортди. Чекка қишлоқ ва шаҳарлардаги ахвол эса йиғлагундек даражада бўлиб суткасига 1-2 соатдан, сал “инсофлироқ” одам раҳбар бўлган жойларда эса 4-5 соатдан электр ёруғлиги берилиши одатий ҳолга айланиб бўлди.

  “Ўзбекэнерго” ширкати сешанба куни эълон қилган ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда ўтган 2014 йилда 55 миллиард киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Бу кўрсаткич 2013 йилга солиштирганда 3 фоизга ошган. 2013 йилда Ўзбекистонда 53,2 миллиард киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Расмий хабарларга кўра, Ўзбекистоннинг электр энергиясини ишлаб чиқариш салоҳияти йилига 56-57 миллиард киловатт/соатни ташкил этади.

 Хўш, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси ички эҳтиёжни қоплашга етарли эмасми?

 Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2013 йилнинг 22-23 ноябр кунлари бўлиб ўтган Осиё қуёш энергияси форумининг олтинчи йиғилишидаги нутқида “Ўзбекистоннинг электр энергиясига бўлган талаби 2030 йилга бориб 2 баробар ошишини ва 105 миллиарддан зиёд киловатт-соатни ташкил этиши”ни айтиб ўтган эди.

 Бундан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистоннинг айни вақтдаги электр энергиясига бўлган талаби 52,5 миллиард киловатт-соатн ташкил этар экан. “Ўзбекэнерго” ширкати эса 2014 йилда 55 миллиард киловатт-соат электр ишлаб чиқарганини хабар қилмоқда. Демак Ўзбекистон халқи кечаю-кундуз, узликсиз электр ёруғлиги билан таъминланган тақдирда ҳам ишлаб чиқарилган электр эренгияси ички эҳтиёждан 2,5 миллиард киловатт-соатга кўп бўлмоқда.

 Бундан эса Ўзбекистонда қазиб олинаётган миллиардлаб куб. метр газни ички эҳтиёжга сарфлаш ўрнига четга сотиб юборилгани каби, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси ҳам эълон қилинмаган келишувларга мувофиқ четга сотилиб кетаётганини хулоса қилиш ҳеч кимга қийин бўлмаса керак?

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here