Хитой ҳукумати зохирда ўзини Россия билан ҳамкордек қилиб кўрсатишга интилсада, ботинда Марказий Осиёдан Россия нуфузини сиқиб чиқаришга қаттиқ интилаётгани кўпчилик учун сир бўлмай қолди.
Хитой ҳукумати ўз мақсадини амалга ошириш учун мазкур минтақадаги давлатларни иқтисодий жиҳатдан қарам қилиб олишга жиддий эътибор қаратмоқда. Бугунги кунда Хитой билан йирик иқтисодий лойиҳалар бўйича шартнома тузмаган бирорта ҳам респубдика қолмади. Бу йўлда Хитой Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)дан ҳам фойдаланишга ҳаракат қилмоқда.
Аслида ШҲТ минтақавий хавфсизликни таъминлаш мақсадида ташкил этилган бўлсада, бироқ сўнги вақтларда бу тузилма доирасида иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи ҳам тез-тез кўтарилмоқда. Табиийки бу янги лойиҳа ташаббусчиси Хитой давлати бўлмоқда. Бундан бир неча йил олдин ШҲТга аъзо давлатлар тараққиёт банкини ташкил этишга келишиб олишган эди. Аммо Россия ва Хитой ўртасида банк модели юзасидан қарама-қаршиликлар мавжудлиги сабабли бу лойиҳани амалга оширишни имкони бўлмай келаётган эди.
Бироқ, Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида 14-15 декабр кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар бош вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур йиғилишда ташкилотга аъзо давлатлар ШҲТ тараққиёт банкини ташкил этиш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олишгани ва тегишли ҳужжатга ҳукумат раҳбарлари имзо чекишгани хабар қилинди.
Маълум бўлишича, ташкил этиладиган банкнинг устав жамғармаси 10 миллиард долларни ташкил этиб, ташкилотга аъзо давлатлар улуши ялпи ички махсулот (ЯИМ) миқдорига мутаносиб тарзда тақсимланади. Асосий молиячи Хитой давлати бўлгани сабабли хитойликлар банкнинг Штаб-квартираси Пекинда бўлишини таклиф қилишди.
Бундан ташқари Хитой ҳукумати “Буюк ипак йўли”ни қайта тиклаш учун устав жамғармаси 40 миллиард доллар бўлган фонд ва жамғармаси 50 миллиард долларни ташкил этувчи Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкини ташкил этган эди.
Мана шундай иқтисодий лойиҳалардан фойдаланган ҳолда Хитой ҳукумати Марказий Осиёда ўз нуфузини кенгайтириб, Россия дуч келиб турган муаммолардан унумли фойдаланиб қолишга интилмоқда.