Туркиянинг божхона ва тижорат вазири Нуниддин Чаникли парламентда депудат Сайфиддин Йилмазнинг ташқи тижорат ҳажмига алоқадор саволларига жавоб берди. Савол асосан 2003 йилдан бошлаб жорий йилнинг сентябр ойига қадар Туркия ва Исроил ўртасидаги тижорий алоқалар хусусида борди. Нуниддин Чаниклининг жавобларидан Туркиянинг Исроил билан тижорий алоқалари ҳажми мазкур давр ичида сезиларли даражада ўсганлиги маълум бўлди.
Дeпутат Йилмаз парламентда Туркиянинг божхона ва тижорат вазирига Туркия ва Исроил ўртасидаги тижорат ҳажми ҳақида савол беришидан аввал Исроил элчиси Шай Коэннинг баёнотини эслатиб ўтди. Исроил элчиси ўзининг баёнотларидан бирида “Икки давлат ўртасидаги сиёсий вазиятга қарамай, тижорий алоқалар давомли ўсиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз. 2014 йилда икки тарафлама тижорат ҳажми 5 миллиард долларга етди. Бу эса икки давлат ўртасидаги тижорат ҳажмининг бугунгача етган энг юқори кўрсатгичидир”, деган эди.
Божхона ва тижорат вазири Нуниддин Чаникли берган жавобга кўра, Туркия 2003 йилда Исроилга 1 миллиард 608 миллион лиралик мол экспорт қилган бўлса, 2014 йилнинг сентябр ойига келиб Исроилга қилинган экспорт ҳажми 4 миллиард 954 миллион лирагани ташкил қилган. Шунингдек, Исроилдан Туркияга импорт қилинган товарлар 2003 йилда 687 миллион 943 минг лирани ташкил қилган бўлса, бу рақам 2014 йилда 4 миллиард 776 миллионга етган.
Депутат Сайфиддин Йилмазнинг таъкидлашича, Туркия ҳукумати Исроилнинг Фаластин аҳлига нисбатан зулмларини қаттиқ қоралаб, унинг шаънига оғир гапларни айтиб келаётганига қарамай, Туркия – Исроил ўртасидаги алоқалар рисоладагидек давом этмоқда.
“2011 йилда Ғазога Инсоний ёрдам олиб бораётган Мови Мармара кемасига Исроил ҳарбийлари тарафидан уюштирилган ҳужумдан сўнгра Туркия ҳукумати ҳар бир баёнотида Исроил билан алоқалари ўта таранглашиб бораётгани ва ҳеч бир соҳада алоқа ўрнатмаётлиги ҳақида айтиб келди. Аммо ҳукуматнинг Исроил билан алоқаси ўзи даъво қилганидек, таранг эмаслиги муҳтарам Чаниклининг саволларимизга берган жавобларидан маълум бўлди. Бош вазир бу жавоблари билан айни пайтда Исроил билан олиб борилаётган тижорат ҳажмининг жуда сезиларли даражада ўсганлигини расмий равишда тан олди”, деди Йилмаз.