Оширилган иш ҳақи қўлга тегмай туриб солиқлар оширилди

0
659

  Ўзбекистон президенти Ислом Каримов қарорига мувофиқ 2014 йилнинг 15 декабридан эътиборан иш ҳақи ва нафақалар миқдори яна бир бор оширилган ва қабул қилинган бу қарор ҳам одатдагидек,  “республика аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини янада муттасил ошириб бориш, фуқароларга ижтимоий мададни кучайтириш мақсадида” қабул қилингани ва энг кам иш ҳақи  ойига 118 400 сўм, ёшга доир пенсиялар  ойига 231 575 сўм, болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа  ойига 231 575 сўм қилиб белгилангани хабар қилинган эди.

  Бироқ, иш ҳақи оширилиши Ўзбекистон халқини асло қувонтирмай қўйганига анча йиллар бўлди. Бунга сабаб оширилган иш ҳақи ёки нафақа ўз эгалари қўлига етиб келмасдан бурун бозорлардаги нарҳ-наво, тўлов ва солиқлар оширилишидир.

  Бу сафар ҳам ҳукумат ўз одатига зид иш тутмади. Куни кеча президент қарори билан 2014 йилнинг 1 январидан бошлаб 1 литр бензин ва дизел ёқилғиси учун истеъмол солиғи 25 сўмга оширилган эди. Энди бўлса 1 январдан бошлаб даромад солиғи ҳам оширилгани хабар қилинди. Мазкур қарорга кўра, жисмоний шахсларга солинадиган солиқ миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг беш баробаригача (118.400 сўмдан 592.000 сўмгача) бўлган даромаддан 8,5 фоиз қилиб белгиланди. Шу пайтгача амал қилган қонунга мувофиқ фуқаролар 7,5 фоиз даромад солиғи тўлар эди. Бундан ташқари, фуқаролардан бюжетдан ташқари пенсия жамғармасига ундириладиган мажбурий суғурта тўлови ҳам оширилиб, эндиликда фуқаролар 6,5 фоиз ўрнига 7,7 фоиз тўлайдиган бўлишди.

 Ҳукумат ҳиммат қилиб, энг кам иш ҳақи миқдоридан камроқ маош оладиганларга даромад солиғи солмади. Демак, Ўзбекистон фуқароси фақат қашшоқ ва бир бурда нонга зор бўлиб яшаган тақдирдагина солиқ тўламайдиган бўлди.

NO COMMENTS