Қирғизистон ҳукумати матбуот хизматининг хабар қилишича, 16 январ куни соат тахминан 22:50да Қирғизистоннинг Тожикистон билан чегарадош Лайлак туманидаги “Айкол” чегара заставасига номаълум қуролланган шахслар томонидан ҳужум уюштирилди.
Ҳужум оқибатида чегара заставаси бошлиғи, катта лейтенант Т. М. Исмаилов ҳалок бўлди, чегара заставаси бошлиғининг ўринбосари, лейтенант Н. Р. Осмонов ва оддий аскар Ж.Сағинбай ўғли яраланди.
Енгил яраланган Ж.Сағинбай ўғлига Исфана шаҳридаги касалхонада тиббий ёрдам кўрсатилган бўлса, ахволи оғир бўлган Н. Р. Осмонов Ўш шаҳридаги касалхонага олиб келинган.
Юз берган ҳодиса туфайли чегарани қўриқлаш кучайтирилди. Ҳодиса тафсилотлари ўрганилмоқда.
Президент Алмазбек Атамбаев ҳалок бўлган чегарачининг яқинларига таъзия изҳор қилди, яраланган чегарачиларга тезроқ тузалишларини тилади. Шунингдек, президент ҳуқуқ-тартибот органларига чегара заставасига ҳужум қилганларни аниқлашга кўрсатма берди.