Тожикистон аҳолисига бир кунга енгиллик берилди

584
0

 “Барки точик” Очиқ акционерлик холдинг компанияси (ОАХК) мамлакатнинг барча аҳоли пунктларига 23 январ куни соат 10:00 дан 12:00 гача узликсиз электр энергияси етказиб берилишини маълум қилди.

 Компания матбуот котиби Нозир Ёдгорийнинг “Азия-плюс” нашрига берган хабарига кўра, ўтган йилнинг октябр ойи бошларида электр энергиясига жорий этилган чекловларга бундай енгиллик киритилишга Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг айнан шу вақтда қиладиган мурожаати билан боғлиқ.

 “Президентнинг парламентда қиладиган мурожаати мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётида энг муҳим воқеалардан бўлиб, одамлар жонли эфирда томоша қилишлари мумкин бўлади”, – деди Ёдгорий.

 Унинг сўзларига кўра, 23 январ куни кеч соат 20 дан 22 гача мамлакатнинг барча телеканаллари президент мурожаатини қайта намойиш этади. Бу вақтда эса аҳоли пунктлари электр энергиясини белгиланган меъёр бўйича олишади.

 Расмий ҳукумат томонидан қабул қилинган анъанага биноан, барча давлат муассасалари ходимлари давлат раҳбарининг парламентдаги чиқишини мажлислар залида телевизор орқали томоша қилишади.

 Туркистон:

Узоқ йиллардан буён нафақат қиш фаслида, хатто ёз ойларида ҳам электр энергияси тақчиллигига учрайдиган Тожикистон Афғонистонга йилига 1 млрд. квт/соат электр энергияси сотади. Расмий маълумотларга кўра, Тожикистоннинг йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятлари 527 млрд квт/соат бўлиб, Марказий Осиё минтақасида сарфланадиган электр энергияси ҳажмидан 3 баравар ортиқдир. Аммо шунга қарамай тожикистонлик оддий халқ суткасига 2-4 соат электр ёруғлиги билан таъминланади холос.

 Расмий ҳукуматнинг 23 январ куни аҳолига кўрсатаётган “ҳиммати” эса президентнинг йўллайдиган мурожаати билан боғлиқ экан. Компания расмийси Ёдгорийнинг  “Президентнинг парламентда қиладиган мурожаати мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётида энг муҳим воқеалардан” эканлигини таъкидлаб ўтган бўлсада, аммо жамиятни ижтимоий, иқтисодий ва маданий ривожланиш учун зарур бўлган электр энергиясидан маҳрум қилинган халқ билан ҳеч кимни иши йўқ.

 Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳам ҳудди Каримов 16 январ куни вазирлар махкамаси мажлисида сўзлаган нутқида “Бугунги кунда Ўзбекистондаги оилаларнинг 94 фоизи холодильникларга, 84 фоизи турли ошхона электр жиҳозларига, 63 фоизи кир ювиш машиналари, ярмидан кўпи компьютер, чангютгич, микротўлқинли печларга эга, учдан бир қисми эса кондиционерларлан фойдаланаётганини” айтиб оғиз кўпиртиргани каби халқнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирса керак. Бу президентлар ўлчови бўйича фаравонлик белгиси бўлган бу нарсалардан фойдаланиш учун электр энергияси бўлмаса, уларга эга бўлишдан нима фойда?     

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here