Евроосиё иттифоқи кучга кирди

0
607

Эски совет иттифоқи таркибида бўлган Россия, Қозоғистон ва Белорусия бошчилигида ташкил қилинган Евроосиё иттифоқи январ ойининг бошидан эътиборан кучга кирди. Белорусия президенти Александр Лукашенко Евроосиё интеграциясининг янги бошланғичи сифатида ташкил қилинган иттифоқнинг илк раҳбари этиб тайинланди.

Ўтган май ойида Россия президенти Владимир Путин, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва Белорусия президенти Александр Лукашенко тарафидан имзоланган битимга биноан ташкил қилинган Евроосиё иттифоқига биринчи бўлиб Арманистон аъзо бўлган. Бир қанча юзаки баҳс мунозарадан сўнг Қирғизистоннинг ҳам 2015 йил май ойида аъзо бўлиши белгиланди.

Ўзбекистон ва Туркманистон бу иттифоққа аъзо бўлмаслигини билдиришган. Тожикистон эса бироз аввал ўзига таклиф келиб тушганлигини ва бу таклифни юқори баҳолашини билдирган эди.

Баъзилар Евроосиё иттифоқини “собиқ совет иттифоқини янгидан жонлантириш”, дея баҳолаб унга нисбатан танқидлар ёғдирган эди. Бу мавзуда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбав совет иттифоқининг янгидан қайта тиклаш мумкин бўлмаган иш эканлигини таъкидлар экан, бундай фикр юритувчиларни ахмоққа чиқарди.

“Фақат эси пастлар божхона иттифоқи собиқ совет иттифоқини жонлантириш ва қайта тиклаш мақсадида ташкил қилинган, деб ўйлаши мумкин”, деди Қозоғистон президенти.

Бу иттифоқнинг даъво қилишича, 180 миллионлик аҳолига хитоб қилиб, ўзига аъзо бўлган давлатларнинг фуқароларига эркин тижорат ва иш топиш имкониятини тақдим қилади.

Евроосиё иттифоқи Қозоғистон ўз мустақиллигини эълон қилган пайтларда илк бор президент Назарбоевнинг оғзидан чиққан эди. Бу таклифнинг шакли ва моҳияти бироз ўзгартирилиб 2014 йилда Путиннинг лойиҳаси сифатида фаолиятини бошлади.

Бугунги кунда Путин ва Назарбоев Қозоғистонда биринчи атом электро станциясини барпо этиш тўғрисида келишиб олиш учун учрашув ўтказиши кутилмоқда.



 

NO COMMENTS